Ҳурматли оталар! Агар оилангизда бирдамлик, ўзаро ҳурмат-эътибор, меҳр-муҳаббат бўлишини истасангиз, ўз қарашларингизни аёлингиз ва фарзандларингизга мажбурлаб сингдиришга уринманг. Хато қилсангиз уларнинг олдида тан ола билинг.
“Бу уйда менинг айтганим бўлади”, дея қайсарлик қилиб туриб олманг! Аҳлингизни бирор фойдали ишга чорлар, буюрар экансиз, уларга ҳалимлик ва сабр билан муомала қилинг. Унутманг, ҳамма бирдай фикрлаб, тушуниб, идрок этиб кетавермайди. “Нега мен тушунган нарсани булар англамайди?” дея хуноб бўлманг. Ётиғи билан англатинг. Усул ва йўл қидиришдан тўхтаманг.
Уйингиздан ташқарида дуч келган ғам-ташвишларингиз оилангизга сизиб кириб, ички муаммоларингиз билан қўшилиб-катталашишига йўл қўйманг! Ўз ҳаётингизни дўстингиз ё яқинингизнинг ҳаётига таққослаб, уни ўзингиздан кўра бахтлироқ деб ўйламанг. Ҳамма нарса кўрингани каби бўлавермайди.
Аксинча, ҳаётингизни сиз ҳали дуч келмаган қийинчилик ва машаққатларни бошдан ўтказаётган кишиларнинг ҳаёти билан қиёсланг! Шунда сиз муаммо деб ўйлаган баъзи нарсалар аслида ундай эмаслигини кўра бошлайсиз. Сиз ҳам бир хатокор бандасиз. Ўзингизга шу назар билан қаранг. Ҳаммаси изига туша бошлайди. Фарзандларингиз ҳақига кўп-кўп дуо қилинг...
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Оқшом гўзалликлари" китобидан
Абдуссамиъ Хайруллоҳ, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати