Падари бузрукворим шундай дедилар: "Биродар! Дарҳақиқат, илм ато қилиш ва фойда етказиш на устознинг, на воизнинг ва на насиҳат қилувчининг иши. У нарса бошқа бир Зотнинг ато этганидир. Илмни Аллоҳ беради. Бирор восита орқали беради, кимнидир сабаб ҳам қилади. Агар бирор одам илм толиби бўлиб ҳақиқий талаб ила келса, у ҳолда Аллоҳ таоло устознинг қалбида унинг учун фойдали бўладиган нарсани солиб қўяди. Йўқса, бирор кимсада ўзгага бирор фойда етказиш қудрати йўқдир. Токи, Аллоҳ таолонинг тавфиқи бўлмаса ва У Зот ирода қилмаса, бирор шахс ўзгага фойда етказа олмайди. Аллоҳ хоҳласа, бир жумла ила фойда етказиши мумкин. Агар хоҳламаса, узун ва мазмундор ваъзлар ҳаммаси бекор кетади".
Улуғларимизнинг бир гапи бор: "Толибнинг (илм) талаби баракотидан (илм) айтувчининг қалби ва тилига Аллоҳ таоло эшитувчилар учун фойдали нарсани жорий қилиб қўяди".
Дин илмининг баракалари
Шайхул ислом, Аллома Шамсул Ҳақ Афғоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Девбандаги "Дорул улум" мадрасасида ҳадис илмининг бир талабаси вафот этди. Жаноза ўқилиб, дафн қилинди. Кейин ворисларига хат юборилди. Масофа узоқлиги учун хат олти ой деганда етиб борди. Марҳумнинг қариндошлари келишди... Ректор Қори Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари билан учрашишди ва: "Биз маййитни қабрдан қазиб олиб, юртимизга олиб кетишни хоҳлаймиз", дейишди. Қори Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари уларга узоқ тушунтирдилар. Лекин улар жуда қайсар эди, гапга кирай дейишмасди. Шунда Қори Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари уларни менинг ҳузуримга юбордилар. Мен ҳам уларга узоқ тушунтирдим. Улар эса: "Биз маййитни ё олиб кетамиз, ёки бутун қариндошларимиз билан бу ерга кўчиб келиб оламиз", дейишди...
Хуллас, қабр қазилди, не холки, олти ойдан кейин маййит кафанида бус-бутун ётган эди. Ундан ажиб хушбўй тараларди. Маййитнинг жасади қутига солинди ва ҳурмат юзасидан бир талаба улар билан бирга юборилди. Унинг юртига темир йўл орқали борилар эди. Темир йўл вокзалида божхона ва назоратчи ходимлар тўхтатиб: "Бу қутида маййит эмас, ноқонуний йўл ила олиб кетилаётган мушки анбар бор", деб, тобутни очишга мажбурлашди. Очиб қарасалар, не кўз билан кўрсинларки, унда ўлик жасад, аммо ҳадис илмини ўрганаётган талабанинг жасади бор эди, ундан жудаям хуш ҳид таралаётган эди.
"Насиҳатлар гулдастаси" китобидан
Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.
ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.
Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.
Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."
Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.
Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:
Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати