Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ислом беш нарсага бино қилингандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ", деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси вакилларининг Сингапурга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида ушбу мамлакатнинг Диний реабилитация гуруҳи (“Religious Rehabilitation Group”) ҳамда Наньянг технологик университети ҳузуридаги С.Ражаратнам номидаги халқаро тадқиқотлар мактабида учрашувлар ўтказилди.
Музокаралар давомида радикаллашув ва экстремизмнинг олдини олиш, дерадикализация, маҳкумларни ижтимоий реабилитация қилиш, стратегик коммуникацияларни ривожлантириш ҳамда ахборот маконида бузғунчи ғояларга қарши илмий асосланган раддиялар ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон ва Сингапур тажрибаси атрофлича кўриб чиқилди.
Сингапур томони “RRG” ва “RSIS” марказлари фаолияти мисолида радикаллашувга қарши тизимли профилактика, бузғунчи ғоялар таъсирига тушган шахслар билан индивидуал реабилитация ишларини олиб бориш, уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, илмий-таҳлилий тадқиқотлар олиб бориш ва жамоатчилик билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш амалиёти ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон делегацияси вакиллари мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жамиятда бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини тарғиб қилиш, ёшларни радикал оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишда илмий ёндашувларни ривожлантириш борасидаги изчил чора-тадбирлар билан сингапурлик шерикларни таништирди.
Учрашувлар якунида томонлар экстремизмга қарши курашиш, хавфсизликни таъминлашда стратегик коммуникацияларни кучайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, икки давлат соҳавий мутахассислари ўртасида академик алмашинувлар ва ҳамкорликдаги анжуманларни ташкил этиш бўйича муҳим келишувларга эришди.