Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Баъзилар Қуръони карим оятлари тиловати билан муолажа қилиш мумкинлиги ва бу Китобда Аллоҳ таоло ваъда қилган шифо хусусиятлари борлиги ҳақида шубҳаланиб, қуйидаги саволларни беради.
Оятлар тиловати қандай шифо бўлиши мумкин? Қуръони карим тиловат қилингандаги овоз бошқа овозлардан қандай фарқ қилади?
Албатта, бу саволлар эгаларини фақат илмий йўл билан берилган жавобгина қониқтиради.
Қуръони карим оятларининг Аллоҳ таолонинг изни билан шифо бўлишда ва таъсир этиш қувватида барча нарсалардан ажралиб турувчи бир неча сабаблари бор. Қуйида айримларини санаб ўтамиз:
1. Қуръони каримда инсонлар ёзган китобларда умуман топилмайдиган ўта нозик ҳамоҳанглик борлиги.
Дарҳақиқат, ундаги ҳар бир калима ва ҳарфлар аниқ ва мустаҳкам тарзда тартиб топгандир. Аллоҳ таоло айтади:
﴿الر كِتَابٌ أُحْكِمَتْ آَيَاتُهُ ثُمَّ فُصِّلَتْ مِنْ لَدُنْ حَكِيمٍ خَبِيرٍ﴾
"Алиф, Лом, Ро. (Бу) оятлари мустаҳкам (қатъий) қилинган, сўнгра ҳикмат эгаси ва (ҳамма нарсадан) хабардор бўлмиш Зот томонидан батафсил баён этилган Китобдир" (Ҳуд сураси, 1-оят).
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, ушбу тартиб етти ва унинг такрорланиши устига қурилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
﴿وَلَقَدْ آَتَيْنَاكَ سَبْعًا مِنَ الْمَثَانِي وَالْقُرْآَنَ الْعَظِيمَ﴾
"Дарҳақиқат, Биз Сизга етти такрорланувчи (етти оятли «Фотиҳа» сураси)ни ва улуғ Қуръонни ато этдик" (Ҳижр сураси, 87-оят).
Жисмимиздаги ҳар бир заррани ўрганадиган бўлсак, у етти (табақа) қатламдан иборат (илмий исботланган). Бу ҳам Аллоҳнинг изни билан оятларнинг жисмимизга шифо бўлиб таъсир кўрсатишини тасдиқлайди. Шунинг учун ҳам, киши ўзига ёки бошқа кишига дам солмоқчи ва дуоларни ўқимоқчи бўлса етти марта такрорлайди.
Фотиҳа сурасининг ажабланарли жиҳати, اللَّه лафзидаги ا, ل ва ه ҳарфлари ушбу сурада 49 марта такрорланади. Бу сон 7 ни 7 га кўпайтмасидан келиб чиқиши маълум. Юқорида ушбу сурани етти такрорланувчи деб номланишини айтиб ўтдик. Гўёки, Аллоҳ таоло 7 рақамига ишора қилиб, ушбу сурани шифо қуввати янада зиёда бўлиши учун етти марта такрорлашга кўрсатма бергандек. Валлоҳу аълам.
2. Қуръон оятлари тиловати товушларининг ўзаро равон ва мутаносиблиги.
Қуръон оятларини тинглаганда унинг оятлари инсон сўзи бўлган ҳар қандай шеър ёки насрдан буткул фарқ қилувчи эканини ҳис этилади. Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَرَتَّلْنَاهُ تَرْتِيلًا﴾
"ва уни тартили[1] билан (равон) ўқиб бердик" (Фурқон сураси, 32-оят).
Ушбу равон ва мутаносиблик инсон бош мияси фаолиятига жуда мувофиқ келади. Чунки Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳар бир нарсаларни ўзига хос, тебранувчи қилиб яратган. Қуръони карим тиловати инсон бош мияси ҳужайраларининг ҳаракатини мўътадиллаштиради. Аллоҳ таоло айтади:
﴿فِطْرَةَ اللَّهِ الَّتِي فَطَرَ النَّاسَ عَلَيْهَا لَا تَبْدِيلَ لِخَلْقِ اللَّهِ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ ﴾
"Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар" (Рум сураси, 30-оят).
Фитрат сўзи иймон яъни, Аллоҳ таоло бандаларини иймон узра яратган. Бошқа бир луғатда фитрат - “туғма хусусият” маъносида ҳам келади. Агар инсон руҳан тушкунликка тушса, ёки касал бўлса, мана шу “туғма хусусият” яъни унинг табиатида ўзгариш содир бўлган ҳисобланади. Уни асл ҳолатига қайтариш ва мувозанатини тиклашда бош мия ҳужайраларини “соғлом” товуш тўлқинлари билан озиқлантириш лозим бўлади. Бу борада Қуръони карим энг афзал василадир. Қуръонни тиловат қилинганда товуш тебранишлари бош мия ҳужайралари ўртасидаги мувозанатни тиклайди. Чунки, Қуръоний товуш тўлқинлари тебранишида ўзига хос мутаносиблик бор. Аллоҳ таоло айтади:
﴿أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآَنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا﴾
"Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар" (Нисо сураси, 82-оят).
Мана, ўн тўрт аср ўтаётган бўлсада, илоҳий мўъжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт ва табииётга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда.
Хусусан, Қуръон оятларида, ҳаттоки, ҳарфларида ҳам бир-бирига зидлик, ўзгарувчанлик йўқ. Ундаги мувозанат касалликларга шифодир. Оддий бир инсон беморга хушхабар айтса, уни қувонтириб, касаллигини униттирадими? Демак, албатта, Қуръон тиловати заиф ҳужайраларни тетиклаштириб, беморнинг иммунитетини оширади.
3. Ҳар бир оятлар чексиз маъноларга эгалиги. Қуръон чексиз маъноларга эга. Унда турли маънолар ичида барча касалликларга муолажа бўлувчи маъноларни ҳам топамиз. Қуръон оятлари инсоннинг фақат руҳи ва нафси билан боғлиқ касалликларни муолажа қилибгина қолмай, унинг жисмоний касалликларини ҳам даволайди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿لَوْ أَنْزَلْنَا هَذَا الْقُرْآَنَ عَلَى جَبَلٍ لَرَأَيْتَهُ خَاشِعًا مُتَصَدِّعًا مِنْ خَشْيَةِ اللَّهِ وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ﴾
"Агар Биз ушбу Қуръонни бирор тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан ўзини хор тутган ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. Биз бу мисолларни одамларга зора улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз" (Ҳашр сураси, 21-оят).
Яъни Қуръони каримнинг қанчалик оғир масъулият ва ибрат манбаи экани, ундаги илоҳий таълимот шунчалик таъсир кучига эгаки, оятдаги “тамсил”, яъни тасвирий мисолга кўра, агар бирор тоғга онг ато этилиб, унга шу Китоб туширилганида ҳатто, тоғ ҳам тоқат қила олмай, унинг масъулиятидан қўрқиб ёрилиб кетадиган бўлса, биз ақлли инсонлар нега бу муқаддас китоб ва илоҳий хитобга бепарволик қиламиз, деб тафаккур қилсинлар, демоқчи валлоҳу аълам.
Агар هَذَا الْقُرْآَنَ иборасидан мақсад ундаги биз билган ҳар бир оят, калима ва ҳарфлар бирор тоғга нозил қилинганда эди, у Аллоҳнинг Каломи оғирлигидан, қўрқувдан парчаланиб майда-майда бўлиб кетган бўларди. Шунинг учун, биз Қуръон нафақат нафсий иллатларни йўқотади, балки жисмоний касалликларга ҳам шифо бўлади деймиз.
4. Амалий тажрибалар. Қуръон ўн тўрт асрдан зиёд вақт мобайнида бугунги кунимизгача миллионлаб инсонларга шифо бўлаётгани Аллоҳнинг Каломи барча касалликларга муолажа қилишда таъсирга эга эканига энг катта далил бўлади.
Қанча-қанча тузалмас касалликка учраб тиббий муолажа кор қилмай, Қуръони карим билан шифо топганлар бор. Бунда албатта, мўъмин киши унинг шифо эканига ишониши лозим. Чунки, шифо топишда ишонч катта аҳамиятга эга. “Табибга ишонч - ярим шифодир” дейилади. Барча дардларга шифо берувчи Аллоҳ бўлса, Унга қандай ишонмаслик мумкин?
Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унинг яшаши ва ҳаракатланиши учун аъзоларини гўзал тарзда тартиблаган. Агар ушбу тартибга нуқсон етса, инсон руҳан ва жисмонан чарчаб, бош мия ҳужайраларида ўзгариш содир бўлади. Яна табиий ҳолатни қайтариш учун эса, унга Қуръон тиловати билан таъсир қилиш лозим.
Ҳар бир гўдак соғлом фитрат узра дунёга келади. Унинг танасидаги барча ҳужайралар мўътадил мувозанатда тебраниб туради. Вақт ўтиши билан атрофдаги воқеалар, танаси кирланиши ва турли касалликларга чалиниши унинг ҳужайралари тартиби ўзгаришига салбий таъсир қилади. Қуръони карим унинг тартибини асл ҳолатига қайтаради.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли
[1] Тартил – бу Қуръонни дона-доналаб, аниқ ва равон ўқиш. Бу ерда Жаброил алайҳиссаломнинг ўқиб бериши кўзда тутилган.
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси