Қашқадарё вилоятидаги Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасасида 32-битирувчи курс талабалари учун бағишланган "Хатмона–2026" тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, вилоят ҳокимлиги вакиллари, муассаса раҳбарияти, устозлар ва битирувчилар қатнашди.
Маросимни таълим муассасаси мудири Ўткир Ғузаров очиб, ёшларга илм ва маърифат йўлида собитқадамлик тилади. Шундан сўнг вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов сўзга чиқиб, битирувчиларга илм фазилати, устозга ҳурмат ҳамда динимиз ва халқимиз йўлида сидқидилдан хизмат қилиш масъулияти ҳақида қимматли насиҳатлар қилди.
Тадбир давомида устозлар ва талабаларнинг дилдан суҳбатлари, хотиралари тингланди.
Якунда илм йўлида алоҳида ўрнак кўрсатган битирувчиларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Тантанали маросим хайрли дуолар билан якунланди.
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати