Дохадаги Ислом санъати музейида Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига оид экспонатларни намойиш этадиган янги кўргазма очилди, деб хабар бермоқда “Россия-1” телеканали.
Экспозицияда Ява оролидан XIX-асрга оид нодир Қуръони карим қўлёзмалари, индонезияликларнинг Маккага қилган зиёратига оид фотографик далиллар, араб хаттотлиги туширилган асарлар, шунингдек, заргарлик буюмлари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари ўрин олган.
Тарихдан маълумки, Жанубий ва Шарқий Осиёда исломнинг тарқалиши Малайзия, Индонезия ва Хитойда мусулмон маданиятининг шаклланишига ёрдам берди.
“Жанубий-Шарқий Осиё санъат галереяларининг очилиши ташриф буюрувчиларга бу ер асосий мусулмон жамоаларининг уйи эканлигини эслатиши керак. Дунёнинг бошқа музейларидаги кўргазмалар жуда камдан-кам ҳолларда бу мавзуга бағишланади”, –деди музейнинг кўргазма лойиҳалари раҳбари Шайка Носир Aн-Наср.
Кўргазмада 800 йил аввал Ява денгизида чўкиб кетган кемада топилган топилмаларга алоҳида хона ажратилган.
“Ушбу витринда кема ҳалокатида топилган буюмлар намойиш этилган. Бу топилмалар ўша даврдаги мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқалар ҳақидаги тушунчамизни кенгайтирди. Мадагаскардан биллур, шиша идишлар, Индонезиядан олтин, Хитой кулоллари буюмлари бор”, — дея қўшимча қилди Шайка Носир Ан-Насир.
Ушбу музей Форс кўрфазининг араб давлатларида пайдо бўлган биринчи турдаги музейдир. Қадимги ислом архитектураси услубида қурилган бино Прицкер мукофотининг биринчи лауреатларидан бири бўлган меъмор Бей Юминг томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирданоқ кўплаб ташриф буюрувчиларни ўзига тортмоқда. Март ойининг ўрталаридан бошлаб музей меҳмонлари учун янги галереялар очилади.
ЎМИ Матбуот хизмати
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати