Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2026   |   5 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
18 Август, 2026, 5 Рабиъул аввал, 1448

Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат сари дадил қадамлар

16.06.2026   17629   4 min.
Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат сари дадил қадамлар

7-11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли” мавзусида I Халқаро ислом форуми ўтказилади. Мазкур нуфузли тадбир ҳақида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти Обид Тангиров ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Глобаллашув шароитида халқлар ўртасидаги маданий ва диний мулоқотни мустаҳкамлаш, ёш авлодни бағрикенглик, инсонпарварлик ва тинчликсеварлик руҳида тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ахборот маконида турли ёт ғоялар, экстремизм ва радикализм таҳдидлари кучайиб бораётган бугунги шароитда ёшларда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилаётган муҳим илмий-маърифий муассасадир. Марказ экспозициялари, илмий лойиҳалари ва маърифий тадбирлари орқали Ўзбекистон заминида турли миллат ва дин вакиллари асрлар давомида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаб келгани ҳақидаги тарихий ҳақиқатлар кенг ёритиб берилмоқда.

Марказ музейидаги “Исломдан аввалги давр цивилизациялари”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс”, “Қуръон зали” ҳамда “Цивилизация ва кашфиётлар девори” экспозициялари қадимдан то бугунги кунгача бўлган тарихий жараёнларни қамраб олади. Улар Марказий Осиё халқларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини намоён этиб, ёшларда миллий ғурур ва бошқа халқларга нисбатан ҳурмат туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади.

Марказ томонидан ташкил этилаётган экскурсиялар, кўргазмалар, маънавий-маърифий учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ёшларни экстремизм, мутаассиблик ва радикал ғоялар таъсиридан асраш, уларда танқидий фикрлаш ва соғлом дунёқарашни қарор топтиришга кўмаклашмоқда.

7-11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли” мавзусида I Халқаро ислом форуми ўтказилиши режалаштирилган. Форумнинг асосий ташкилотчиси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлиб, унинг бош халқаро ҳамкори ICESCO ҳисобланади. Мазкур нуфузли анжуманда Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Европа давлатларидан 300 дан ортиқ олимлар, тадқиқотчилар, дин арбоблари ва экспертлар иштирок этиши кутилмоқда. Форумнинг асосий мақсади ислом цивилизациясининг инсонпарварлик ва маърифатпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, уни тинчлик, билим ва бунёдкорлик цивилизацияси сифатида намоён этиш ҳамда халқаро мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Форум доирасида юқори даражадаги ялпи мажлислар, халқаро илмий-амалий конференциялар, ислом хаттотлиги ва қўлёзмалари кўргазмалари, ноёб манбалар тақдимотлари, ҳужжатли фильмлар намойиши ва қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Шунингдек, иштирокчилар учун мамлакатимизнинг бой исломий мерос объектларига саёҳатлар уюштирилиши режалаштирилган. Марказ фаолиятида буюк аждодларимиз – Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Уларнинг илм-фан, маърифат, бағрикенглик ва инсонпарварлик ҳақидаги қарашлари ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этмоқда. Форум доирасида ҳам Мовароуннаҳр алломаларининг ислом илоҳиёти, мўътадиллик маданияти ва цивилизациялар мулоқоти ривожига қўшган ҳиссаси кенг муҳокама қилинади. Бу эса ёшларда диний ва миллий қадриятларга онгли муносабатни шакллантириш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан муҳофаза қилишга хизмат қилади. Марказ фаолияти мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир. Бу ерда жамланган нодир қўлёзмалар, замонавий кутубхона, интерактив экспозициялар ва рақамли технологиялар ёшларни илм-фанга қизиқтириш ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ёшларни динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, инсонпарварлик ва маърифатпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилаётган нуфузли маънавий-маърифий муассаса сифатида намоён бўлмоқда. Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказиладиган I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми эса мазкур мақсадларни халқаро миқёсда амалга ошириш, ёшларда миллий меросга ҳурмат, илм-фанга интилиш ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ташаббуслар Янги Ўзбекистон тараққиёти, инсон қадрини улуғлаш ва Учинчи Ренессанс ғояларини рўёбга чиқаришнинг муҳим маънавий асосларидан бири ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, мазкур нуфузли анжуман Исломнинг тинчликпарвар ғоялари, унинг нурли маърифатини тарғиб этиш, бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларни халқаро миқёсда тарғиб ва ташвиқ этишда муҳим платформа вазифасини ўтайди.

ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Қуръон тинчликка буюради»

18.08.2026   8077   1 min.
«Қуръон тинчликка буюради»

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Қуръон тинчликка буюради» шиори остида Самарқанд шаҳридаги "Оби Раҳмат" жоме масжидида Қуръон мусобақаси ташкил этилди. Қуръони каримга бўлган муҳаббатни юксалтириш, қироат ва тажвид илмларини кенг тарғиб этиш ҳамда жамиятда тинчлик ва осойишталик ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ушбу хайрли тадбирнинг саралаш босқичларидан ўтган иштирокчилар «Ҳифз» ва «Мужаввид» йўналишлари бўйича беллашди.
 

Ғолиб ва совриндорлар:
 

«Ҳифз» йўналиши:
1-ўрин: Асқар Турсунов (Самарқанд шаҳри, «Муҳаммадамин ота» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Абдувакил Олимов (Ургут тумани, «Ғавсул Аъзам» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Шавкат Маҳмудов (Нарпай тумани, «Сўфи Зийрак» масжиди имом-хатиби).
 

«Мужаввид» йўналиши:
1-ўрин: Зикрулло Матлабов (Самарқанд шаҳри, «Хўжа Абду Дарун» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Бурхониддин Турсунов (Нуробод тумани, «Жом ота» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Исомиддин Исаев (Пахтачи тумани, «Хўжа Зиёвуддин» масжиди имом-хатиби).
 

Қўшимча номинациялар:
«Энг таъсирчан тиловат»: Ўткир Абдуллаев (Пастдарғом тумани);
«Энг гўзал тиловат»: Сардорхон Собиров (Самарқанд тумани);
«Тажвид қоидаларига энг мукаммал риоя қилган иштирокчи»: Юсуфхон Низомов (Самарқанд шаҳри).

Тадбир якунида ғолибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг дипломлари ва «Вақф» фонди филиали томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

«Қуръон тинчликка буюради» «Қуръон тинчликка буюради» «Қуръон тинчликка буюради» «Қуръон тинчликка буюради»
Янгиликлар