Бугун, 24 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни нашриёт бош директори Султонбек Имомназаров олиб борди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, муфтий ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов, Обиджон Қодиров ва бошқа масъуллар қатнашди.
Байрам тадбирида сўзга чиққан Ҳомиджон домла Ишматбеков Муфтий ҳазратнинг табригини етказиб, нашриёт ходимларининг маърифат тарқатишдек машаққатли ва шарафли ишларини эътироф этди.
Тақдирлаш маросимида тўрт нафар ходимга умра йўлланмаси тақдим этилди. Шунингдек, жонкуяр ва фидойи ходимлар “Ташаккурнома” ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати