Ҳижрий тақвими бўйича йилнинг биринчи ойи Муҳаррам бўлиб, ҳурматли ойлар сирасига киради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда тўртта ойни – Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда ва Зулҳижжани ҳурматли, яъни уруш ҳаром қилинган ойлар деб зикр қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг фазилатли рўза Аллоҳнинг ойи Муҳаррамдаги рўзадир” деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни деб аталади. “Ашуро” сўзи арабча “ашара”, ўн сонидан олинган бўлиб, айнан ойнинг ўнинчи кунига ишора қилади. Бу кун ислом тарихида ва ундан аввалги умматларда ҳам улуғ аҳамият касб этган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида, яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўрадилар. Улар: “Бу Аллоҳнинг Мусо алайҳиссаломни ва Бани Исроилни Фиръавндан қутқарган кунидир, Мусо алайҳиссалом бу куни шукроналик юзасидан рўза тутганлар” деб жавоб бердилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз Мусога улардан кўра ҳақлироқмиз” деб, ўзлари ҳам рўза тутдилар ва саҳобаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ашуро рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ашуро куни тутиладиган рўза бир йиллик гуноҳларни кафорат қилади деб умид қиламан” (Имом Муслим ривояти). Бу катта фазилат бўлиб, Аллоҳнинг бандаларига кўрсатган улкан раҳматидир.
Шунингдек, уламолар Ашуро рўзасини тутишда тўртта даража борлигини зикр этганлар. Муҳаррамнинг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунларида рўза тутиш энг мукаммал даража, тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутиш иккинчи даража, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутиш учинчи даража, фақат ўнинчи кун рўза тутиш тўртинчи даража. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларга хилоф қилиш мақсадида тўққизинчи кунни ҳам Ашуро рўзасига қўшиб тутишни назарда тутганлар.
Олимлар Ашуро кунида кўплаб тарихий воқеалар юз берганини зикр этганлар. Жумладан, Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Жудий тоғида тўхтаган, Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроил Фиръавн зулмидан нажот топган, Иброҳим алайҳиссалом оловдан омон чиққан, Юнус алайҳиссалом балиқ қорнидан қутулган кун сифатида тилга олинади. Буларнинг ичидаги энг асосий ва ишончлироғи Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавндан нажот топишидир. Бу Имом Бухорий ва Имом Муслим каби муҳаддислар нақл қилган саҳиҳ ҳадислар билан собитдир.
Ашуро кунида аза тутиш, йиғлаш ва бошқа маросимларни ўтказиш шариатда асоси йўқ амаллардир. Аҳли сунна вал жамоа уламолари бундай амаллардан қайтарганлар. Ашуро куни шукроналик ва тоат-ибодат кунидир.
Муҳаррам ойининг 10-куни жорий йил 25 июнь кунига тўғри келмоқда. Мазкур Ашуро кунида мўминга лозим бўлган энг асосий амал рўза тутишдир. Рўзага қодир инсонлар Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларини қўшиб тутсалар мустаҳаб бўлади. Шунингдек, бу кунда кўп зикр айтиш, Аллоҳга истиғфор айтиш, нафл намозлар ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва дуо қилиш ибодатнинг гўзал кўринишларидир.
Ашуро куни оила аъзолари ва яқинларга сахийлик қилиш, моддий таъминотини яхшилаш, эҳсон қилиш ҳақида ҳам баъзи ривоятлар зикр этилган. Олимлар бу масалада турлича фикр билдирган бўлсалар-да, яхшилик ва сахийлик ислом ахлоқининг асосий белгиси бўлгани боис, оила аъзоларига моддий жиҳатдан кенгчилик қилиш савобли амаллар сарасига киради.
Муҳаррам ойи ва Ашуро куни ислом умматига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган муборак фурсатдир. Аллоҳ таоло барчамизни Ашуро рўзасини ихлос билан тутишга муяссар этсин.
Тошкент ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси
ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов
Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтаётган анжуман асосий қисмида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар. Шунингдек, Миср муфтийси Назир Муҳаммад Айёд, Миср Вақфлар вазири Усома Азҳарий, Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано, Ал-Азҳар шайхи вакили Шайх Айман Абдулғаний, Мусулмон олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари доктор Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ аз-Зайд ва Абу-Даби Ислом ишлари раиси, доктор Умар Ҳабтур ад-Дариъий кабилар нутқ қилдилар.
Муфтий ҳазратлари муҳокама қилинаётган оила, аёллар ҳуқуқи ва фарзанд тарбияси масаласи ғоят долзарб эканига урғу қаратдилар. Хусусан, турли минтақаларда оила институти инқирозга юз тутаётгани, ёшларнинг оила қуришга қизиқиши пасайиб, ажрашишлар сони ортиб бораётгани жиддий хавотир уйғотаётгани таъкидланди. Қайд этилишича, бу синов бутун инсоният олдида турган умумбашарий муаммога айланмоқда.
Шу муносабат билан Муфтий ҳазратлари томонидан бир қатор долзарб таклифлар илгари сурилди:
– Қўшма фатво ишлаб чиқиш: илмий асосланган ҳамда илғор тажрибаларни ўзида жамлаган қўшма фатво ишлаб чиқиш зарурлиги маълум қилинди. Ушбу ҳужжатни турли тилларга таржима қилиб, ОАВ, рақамли платформалар, маърифий тадбирлар ва жума хутбалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш таъкидланди.
– Ёшларни оилага тайёрлаш дастурлари: турмуш қуриш остонасида турган ёшларнинг диний, миллий ва ижтимоий масъулиятини юксалтиришга қаратилган махсус курслар ва психологик-маърифий маслаҳат дастурларини йўлга қўйиш таклиф этилди.
– Фатво марказлари ва ОАВ ҳамкорлиги: миллий қадриятлар ва исломий таълимотларни ёшларга замонавий, таъсирчан усулларда етказиш учун фатво марказлари билан ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик лозимлигига эътибор қаратилди.
Шу ўринда, Ўзбекистонда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳам баён қилинди.
Халқаро анжуман иштирокчилари Муфтий ҳазратлари томонидан илгари сурилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга юқори баҳо бердилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати