Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Журналист одоби ва ахборот тарқатиш масъулияти

25.06.2026   26706   2 min.
Журналист одоби ва ахборот тарқатиш масъулияти

Биринчидан, тарқатилаётган ҳар бир маълумот ва ахборот инсонлар манфаатига хизмат қиладиган яхши сўз бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир (Иброҳим сураси, 24-25 – оятлар).

 

Иккинчидан, турли фаҳш ва беҳаё маълумотларни, бўхтон, ёлғон ҳамда миш-миш хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш шарт.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “...фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир” (Нур сураси, 19-оят).

 

Учинчидан, тарқатилаётган ҳар қандай хабар ёки маълумот учун Қиёмат куни жавоб беришни ҳамда “Китобат ҳам хитобат кабидир (ёзиш – гапириш каби)”, деган қоидани унутмаслик керак.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур” (Ёсин сураси, 65-оят).

Имом Шофиъий айтадилар: “Вафот этмайдиган ёзувчи йўқ. Аммо унинг қўллари ёзган нарсалар неча йиллар ўтсада сақланиб қолади. Шундай экан, Қиёматда кўрганингизда хурсанд бўладиган нарсадан бошқа ҳеч нарса ёзманг!”.

 

Тўртинчидан, ҳар бир ахборотнинг ишончли эканини текшириб, кейин тарқатиш.

Аллоҳ таоло шунга буюради: Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Бешинчидан, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш. Ўзгаларнинг меҳнатини кўчириб, ўзлаштириб олмаслик.

Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: “Менга бу сўзни фалончи айтган”, деб айтувчисини аниқ шаклда гапирган киши ҳақиқий марддир”, деганлар.

Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: “Жумла ёки сўзни нақл қилувчига нисбат бериш омонатдир”.

 

Олтинчидан, ҳар бир касб эгаси ўз мутахассислиги доирасида ахборот ёки маълумот тарқатиши лозим. Билими етмаган, мутахассислиги бўлмаган хабарни тарқатмаслик керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент 35 йиллик мустақиллик арафасида 852 нафар маҳкумни афв этди

27.08.2026   3578   1 min.
Президент 35 йиллик мустақиллик арафасида 852 нафар маҳкумни афв этди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор, хабар бермоқда Batafsil.uz.
Афв этилган 852 нафар шахсдан 604 нафари жазони тўлиқ ўташдан озод қилинади. Яна 115 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади.
52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроқ жазо турига алмаштирилади. 81 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати эса қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам бор.
Президент фармонида афв этишга асос сифатида маҳкумларнинг қилмишига пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани кўрсатилган.
"Ўзбекистон 24" телеканали маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён 31 та афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар жами 10 567 нафар жазо ўтаётган шахсни қамраб олган.
Хусусан, Президент Наврўз ва Рамазон ҳайити арафасида ҳам 392 нафар маҳкумни афв этганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари