Муздалифада...
Бу ерда дунёнинг сохта ялтироқлари — бойлик, мансаб ва мавқе ўз қийматини йўқотади. Бу муқаддас заминда вазир билан оддий ишчи, кучли билан ожиз, хаста билан соғлом бирдай, бир майдонда ёнма-ён тизилади. Ҳамманинг эгнида бир хил либос, ҳамма бир хил қиёфада: икки парча оқ матога уралган... Бу манзара банда кун келиб Рабби ҳузурига мана шундай ҳолда, ҳеч вақосиз ва ёлғиз борадиган ҳисоб кунини эслатади.
Бош устида том ўрнига очиқ осмон, атрофда эса миллионлаб одамларнинг чарчоқли юз-кўзлари... Дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида инсон ўзининг тирик эканини, банда эканини ва айнан мана шу лаҳзада Яратганга нақадар муҳтожлигини бу қадар чуқур ҳис қила олмайди – кимдир лаблари титраб Қуръони карим тиловат қилади, кимдир зорланиб, дуога қўл очади, кимдир эса бутун борлиғини муаззам бир сукунатга топшириб, жимгина ётади.
Шу топда, балки узоқ йиллар ичида илк маротаба инсон ўз қалби билан юзма-юз келади, ўз виждони билан гаплашади. Демак, Муздалифа — англаш макони. Бу ерда инсон ўткинчи ҳаёти давомида қанчадан-қанча ортиқча юкларни орқалаб юргани, дунё лаззатларига алданиб қолганларини ҳис этади. Балки бу манзилда уларнинг баридан воз кечиш, тавба қилиш, покланиш ва Аллоҳнинг жамолига лойиқ бўлиш учун фурсат берилар...
Балки мана шу юлдузлар остидаги очиқ осмонда кимдир умрида илк бор ниқобини ечиб, астойдил йиғлаётгандир... Кимдир илк бор баҳоналарни унутиб, чин юракдан тавба қилаётгандир... Ва балки кимдир ҳаётида илк маротаба Аллоҳнинг унга томир уришидан ҳам яқинроқ эканини бутун вужуди билан ҳис этаётгандир. Мана шу ҳис — банданинг энг олий бахтидир.
Аллоҳ таоло қилган ҳаж ибодатларимизни, чеккан заҳматларимизни ва тунги дуоларимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин! Омин.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Алҳамдулиллаҳ – Қуръони каримдаги биринчи калима ва Одам алайҳиссалом айтган илк сўз.
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу – саҳобалардан Исломга энг биринчи кирган ҳур эркак.
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу – ёш болалардан Исломга биринчи кирган.
Хадича бинт Хувайлид розияллоҳу анҳо – аёллардан Исломга биринчи кирган.
Билол ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу – қуллардан Исломга биринчи кирган.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу – озод қилинган қуллардан Исломга биринчи кирган.
Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу – биринчи бўлиб Қуръонни жамлаган.
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу – Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин биринчи бўлиб намоз ўқиган.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу – ҳижратдан сўнг муҳожирлардан дунёга келган биринчи фарзанд.
Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу – Қуръони каримни Маккада биринчи бўлиб ошкора тиловат қилган.
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу: “Набий алайҳиссаломнинг айтган сўзларидан энг биринчи эшитганим: «Эй инсонлар! Саломни ёйинглар! Очларни тўйдиринглар! Силаи раҳм қилинглар! Инсонлар ухлаётган вақтларида, тунда туриб намоз ўқинглар! Шунда жаннатга саломат ҳолатда кирасизлар», деган сўзлар бўлди”.
Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу – Расулуллоҳ алайҳиссалом жанозасини ўқиган ва Бақиъ қабристонига дафн этилган биринчи мусулмон.
Билол розияллоҳу анҳу – биринчи бўлиб азон айтган.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу – биринчи бўлиб денгиз қўшинини тузган.
Қатода ибн Нўъмон розияллоҳу анҳу – Мадинага Қуръони каримдан тўлиқ бир сура (“Марям” сураси)ни ёдлаб олиб келган биринчи киши.
Умму Сулайм розияллоҳу анҳо – Исломни қабул қилган биринчи ансорий аёл.
Даврон НУРМУҲАММАД