Муздалифада...
Бу ерда дунёнинг сохта ялтироқлари — бойлик, мансаб ва мавқе ўз қийматини йўқотади. Бу муқаддас заминда вазир билан оддий ишчи, кучли билан ожиз, хаста билан соғлом бирдай, бир майдонда ёнма-ён тизилади. Ҳамманинг эгнида бир хил либос, ҳамма бир хил қиёфада: икки парча оқ матога уралган... Бу манзара банда кун келиб Рабби ҳузурига мана шундай ҳолда, ҳеч вақосиз ва ёлғиз борадиган ҳисоб кунини эслатади.
Бош устида том ўрнига очиқ осмон, атрофда эса миллионлаб одамларнинг чарчоқли юз-кўзлари... Дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида инсон ўзининг тирик эканини, банда эканини ва айнан мана шу лаҳзада Яратганга нақадар муҳтожлигини бу қадар чуқур ҳис қила олмайди – кимдир лаблари титраб Қуръони карим тиловат қилади, кимдир зорланиб, дуога қўл очади, кимдир эса бутун борлиғини муаззам бир сукунатга топшириб, жимгина ётади.
Шу топда, балки узоқ йиллар ичида илк маротаба инсон ўз қалби билан юзма-юз келади, ўз виждони билан гаплашади. Демак, Муздалифа — англаш макони. Бу ерда инсон ўткинчи ҳаёти давомида қанчадан-қанча ортиқча юкларни орқалаб юргани, дунё лаззатларига алданиб қолганларини ҳис этади. Балки бу манзилда уларнинг баридан воз кечиш, тавба қилиш, покланиш ва Аллоҳнинг жамолига лойиқ бўлиш учун фурсат берилар...
Балки мана шу юлдузлар остидаги очиқ осмонда кимдир умрида илк бор ниқобини ечиб, астойдил йиғлаётгандир... Кимдир илк бор баҳоналарни унутиб, чин юракдан тавба қилаётгандир... Ва балки кимдир ҳаётида илк маротаба Аллоҳнинг унга томир уришидан ҳам яқинроқ эканини бутун вужуди билан ҳис этаётгандир. Мана шу ҳис — банданинг энг олий бахтидир.
Аллоҳ таоло қилган ҳаж ибодатларимизни, чеккан заҳматларимизни ва тунги дуоларимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин! Омин.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Бугун, 4 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саад бин Носир бин Абдуллоҳ Абу Хаймид жанобларини қабул қилдилар.
Мулоқот аввалида Муфтий ҳазратлари элчи жанобларининг юртимиздаги шарафли ва масъулиятли дипломатик фаолиятига муваффақият тиладилар. Суҳбатда икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва дўстона муносабатлари натижасида илмий-тадқиқот, таълим, маънавий-маърифий соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган ҳафтада Президентимиз томонидан элчининг ишонч ёрлиғини қабул қилиш чоғида Саудия Арабистони билан ўрнатилган алоқалар ва зиёратчиларга яратилаётган шароитлар юқори баҳолангани алоҳида эътироф этилди.
Учрашув чоғида диний-маърифий йўналишдаги ҳамкорликнинг ёрқин намуналари қайд этилди. Яқинда юртимизда ўтказилган халқаро форумга Масжид ал-Ҳаром имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд ва Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари Абдураҳмон Зайднинг ташрифи, шунингдек, Тошкент ислом институти устозларининг Макка ва Мадина шаҳарларида малака ошириб қайтгани мамнуният билан тилга олинди. Шу билан бирга, келгусида саудиялик таниқли уламоларнинг ҳам ташрифларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ҳаж ва Умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада юқори савияга олиб чиқиш борасидаги мақсадлар муштарак экани билдирилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди билан хайрия алоқалар эътироф этилиб, маданий-маърифий, илм-фан, ўзаро тажриба алмашиш йўналишларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Томонлар икки халқ ўртасидаги биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва муҳокама қилинган долзарб масалалар бўйича биргаликда саъй-ҳаракат қилишга келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати