Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Август, 2026   |   18 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:25
Қуёш
05:48
Пешин
12:23
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:21
Bismillah
31 Август, 2026, 18 Рабиъул аввал, 1448

Коррупция занжири

29.06.2026   20152   1 min.
Коррупция занжири

Бемор шифокорнинг ҳузурига борди. Қабул бўлимида ўтирган ходима ундан навбатсиз киритиш эвазига қўшимча 50 минг сўм олди.

Шифокор беморга муайян бир компания ишлаб чиқарган дорини ёзиб берди, чунки унинг сотувдан ўз улуши бор эди.

Ҳамшира беморга дорини ён атрофдаги дорихонадан сотиб олишни тайинлади, чунки бундан унга ҳам воситачилик ҳаққи (комиссия) бериларди.

Шифокор билан тил бириктирган ўша фармацевт (дорихоначи) ишини тугатиб, уйига қайтиш учун таксига ўтирди. Вақт кеч бўлиб қолгани сабабли, ҳайдовчи ундан икки баравар ҳақ талаб қилди.

Ҳайдовчининг гувоҳномаси муддати ўтган эди. Йўлда ЙПХ (йўл патрул хизмати) тўсиғига дуч келди. ЙПХ ходими унга 500 минг сўм жарима солмаслик эвазига ундан 50 минг сўм олди.

Эртаси куни ЙПХ ходими касал бўлиб қолди ва ўша шифокорнинг ҳузурига борди... ва шу тариқа воқеа қайтадан такрорланди.

Мана шундай қилиб, ҳаром топилган пул бебарака ва бесамар ишларга сарф бўлиши билан бирга, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган кимсаларнинг кундалик ҳаёти ана шундай муаммолар гирдоби ичида қолади.

 

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Имом Бухорий" ордени — юксак эҳтиром рамзи!

28.08.2026   42105   2 min.

Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.

Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!

Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.

Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.

Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.

Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.

Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).

Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.

Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари