Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Сохта салафийларга эргашиб қолманг!

03.03.2023   1913   3 min.
Сохта салафийларга эргашиб қолманг!

Бугунги глобаллашув жараёнида Ислом умматлари ўртасида турли тафриқалар келиб чиқмоқда. Билиб-билмай хар хил фирқаларнинг таъсир доирасига тушиб қолган баъзи ёшларнинг бундай хато йўлга кириб қолаётгани кузатилмоқда. Кейинги пайтларда Ислом мафкураси ва тарихига зид ғоялари билан қайта намоён бўлаётган “сохта салафийлик” оқими ўзларининг ақидавий ва ҳуқуқий масалаларини кўпинча суриялик Ибн Таймия (1263-1328) таълимоти билан асосламоқчи бўлишади. Ибн Таймия асарларида, исломга турли бидъатлар кириб қолгани айтилиб, мусулмонлар ва улар яшаётган жамиятларни, Қуръон ва суннат таълимотига асосланган йўлга солиш зарур, деган ғоялар илгари сурилади.

Сохта салафийлар жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан бошқа диндагиларни душман санаб, динлараро адоват уйғотишга уринади. Улар нафақат бошқа дин вакилларига, балки шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларни ҳам шундай аташади.

Бугунги кунимизда ҳар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган гап ҳам мутлақо асоссиздир. Имом Аҳмад айтади: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи суннат ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”. Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Ҳадис илмлари, агар фиқҳ илми бўлмаса, адаштиради”.

Имом Абу Бакр Ҳаравий айтади: “Инсонлар динда икки қисмдир: муқаллид ва мужтаҳид. Мужтаҳидларнинг илмли бўлиши шартдир. Дин илми эса, Қуръон ва суннатга ва у иккисида ворид бўлган араб тилига тааллуқлидир. Энди, кимки Қуръон ва суннатни, уларнинг лафзий ҳукмларини, собит ва мансухларини билса, олдин ва кейин келган ҳукмларини ажрата олса, ўша кишининг ижтиҳоди дуруст ва унинг даражасига етмаганлар унга тақлид қилишлари жоиздир. Мужтаҳид бўлмаган кишига эса, олимлардан сўрамоғи ва тақлид қилмоғи фарздир.

Бизнинг давримизда ҳам икки юздан ортиқ сохта салафийликка ўхшаш ёт оқимлар мавжуд.

Исломда бирон бир мусулмонга тажовуз қилиш ёки уни ноҳақ ўлдиришга асло рухсат берилмаган. Бундай хунрезликни қилган кимса учун охиратда улкан азоб бордир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Ким мусулмонни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. У ерда у узоқ вақт қолади. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати бўлсин! Ҳамда У (Аллоҳ таоло) унга улкан азоб тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Ояти Каримадан биламизки мусулмонни кофирга чиқаришдан жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. Ўзларига Қуръон ва ҳадиси шарифларда келган чиройли номлар қўйиб, чин маънодаги мусулмонликни даъво қилаётган турли хил оқимларнинг ёт ғояларига алданишдан огоҳ бўлиш зарур. Ислом тинчлик, меҳр-оқибат ва одоб-ахлоқ дини эканини асло ёддан чиқармаслигимиз, келгуси авлодларга ҳам асл мақсадни, шариатни, уламоларимиз йўлларини етказишда собитқадам бўлишлигимиз лозим ва лобуддир.

 

Норин тумани Қурбон ота масжиди
имом хатиби Авазбек Тўраев

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мустақиллик шукуҳи — эзгулик ва саховат тимсоли

14.08.2026   9462   1 min.
Мустақиллик шукуҳи — эзгулик ва саховат тимсоли

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда тинчлик, меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик каби юксак қадриятларни кенг тарғиб этишга қаратилган хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан,13 август куни Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, отинойилар, «Ҳаж–2026» зиёратидан қайтган ҳожи оталар ва ҳожи оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Р.Собитов иштирок этди. Тадбир доирасида    «Мустақиллик шукуҳи» шиори остида Урганч шаҳридаги боқувчисини йўқотган, етим, ночор ва кам таъминланган оилалардан 100 нафарига ВАҚФ жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорликда моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бу хайрли амал орқали эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий кўмак ва самимий меҳр-эътибор улашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари