Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш маркази ходими Қудратуллоҳ Умрзоқовнинг бувиcи Ҳалимахон онанинг вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига хусусан, Қудратуллоҳ Умрзоқовга ҳамдардлик билдиради.
Жаноза намози бугун аср намозидан сўнг Андижон шаҳар, Бўстон маҳалласидаги (Адҳам сомса кафеси олдидан кирилади) марҳуманинг хонадонида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
7–8 сентабрь кунлари Индонезия Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Ирфон Юсуф бошчилигидаги делегация Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонларни темир йўл вокзалида вилоят ҳокими ўринбосари Б.Шаҳриёров, А.Қаландаровлар бошчилигидаги мутасаддилар кутиб олди.
Ҳоким ўринбосари Б.Шаҳриёров, А.Қаландаров , туризм бошқармаси бошлиғи А.Ражабов ва бош имом-хатиб Ж.Элов иштирокидаги учрашувда Бухоронинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни, муқаддас қадамжолар ва алломалар меросини тарғиб қилиш, зиёратчилар оқимини ошириш ҳамда янги зиёрат туризми йўналишларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Жакарта–Бухоро йўналишида чартер ва тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Имом ал-Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд меросини Индонезияда тарғиб қилиш мақсадида Жакартадаги олий таълим муассасалари ва туристик компанияларда маъруза ҳамда тарғибот тадбирларини ташкил этиш таклиф қилинди.
Делегация Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси ва Бухоронинг тарихий марказлари билан танишиб, шаҳарнинг зиёрат туризми салоҳияти ҳақида маълумот олди.
Ташриф — Бухоро ва Индонезия ўртасидаги зиёрат туризми, диний-маърифий ҳамда маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати