Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ўсмир эдим. Ўсмирлик шундай даврки, инсон ўзини катта бўлиб қолган, ҳеч ким унга тенг келолмайдигандек ҳис қилади.
Бир куни онам билан орамизда келишмовчилик чиқди. Аниқ нима сабаб бўлганини эслолмайман, лекин бир нарсани яхши эслайман: мен онамга овозимни баландлатган эдим.
Отам ишдан уйга қайтгач, онам унга бўлган воқеани айтиб берди. У мени дарҳол чақирди:
– Гаплашайлик, – деди.
Биз меҳмонхонада ёлғиз қолдик. Отам, Аллоҳ раҳмат қилсин, кўп гапирадиган инсон эмас эди. Аммо у гапирса, сўзлари олтиндек қадрли бўларди.
У аввал менинг гапларимни, вазиятга менинг кўзим билан қараб тинглади. Сўнг бироз сукут сақлаб:
– Ўғлим, эҳтиёт бўл. Онангга овозингни кўтаришингдан бошқа ҳамма нарсани тушуниш мумкин. Аммо бунга йўл қўймайман. Агар ўзингни тарбиялай олмасанг, сени тартиб-интизом ўргатиладиган жойга юбораман. У ерда сенга одоб ва ҳурматни ўргатишади. Тушундингми? – деди.
Шу билан суҳбат тугади.
Шундан сўнг онамга бирорта марта овозимни кўтарганим йўқ.
Отам уришмади, менга бақирмади ҳам. Аммо бир неча сониялик қатъий сўзи билан ҳаётим давомида ўтиб бўлмайдиган чегарани белгилаб қўйди.
Бугун, орадан йиллар ўтиб, ўша лаҳзани эслар эканман, ўсмирлик даврида отанинг қандай катта қалқон эканини тушунаман.
Она – оиладаги меҳр ва ҳурматни сақловчи зот. У жонини хавфга қўйиб фарзандни дунёга келтиради, тунларини бедор ўтказади, чарчоқларини яширади...
Аммо айрим фарзандлар улғайгач бу қийинчиликларнинг барчасини унутиб, онасига бепарво муносабатда бўлади. Ана шундай пайтда отанинг ҳақиқий вазифаси намоён бўлади.
Ҳақиқий ота қўпол бўлиши билан эмас, балки керакли пайтда қатъиятлиги билан оиласини ҳимоя қилади.
Ота – оиланинг умуртқа поғонасидир. Агар у заифлашса, бутун оила зарар кўради.
Бугун англаяпманки, отамнинг ўша куни айтган сўзлари таҳдид эмас, балки онамни ҳимоя қилиш эди. Бу – мени келажакда ҳурматли инсон бўлиб улғайишим учун қилинган ҳимоя эди.
Отам ҳақида қанча шеър ёзмайлик, қанча сўз айтмайлик, унинг қадрини тўлиқ ифодалаб бўлмайди. Шунинг учун отангиз борида унинг қадрига етинг. Унинг кетишини кутманг. Чунки айрилиқдан кейинги кўз ёшлар тирикликдаги меҳрнинг ўрнини боса олмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати