Бухоро шаҳридаги муҳташам Мир Араб олий мадрасаси биносида вилоятдаги диний соҳа ходимлари ва отинойилар учун «Илмий мақола ёзиш, тадқиқот методологияси ва манбашунослик» мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази томонидан "TAMADDUN" лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу тадбир диний соҳа вакилларининг илмий салоҳиятини ошириш, тадқиқотчилик кўникмаларини шакллантириш ҳамда уларга илмий мақола ёзиш услубларини ўргатишга қаратилди.
Семинар давомида иштирокчиларга илмий тадқиқотларни тўғри ташкил этиш, қадимий манбалар билан ишлаш, республика ва халқаро журналларда мақолалар чоп этиш талаблари ҳамда нуфузли илмий анжуманларда иштирок этиш имкониятлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбирда марказ илмий ходимлари Гўзал Нажмидинова, Гавҳар Истамова ва Дилафруз Ғуломова ўз маърузалари билан иштирок этиб, тингловчиларга зарур методик тавсияларни баҳам кўрдилар. Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар ва мавзу юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти