Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсоният тарихида илм ҳар доим тараққиёт ва камолотнинг асосий омилларидан бири бўлиб келган. Айниқса, ислом динида илмга бўлган эътибор ниҳоятда юқори бўлиб, у инсонни нафақат дунёвий, балки маънавий юксалишга ҳам олиб боради. Қуръон оятларида ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида илмнинг фазилати, олимларнинг даражаси ва илм талаб қилишнинг аҳамияти қайта-қайта таъкидланган.
Ислом динимизнинг бизга берган таълимотига кўра, ҳақиқий илм инсон қалбида Аллоҳга нисбатан қўрқув ва муҳаббатни уйғотади, уни тўғри йўлга бошлайди. Шу боисдан ҳам илм олиш ҳар бир мусулмон учун жуда муҳим вазифа ҳисобланади. Ушбу мақолада илмнинг моҳияти, унинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳамда уламоларнинг жамиятдаги аҳамияти Қуръон оятлари ва ҳадисларга орқали таҳлил қилинади.
Аллоҳ таоло:
قال تعالي: انما يخشي اللهَ من عبادهِ العلماءُ
“Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар”, деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, улардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузулиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб ҳам уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир”, деган эканлар.
Имом Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу: “Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир”, дея туриб: “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар” оятини тиловат қилар эканлар.
Яна У зот бундай марҳамат қилади:
قال تعالي: قل هل يستوي الذين يعلمون و الذين لا يعلمون
“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?”.
Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар куфр келтириб, исён этадилар.
Раҳмон Раҳим бўлган Зот:
قال تعالي: و تلك الامثال نضربها للناس و ما يعقلها الا العالِمون
“Бу мисолларни одамларга келтирамиз, уларга фақат олимларнигина ақли етар”, деб марҳамат қилган.
Мана шу уч оятда илм ва уламолар фазли ҳақида сўз кетмоқда.
Биринчи оятда Аллоҳдан қўрқиб, Уни улуғлаш фақат илмли кишилар томонидангина содир бўлиши таъкидланмоқда. Демак, илмсиз киши Аллоҳдан қўрқмайди ҳам, уни улуғламайди ҳам. Тажриба ушбу Қуръоний ҳақиқатни тасдиқлади. Турли илмлар бўйича мутахассис олимлар Аллоҳни танишларини эълон қилиб, иймон-эътиқодсиз яшаш мумкин эмас, деган фикрга келганларини айтдилар ва айтмоқдалар.
Иккинчи оятда биладиганлар билан билмайдиганлар, яъни илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олмасликлари ҳақида сўз кетмоқда. Илмли доимо устун туриши ва фазилатли ҳисобланиши, илмсизда эса бу нарсалар бўлмаслигига ишора қилинмоқда.
Учинчи оятда эса, келтириладиган масалаларни англаб улардан ўрнак олиш учун ҳам илм зарурлиги таъкидланмоқда. Бу ҳам илмни ва олимни улуғлашдир.
عن معاوية رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال: من يرد الله به خيرا يفقهه في الدين و انما انا قاسم و الله يعطي و لن تزال هذه الامة قائمة علي امر الله لا يضرهم من خالفهم حتي يأتي امر الله.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди”, дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, демоқдалар.
Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида: “Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради”, демоқдалар.
Яъни, мен Аллоҳ берган илмни етказаман холос, ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифнинг давомида сиз билан биз умматларига улкан башорат қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматининг келажаги ҳақида сўз юритиб: “Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди”, дедилар.
Бу гап дарҳақиқат улкан башоратдир. Мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол ҳамма мусулмонлар Аллоҳнинг амрини бирдек тутмаслар. Баъзилари, ҳатто баъзан кўплари Аллоҳнинг амрини тутмаслар. Аммо, Ислом уммати ичида Аллоҳнинг амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмаслиги аниқ.
Бу башорат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари экани ҳам очиқ-ойдин. Агар у зотдан бошқа одам бўлганида бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. Бир минг тўрт юз йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу башоратларини тасдиқлаб келмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:
1. Исломни яхши англаб, фақиҳ бўлишга тарғиб.
2. Исломда фақиҳ бўлишлик-Аллоҳнинг яхшилиги экани.
3. Ислом уммати қиёматгача Аллоҳнинг амрида қоим бўлиши.
4. Ислом умматига биров зарар етказа олмаслиги.
عن ابي الدرداء رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلي الله عليه و سلم يقول: من سلك طريقا يبتغي فيه علما سهل الله به طريقا الي الجنة و ان الملائكة لتضع اجنحتها رضاء لطالب العلم و ان العالم ليستغفر له من في السماوات و من في الارض حتي الحيتان في الماء وفضل العالم علي العابد كفضل القمر علي سائر الكواكب ان العلماء ورثة الانبياء ان الانبياء لم يورثوا دينارا و لا درهما انما ورثوا العلم فمن اخذ به اخذ بحظ وافر. رواه ابو داود و الترمذي.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди”, деганларини эшитдим”, деган эканлар.
عن ابن عباس رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال: فقيه واحد اشد علي الشيطان من الف عابد
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир фақиҳ Шайтон учун минг обиддан ҳам ашаддийроқ (душман)дир”, дедилар.
Хулоса қилиб айтганда, ислом динимизда илм энг улуғ неъматлардан бири сифатида эътироф этилади. Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари илмнинг нафақат билиш воситаси, балки инсонни маънавий камолотга етакловчи асосий омил эканини кўрсатади. Ҳақиқий илм инсон қалбида Аллоҳга нисбатан қўрқув ва масъулият ҳиссини шакллантиради, уни тўғри йўлга бошлайди.
Мақолада айтилган гаплардан келиб чиқиб, илмли ва илмсиз кишилар ўртасида кескин фарқ мавжудлиги, илм эгаларининг жамиятдаги ўрни юксак экани ҳамда уламолар пайғамбарлар меросхўрлари сифатида инсониятни ҳидоятга бошловчи куч эканлиги аниқланади. Шунингдек, илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун муҳим вазифа бўлиб, у инсонни нафақат дунёда, балки охиратда ҳам саодатга эриштириши таъкидланди.
Шу боис, жамият тараққиёти ва маънавий юксалиш илмга бўлган эътибор, уламоларни қадрлаш ва ҳақиқий илмни ўрганиш билан чамбарчас боғлиқдир.
Абдулҳодий АБДУРАҲМОНОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.
Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.
Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.
Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.
Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати