Бугун, 22 июнь куни Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устозлари томонидан бухоролик аллома Нуриддин Собунийнинг “Ал-Бидоя фил-ҳидоя” китоби бўйича ижоза бериш тадбири бўлиб ўтди. Унда соҳа вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий бошчилигида Тошкент ислом институтининг 17 нафар профессор-ўқитувчиси икки йил давомида ушбу асарни ўқиб тугатиб, ижоза олишга муваффақ бўлди.
Маълумот ўрнида, Бухоро калом мактабининг улуғ намояндаси Нуриддин Собунийнинг ушбу асари аҳли сунна вал жамоа, хусусан, ҳанафий-мотуридийлик ақидасини тизимли ва мантиқий асосда ёритиб берган энг мўътабар манбалардан саналади. Муаллифнинг шоҳ асари бўлмиш “Ал-Кифоя фил-ҳидоя”нинг мухтасари (ихчам шакли) бўлган бу китоб асрлар давомида Мовароуннаҳр ва хорижий ўлкалар мадрасаларида асосий дарслик бўлиб келган.
Бу каби хайрли илмий тадбирлар устозларнинг маҳоратини ошириш билан бир қаторда, соф ислoм ақидасини ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ва мотуридия таълимотини халқимизга тўғри етказишда улкан аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати