Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Ашуро - яхши кундир

25.06.2026   17177   3 min.
Ашуро - яхши кундир

Ашуро – Муҳаррам ойининг ўнинчи куни бўлиб, Исломда фазилатли кунлардан саналади. Бу куннинг шарафи ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: “Нима бу? (яъни, нима учун бу кун рўза тутяпсиз?)” дедилар. Улар: Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган, деб жавоб беришди. Шунда у зот алайҳиссалом: Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман, дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривояти).

Ашуро кунининг энг катта фазилатларидан бири — бу кунда тутилган рўзанинг улкан савобидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишидан Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ашуро куничалик бирор куннинг рўзасини ҳамда ушбу рамазон ойичалик (бирор ойни) савоб талабида бошқасидан афзал билганларини кўрмаганман”, деди (Имом Бухорий ривояти).

Уламолар бу ҳадисдаги гуноҳлар кичик гуноҳлар эканлигини баён қилганлар. Катта гуноҳлар учун эса тавба қилиш лозим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ахир, бу – яҳудийлар ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку?”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар келаси йили бўлса, албатта, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Бу воқеа охирги вақтларда бўлган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам авваллари бирор нарсага буюрилмаган ишларда аҳли китобларга мувофиқ бўлишни хоҳлардилар. Айниқса, мушрикларга хилоф бўлган ишларда шундай эдилар. Макка фатҳ бўлиб, Ислом машҳур бўлганидан сўнг аҳли китоблардан ҳам фарқли бўлишни хоҳладилар. Шунинг учун аввалда: Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман, деган бўлсалар, кейинчалик улардан ҳам ажралиб туришни истадилар ва Ашуро кунидан олдин ёки кейин яна бир кун рўза тутиб қўйишга буюрдилар”.

Шу сабабли уламолар Ашуро рўзасини 9-10 ёки 10-11 муҳаррам кунлари тутишни мустаҳаб деб билганлар.

Ашуро куни мўмин учун Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш, гуноҳлардан тавба этиш, зикр ва ибодатни кўпайтириш учун яхши фурсатдир. Бу муборак куннинг фазилатидан фойдаланиб, рўза тутиш ва солиҳ амалларни кўпайтириш ҳар бир мусулмон учун катта манфаатдир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ашуро кунининг фазилатидан баҳраманд бўладиган бандаларидан қилсин.


Аслиддин МИРЗАМИДДИНОВ,
Тошкент Ислом институти “Қуръон илмлари кафедраси ўқитувчиси

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Сиэтл шаҳри 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди

28.08.2026   51538   1 min.
Сиэтл шаҳри 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди

АҚШнинг Сиэтл шаҳри мери Кети Б. Уилсон 2026 йил 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб расман эълон қилди. Бу ҳақда шаҳар мери томонидан имзоланган махсус прокламацияда қайд этилган.

 

Ҳужжатда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги, мамлакатнинг шу давр мобайнида суверенитет, тараққиёт ва кенг кўламли ўзгаришлар йўлини босиб ўтгани алоҳида таъкидланган.


Шунингдек, прокламацияда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат экани, иқтисодиёт йиллик 5–6 фоиз атрофида ўсиб бораётгани, очиқ бозор ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётгани қайд этилган.

 

Ҳужжатда Ўзбекистоннинг қадимий Ипак йўли марказида жойлашгани ва бугунги кунда 100 миллиондан ортиқ истеъмолчини қамраб олувчи минтақага стратегик дарвоза вазифасини бажараётганига ҳам урғу берилган. Бу эса савдо, инвестиция, логистика, технология ва энергетика соҳаларида Сиэтл бизнес ҳамжамияти билан ҳамкорлик учун катта имконият сифатида баҳоланган.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консуллиги фаолияти икки томон ўртасида одамлар, бизнес ва давлат идоралари даражасида узоқ муддатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган.

 

https://t.me/Rasmiy_axborot_official

Ўзбекистон янгиликлари