Муҳаррам ойининг 1-куни — 2026 йил 16 июнь, сешанба кунига тўғри келмоқда.
Муҳаррам — ҳижрий тақвимнинг биринчи ойи бўлиб, Қуръони каримда зикр қилинган тўрт улуғ ва ҳурматли ойлардан биридир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам янги чиққан ойни кўрганларида шундай дуо қилардилар:
اللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالْيُمْنِ وَالْإِيمَانِ وَالسَّلَامَةِ وَالْإِسْلَامِ رَبِّي وَرَبُّكَ اللهُ
Ўқилиши:
«Аллоҳумма аҳиллаҳу алайна бил-юмни вал-иймани, вас-салаамати вал-Ислами, Роббий ва Роббукаллоҳ».
Маъноси:
«Эй Аллоҳим! Бу ойни бизларга барака ва имон, саломатлик ва Ислом ойи қилгин! Эй ҳилол, менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳдир!»
Янги 1448-ҳижрий йилда Аллоҳ таоло хонадонларимизга тинчлик ва барака, қалбларимизга мустаҳкам иймон берсин ва ҳаётимизда бизни солиҳ амалларга муваффақ айласин!
1448 ҳижрий йил — муборак бўлсин!
#ҳижрий_1448_йил #янги_ой_эълони #янги_ҳижрий_йил
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати