Бемор шифокорнинг ҳузурига борди. Қабул бўлимида ўтирган ходима ундан навбатсиз киритиш эвазига қўшимча 50 минг сўм олди.
Шифокор беморга муайян бир компания ишлаб чиқарган дорини ёзиб берди, чунки унинг сотувдан ўз улуши бор эди.
Ҳамшира беморга дорини ён атрофдаги дорихонадан сотиб олишни тайинлади, чунки бундан унга ҳам воситачилик ҳаққи (комиссия) бериларди.
Шифокор билан тил бириктирган ўша фармацевт (дорихоначи) ишини тугатиб, уйига қайтиш учун таксига ўтирди. Вақт кеч бўлиб қолгани сабабли, ҳайдовчи ундан икки баравар ҳақ талаб қилди.
Ҳайдовчининг гувоҳномаси муддати ўтган эди. Йўлда ЙПХ (йўл патрул хизмати) тўсиғига дуч келди. ЙПХ ходими унга 500 минг сўм жарима солмаслик эвазига ундан 50 минг сўм олди.
Эртаси куни ЙПХ ходими касал бўлиб қолди ва ўша шифокорнинг ҳузурига борди... ва шу тариқа воқеа қайтадан такрорланди.
Мана шундай қилиб, ҳаром топилган пул бебарака ва бесамар ишларга сарф бўлиши билан бирга, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган кимсаларнинг кундалик ҳаёти ана шундай муаммолар гирдоби ичида қолади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати