Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бахтли инсонларнинг бири айтади: “Гўзал кун дунё бизни эмас биз уни бошқарган кундир. У – биз у кунда нафсимиз хоҳиш истакларига бўйсунмаган, уларга ўзимиз эгалик қилган кундир".
Бу куннинг мен эслаб қолиб, умуман унута олмайдиган хотиралари бўлади. Нафсим устидан ғолиб бўлган, бирор ишни эплай олиш ёки эплай олмаслик гумонлари азобидан чиқиб кета олган куним ғоятда ажойиб кундир.
Инсонлар билиб мени мақташи ёки ҳеч ким билмаслиги ва мақтамаслиги мумкин бўлган икки иш орасида иккиланиб турган кунимнинг гўзаллиги мақтов деган нарсани улоқториб ҳеч ким билмасада ҳаётим давомида доимо ўзим эслаб юрадиган ишни бажарган кунимдир.
Чўнтакларим пулга тўлган бўлсада қалбим олийжаноб туйғулардан бўшаб қолган куннинг гўзаллиги қўлим бўшлигини кўнгил ҳувиллашидан устун қўйган кунимдир.
Кунлар гўзал, унлардаги энг гўзал нарса эса оз бўлсада бахтиёрликдан насибам бўлишидир. Лекин насибам мени ўзимнинг қилган амалимга кўра мени топиб олади, шунинг учун ҳам у кўпдир, алҳамдулиллаҳ.
Шуъла: Ўзингизда бор нарса билан бахтиёр бўлинг, Аллоҳ сизга тақсим қилиб берган нарсага рози бўлинг. Имкониятингиз ёки ҳаракатингизга муносиб бўлмаган орзу хаёлларни тарк этинг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги аппарати ходимлари учун Тошкент шаҳрига икки кунлик маърифий саёҳат ташкил этилди, хабар бермоқда "Зарафшон" нашри.
Саёҳат иштирокчилари дастлаб мамлакатимизнинг илмий ва маънавий салоҳиятини ўзида мужассам этган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлишди. Улар бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, буюк аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган ишлар билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг саёҳат дастури пойтахтнинг рамзий масканлари — Мустақиллик майдони ва «Янги Ўзбекистон» боғида давом этди. Шунингдек, иштирокчилар Тошкент шаҳридаги театрлар ва музейларга бориб, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган янгиланишлар билан танишиш имконига эга бўлишди.
- Бундай саёҳатлар давлат хизматчилари учун нафақат мазмунли ҳордиқ, балки катта маънавий озуқа ҳамдир, - дейди вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Шерали Темиров. - Айниқса, Ислом цивилизацияси марказида яратилган шароитлар, бой тарихий меросимиз ва пойтахтимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари барчамизда чуқур таассурот қолдирди. Бу каби сафарлар жамоадаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, янги ғоя ва ташаббуслар билан қайтиш ҳамда иш фаолиятига янада катта иштиёқ билан киришишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати