Муздалифада...
Бу ерда дунёнинг сохта ялтироқлари — бойлик, мансаб ва мавқе ўз қийматини йўқотади. Бу муқаддас заминда вазир билан оддий ишчи, кучли билан ожиз, хаста билан соғлом бирдай, бир майдонда ёнма-ён тизилади. Ҳамманинг эгнида бир хил либос, ҳамма бир хил қиёфада: икки парча оқ матога уралган... Бу манзара банда кун келиб Рабби ҳузурига мана шундай ҳолда, ҳеч вақосиз ва ёлғиз борадиган ҳисоб кунини эслатади.
Бош устида том ўрнига очиқ осмон, атрофда эса миллионлаб одамларнинг чарчоқли юз-кўзлари... Дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида инсон ўзининг тирик эканини, банда эканини ва айнан мана шу лаҳзада Яратганга нақадар муҳтожлигини бу қадар чуқур ҳис қила олмайди – кимдир лаблари титраб Қуръони карим тиловат қилади, кимдир зорланиб, дуога қўл очади, кимдир эса бутун борлиғини муаззам бир сукунатга топшириб, жимгина ётади.
Шу топда, балки узоқ йиллар ичида илк маротаба инсон ўз қалби билан юзма-юз келади, ўз виждони билан гаплашади. Демак, Муздалифа — англаш макони. Бу ерда инсон ўткинчи ҳаёти давомида қанчадан-қанча ортиқча юкларни орқалаб юргани, дунё лаззатларига алданиб қолганларини ҳис этади. Балки бу манзилда уларнинг баридан воз кечиш, тавба қилиш, покланиш ва Аллоҳнинг жамолига лойиқ бўлиш учун фурсат берилар...
Балки мана шу юлдузлар остидаги очиқ осмонда кимдир умрида илк бор ниқобини ечиб, астойдил йиғлаётгандир... Кимдир илк бор баҳоналарни унутиб, чин юракдан тавба қилаётгандир... Ва балки кимдир ҳаётида илк маротаба Аллоҳнинг унга томир уришидан ҳам яқинроқ эканини бутун вужуди билан ҳис этаётгандир. Мана шу ҳис — банданинг энг олий бахтидир.
Аллоҳ таоло қилган ҳаж ибодатларимизни, чеккан заҳматларимизни ва тунги дуоларимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин! Омин.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
#2025_2026_йиллик_ҳисобот
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 1971 йил ташкил этилган олий диний таълим муассасаси ҳисобланади.
Бугунги кунда институтда:
14 та таркибий бўлимда 91 нафар ходим;
5 та кафедрада 106 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда.
Институтда жами 594 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улардан:
20 нафар магистрант (4 нафар аёл-қиз);
225 нафар бакалавр (57 нафар аёл-қиз);
352 нафар модуль таълим тизими тингловчилари.
Таълим шакллари:
• кундузги бакалавриат;
• кундузги магистратура;
• модуль (махсус сиртқи) таълими.
Таълим муддати:
• бакалавриат — 4 йил;
• магистратура — 2 йил;
• модуль таълимида имомлар — 3 йил;
• имом ноиблари — 4 йил.
Таълим йўналишлари:
Бакалавриат:
• 60220200 — «Исломшунослик»;
• 60220700 — «Теология».
Магистратура:
• 70220701 — «Теология».
Битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади. Ушбу диплом Ўзбекистон Республикасида олий диний таълим соҳасидаги тегишли мутахассисликлар бўйича бакалавр ва магистр даражасини тасдиқловчи расмий ҳужжат ҳисобланади.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй, 100002.
Телефон: (71) 240-03-58
@oliymahad – диний-маърифий канали.
Oliymahad.uz