Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Кечинма

09.06.2026   12835   2 min.
Кечинма

Муздалифада...
Бу ерда дунёнинг сохта ялтироқлари — бойлик, мансаб ва мавқе ўз қийматини йўқотади. Бу муқаддас заминда вазир билан оддий ишчи, кучли билан ожиз, хаста билан соғлом бирдай, бир майдонда ёнма-ён тизилади. Ҳамманинг эгнида бир хил либос, ҳамма бир хил қиёфада: икки парча оқ матога уралган... Бу манзара банда кун келиб Рабби ҳузурига мана шундай ҳолда, ҳеч вақосиз ва ёлғиз борадиган ҳисоб кунини эслатади.


Бош устида том ўрнига очиқ осмон, атрофда эса миллионлаб одамларнинг чарчоқли юз-кўзлари... Дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида инсон ўзининг тирик эканини, банда эканини ва айнан мана шу лаҳзада Яратганга нақадар муҳтожлигини бу қадар чуқур ҳис қила олмайди – кимдир лаблари титраб Қуръони карим тиловат қилади, кимдир зорланиб, дуога қўл очади, кимдир эса бутун борлиғини муаззам бир сукунатга топшириб, жимгина ётади.
Шу топда, балки узоқ йиллар ичида илк маротаба инсон ўз қалби билан юзма-юз келади, ўз виждони билан гаплашади. Демак, Муздалифа — англаш макони. Бу ерда инсон ўткинчи ҳаёти давомида қанчадан-қанча ортиқча юкларни орқалаб юргани, дунё лаззатларига алданиб қолганларини ҳис этади. Балки бу манзилда уларнинг баридан воз кечиш, тавба қилиш, покланиш ва Аллоҳнинг жамолига лойиқ бўлиш учун фурсат берилар...
Балки мана шу юлдузлар остидаги очиқ осмонда кимдир умрида илк бор ниқобини ечиб, астойдил йиғлаётгандир... Кимдир илк бор баҳоналарни унутиб, чин юракдан тавба қилаётгандир... Ва балки кимдир ҳаётида илк маротаба Аллоҳнинг унга томир уришидан ҳам яқинроқ эканини бутун вужуди билан ҳис этаётгандир. Мана шу ҳис — банданинг энг олий бахтидир.


Аллоҳ таоло қилган ҳаж ибодатларимизни, чеккан заҳматларимизни ва тунги дуоларимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин! Омин.
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Навоийда ёш диний соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказилди

07.08.2026   24623   1 min.
Навоийда ёш диний соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030” стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида ёш имом-хатиб ва имом-ноиблар иштирокида “Ёшлар билан бир кун” лойиҳаси ташкил этилди. 
 

Тадбирда Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоев иштирок этиб, ёш кадрлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди.


Учрашув давомида диний соҳа ходимлари олдида турган бир қатор долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан:

  • Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш;

  • Устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлаш;

  • Оилавий ажримларнинг олдини олишда диний-маърифий ёндашувларни кучайтириш;

  • Ёт ғоя ва бузғунчи оқимларга қарши илмий асосланган раддиялар бериш кўникмаларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Мазкур очиқ мулоқот ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишлари учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Навоий вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Навоийда ёш диний соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказилди Навоийда ёш диний соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари