Тарих далолат берадики, ҳар қандай жамиятнинг чинакам тараққиёти, миллатнинг истиқболи унинг маърифатли, соғлом ва шижоатли авлодига боғлиқ. Ислом дини таълимотида ҳам ёшлик даври инсон умрининг энг ғанимат, айни куч-қувват ва ғайратга тўлган фурсат сифатида қадрланади.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан замонавий илмларга эга бўлган йигит-қизларимизнинг муваффақиятларини алоҳида эътироф этиш, уларга давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътиборни бир эслаб ўтиш ўринлидир.
Дарҳақиқат, навқирон авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган эътибор тезда ўз меваларини бермоқда. Биргина 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари бўлган мактаб ўқувчилари 29 та халқаро илмий олимпиадаларда жами 210 та медални қўлга киритди. Ислом таълимоти инсониятга манфаат келтирувчи ҳар қандай фойдали илмни эгаллашга тарғиб қилишини англаган ёшлар аждодларимиз илмий меросини муносиб давом эттиришмоқда.
Иқтисодиёт ва замонавий касблар йўналишида ҳам ёшларга берилган имтиёзлар туб бурилиш ясади. Рақамли технологиялар асрида ёш дастурчи ва мутахассислар учун яратилган шароитлар туфайли 2026 йилнинг фақатгина биринчи чорагида (январь-март) IT Парк аъзолари томонидан кўрсатилган хизматлар экспорти ҳажми 191,8 миллион доллардан ошиб кетди. Бу – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кўп, дегани. Бугун минглаб йигит-қизлар ҳалол меҳнат билан глобал бозорга дастурий маҳсулотлар экспорт қилиб, нафақат ўз оиласи, балки юрт фаровонлигига ҳисса қўшмоқда.
Давлат томонидан ёшлар бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида яратилган маҳаллабай тизим ҳам яхши самара бермоқда. Биргина ўтган йил давомида «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан 330 мингдан зиёд йигит-қизга ижтимоий ва иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди. Шу билан бирга, ижтимоий шериклик ва хайр-саховат анъаналаримиз асосида «Вақф» жамоат хайрия фонди томонидан ҳам кўплаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг таълим шартномалари тўлаб берилаётгани эътиборга молик. Бу — халқимизга хос бўлган ўзаро кўмак ва меҳр-оқибатнинг ёрқин ифодаси бўлиб, ёшларнинг илм олишига берилаётган кўмакдир.
Бутунжаҳон шахмат олимпиадаларида тарихий ғалабаларни қўлга киритиб, рейтингда етакчилик қилаётган ёш гроссмейстерларимиз, халқаро майдонларда юрт байроғини баланд кўтараётган чемпионларимиз ана шу ғамхўрлик ва рағбатнинг маҳсулини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда ташкил этилган Халқаро ислом академияси, ҳадис ва калом илми мактабларида ҳам кўплаб толиби илмлар диний-маърифий ва дунёвий фанларни омухта ҳолда ўзлаштириб, юртимиздан яқин келажакда яна буюк алломалар етишиб чиқишига замин яратмоқда.
Томирида Имом Бухорий, Ал-Хоразмий ва Мирзо Улуғбеклар қони оқаётган бугунги шижоатли авлоднинг саъй-ҳаракатлари юртимизни янада юксак чўққиларга олиб чиқишига ишонамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Ислом ишлари ва вақфлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик имом-хатиблар учун БААда малака ошириш ўқувлари бошланди. Бу ҳақда мазкур жараёнда иштирок этаётган Масжидлар билан ишлаш бўлими хабар берди.
Мазкур ўқув курсларининг асосий мақсади икки қардош мамлакат диний соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор маърифий ёндашувлар, замонавий иш усуллари ҳамда долзарб диний-ижтимоий масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.
Сафар доирасида бўлиб ўтган навбатдаги илмий-амалий машғулот давлатчилик асослари, бағрикенглик маданияти ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусига бағишланди. Унда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва жамият барқарорлигида «васатийя» (мўътадиллик) тамойилининг ўрни муҳимлиги таъкидланди. 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётган ушбу мамлакатда инсон қадри ва ўзаро ҳурмат асосий мезон эканига урғу берилди.
Ўз навбатида, БАА томони Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини юксак эҳтиром билан тилга олди.
Малака ошириш жараёнида иштирокчилар масжидлар фаолиятини ташкил этиш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, хусусан, маъруза ва суҳбатларни замонавий ахборот технологиялари — интерактив тақдимотлар ва проекторлар орқали кўргазмали етказиш бўйича илғор амалиётлар билан яқиндан танишмоқдалар.
Тадбир давомида БАА раҳбариятининг глобал миқёсдаги инсонпарварлик ва хайрия ташаббуслари ҳам алоҳида эътироф этилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур манфаатли сафарни ташкил этган мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати