Ота-онага яхшилик қилиш билан ҳаётда муваффақиятга эришишни шартли равишда “эгизак”лар дейиш мумкин! Чунки биринчиси бор жойда албатта иккинчиси бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу хонасидан чиқиб, онасининг ҳужраси олдидан ўтаётганида унинг эшиги олдида тўхтар ва: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, онажон!” дерди. Онаси жавобан: “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, болажоним!” деб алик оларди. Сўнг ўғил: “Мени кичиклигимда тарбиялаганингиздек, Аллоҳ сизга раҳм қилсин!” дер, она: “Кексайганимда менга яхшилик қилганингдек, Аллоҳ сенга раҳм айласин!” дерди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ишни ҳар куни қиларди.
Ёдда тутингки, бахт-саодат турлари қанча кўп бўлмасин, улар ичра энг гўзали ота-она дуосидир! Кимки ота-онаси дуосига муяссар бўлиб яшаса, улар хизматида қоим турса, унинг бандалик мақоми кўтарилади, ҳаёти давомида муваффақиятларга ноил бўлади!
Буюк тобеинлардан Ҳужр ибн Адий онасининг тўшагини ўз қўли билан солиб, юмшоқ ва текислигига ишонч ҳосил қилгач, онасини ётқизарди.
Шу замонамизда бир йигит масжид совиткич (кондиционер)ларини созлаш билан шуғулланар экан. Ундан қанча маош олиши ҳақида сўрашганида, онаси унга масжиддаги иши учун маош олмасликни насиҳат қилгани, шу боис у масжидлардан мутлақо ҳақ олмаслигини айтди. Фарзанди онгига шундай гўзал тушунчани сингдирган онага тасанно! Онасининг насиҳатини маҳкам тутиб, унга ҳурмат кўрсатаётган у йигитга офарин!
Энди бунинг мутлақо акси бўлган ҳолат – ота-онага яхшилик қилмаган ҳолатда ҳам бу ёмон иллат билан ютқизиқ, хорлик “эгизак”дир. Ундай банда дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳақиқий мақом-мартаба, эҳтиром топмайди.
Бир йигит отаси вафотидан кейин онасини қариялар уйига олиб бориб, бир-бир хабар олиб турадиган бўлибди. Бир куни қариялар уйидан онасининг ўлим ёқасида экани ҳақида хабар келибди. Ўғил онаси тиригида бир кўриб қолиш мақсадида дарҳол етиб борибди. Онасидан сўрабди: “Онажон, сиз учун нима қилишимни хоҳлайсиз?”. Онаси: “Елпаррак олиб беришингни истайман, чунки бу ерда димиқиб кетяпман. Егулик сақлаш учун музлаткич ҳам олиб берсанг. Неча кундан бери оч ухлаяпман”, дебди. Ўғил бу гаплардан ҳайрон қолиб: “Ахир нега бу нарсаларни энди сўраяпсиз? Нега аввалроқ айтмадингиз?” дебди. Онаси маъюс ҳолда: “Ўғлим, мен-ку иссиққа ҳам, очликка ҳам кўникдим. Лекин эртага сен ҳам қариб, болаларинг бу ерга олиб келишганида қийналмагин, деб айтяпман”, дея жавоб берибди.
Ота-онасига етарлича эҳтиром ва яхшилик қилмаётганлар ўзларини ўнглаб, кўзларини очиб олишсин! Шайх Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Онасининг яхшилигини унутган ёки онасига битта гап билан бўлса ҳам озор берадиган одамни кўрсангиз, унга асло ишонманг, ишларингизни унга топширманг! Онасининг яхшилигини билмаган бошқанинг яхшилигини билармиди, қадрига етармиди?!”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Неъматуллоҳ Исом, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ