Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Август, 2026   |   18 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:25
Қуёш
05:48
Пешин
12:23
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:21
Bismillah
31 Август, 2026, 18 Рабиъул аввал, 1448

Динини ҳимоя қилганни Аллоҳ ҳифзида сақлайди

29.06.2026   16104   1 min.
Динини ҳимоя қилганни Аллоҳ ҳифзида сақлайди

Салбчилар Искандарияга ҳужум қилган вақтларида гўзал ва мол-мулки кўп бир аёл қочиб қолишга улгурмади. У билан бирга хизматкорлари ва жориялари ҳам бор эди. Шу пайт уларнинг уйига европаликлар қўлларида қиличларини яланғочлаб кириб келишди ва уларнинг бири: “Пуллар қаерда?”, деб сўради. У қўрқиб кетиб турган жойида уй ичидаги сандиқларда эканини айтди ва қўрқувдан қалтирай бошлади. Уларнинг бири: “Қўрқма, сен менинг ҳимоямда бўласан, мол-мулким ва яхшилигим ичра ҳузур-ҳаловатда яшайсан”, деди. Аёл бундан душман уни ёқтириб қолганини англади ва қўрқиб турсада унга чиройли муомала қилиб ҳожатга чиқиб келишга изн сўради. У эса аёл ҳам шуни хоҳлайди деб ўйлади ва унга рухсат берди.

Европаликлар уй ичига кириб сандиқларни талай бошлашди. Аёл эса уй эшигидан чиқиб мешлар тўла қоп-қоронғу омборга кирди ва у ерга яшириниб олди. Европаликлар эса ҳамма жойни талаб охири уни қидиришди, лекин топа олишмади ва жўнаб кетишди. Хизматчилари ва жориялари ҳам бу пайтда яширинишга улгуришган эди. Шундай қилиб уларнинг барчаси асирликка тушишдан қутилиб қолишди. Аёл бундай деди: “Дин ва номус саломатлиги барча нарсадан устун. Мол-дунё эса мана шундай воқеалар учун керак, холос. Чунки фақирлик асирга тушиш ва зулм сабаб динини ўзгартиришдан кўра яхшироқдир”.

Шуъла: Қочиб қутилишингиз мумкин бўлмаган бир ҳақиқатни қабул қилинг: Бу дунёда сиз доимо ўзгартириш имконсиз бўлган ишларга йўлиқасиз, улар билан фақатгина сабр билан муомала қилишингиз мумкин, холос.

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

31.08.2026   2053   1 min.
13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.

Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.

Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.

Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари