Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
Мўмин-мусулмонлар, Ҳиндистон диёри, балки бутун Ислом олами, ақида, ҳадис, фиқҳ ва сийрат олими бўлган устоз аллома, шайх Саййид Салмон Ҳусайний Надавийдан жудо бўлди.
Аллоҳ таоло бу мухлис, юксак мартабали олим бандасини раҳматига чулғасин, чеккан машаққатлари, тортган дардларини каффорат айласин, динига, мусулмон умматига қилган хизматларини, манфаатли илмларини садақаи жория ўлароқ ҳусни қабул қилсин, қабрларини муаттар ва мунаввар айлаб, Фирдавс жаннатларига етиштирсин!
Мавлоно Саййид Салмон Ҳусайний Надавий ҳазратларининг аҳли байтларига, яқинларига, барча шогирду мухлисларига, бутун Ислом умматига самимий таъзия изҳор қиламиз, Аллоҳ таолодан сабри жамил сўраймиз, ҳақларига қилинаётган барча хайрли дуоларни мустажоб қилишини тилаймиз.
«Сабрлиларга хушхабар берингки, улар ўзларига мусибат етганда "Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз", деганлардир».
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги «Оқ масжид» жоме масжидининг янги биноси пойдеворига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, туман имом-хатиблари, маҳалла фаоллари ва кўп сонли намозхонлар иштирок этди.
Йиғилганлар мазкур эзгу ташаббуснинг бардавом бўлишини, қурилиш ишларининг кўнгилдагидек, бехатар ва тез фурсатларда якунланишини тилаб, Аллоҳ таолодан хайр-барака сўраб дуолар қилдилар.
Таъкидланганидек, янги бино қад ростлаши натижасида ҳудуд аҳолиси ва масжид қавми учун янада кенг, қулай ва замонавий шароитлар яратилади.
Шунингдек, масжид қурилишига холис ҳисса қўшаётган барча саховатпеша юртдошларимиз ҳамда қурувчи-мутахассислар ҳаққига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати