Савол: Болани икки йил эмизмасдан сутдан чиқариб юборса болани ҳаққи ота-онада қолиб кетмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимизда она боласини икки йил тўлиқ эмизсин деган талаб йўқ. Агар сутдан чиқариш болага зарар қилмаса, икки йил бўлмасдан туриб ҳам чиқариш жоиз. Икки йилга етмасдан чиқарса, боланинг ҳаққи ота-онада қолиб кетди дейилмайди. Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай марҳамат қилади:
“Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар...”.
Мазкур ояти карима тафсирида муфассир уламолар: “Эмизиш муддатини икки йил деб белгиланиши вожиб маъносида эмас. Бунга “Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса” сўзи далолат қилади. Аллоҳ таоло эмизиш муддатини охирига етказишни банданинг хоҳишига боғлаб қўйганидан муддатни охирига етказиш вожиб эмаслиги англашилади”, дейишган.
Қолаверса, мазкур оятнинг давомида “Агар ўзаро рози бўлиб, сутдан ажратишни ирода қилсалар, икковларига гуноҳ бўлмайди”, дейилган. Яъни икки йилдан олдин эр ва хотин ўзаро келишган ҳолда, боланинг ҳолатидан келиб чиқиб сутдан чиқаришларида гуноҳ бўлмайди.
Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ болани икки йилдан аввал сутдан чиқаришда эр ва хотиннинг ўзаро розилиги лозим, икки йилдан кейин эса эр ё хотиндан бирининг розилиги билан чиқариш мумкин, деганлар.
Аммо болага эмиш зарур бўла туриб, сутдан чиқариб юбориш мумкин эмас. Чунки бу унга очиқ-ойдин зарар бериш бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритаётган, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшларни ёт ғоялардан асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
Тадбирда Қумқўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Эшқобилов иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг эл-юрт осойишталиги ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги хизматларини юқори баҳолади.
Маросимда фидойи соҳа ходимларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва байрам эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати