27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари ўртасида стол тенниси бўйича анъанавий «Журналистлар кубоги – 2026» спорт мусобақаси ўтказилди.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижодкорлар ва журналистларни касб байрами билан қутлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ушбу турнирда кўплаб соҳа вакиллари иштирок этди.
Турнирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбарининг ўринбосари – Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Фаррух Омонов ҳамда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Шерзод Қутбиев ва федерация котиби Гавҳархон Муқаддасовалар сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутладилар ва бу каби анъанавий мусобақалар ижодкорлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Қизғин ва дўстона рақобат руҳида кечган баҳсларда иштирокчилар яшил стол атрофида ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Мусобақа ижодкорларга юқори кайфият бағишлаб, соҳа ходимлари учун чинакам байрам туҳфасига айланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллик — бу бирлик, ҳамжиҳатлик ва бир-биримизга қўл узатиш кунидир. Фарғона вилоятида бу руҳ сўз билан эмас, амал билан намойиш этилмоқда: 35 йиллик истиқлол арафасида юзлаб инсонлар меҳр ва саховат бағрида байрамга кирмоқда.
Алишер домла Наимов ташаббуси билан Қувасой шаҳрида ўтказилган хайрия тадбирида 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар тантанали равишда топширилди. Тадбирда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳам иштирок этди.
Тадбирнинг якунида юрт ривожи, халқ фаровонлиги ва мустақиллигимизнинг бардавом бўлиши учун биргаликда дуо қилинди.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати