Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун – Ёшлар куни.
Аввало, шуни айтмоқчиман: Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!
Сизлар илм олиш учун эшиклари очиқ бўлган юртда яшаяпсиз. Илм олишни истасангиз, касб-ҳунар ўрганишни истасангиз ҳам, олий таълим олишни истасангиз ҳам имкониятлар бор. Ота-онангиз тинч осмон остида сизнинг камолингизни орзу қилиб яшаяпти.
Бу неъматларнинг қадрига етинг.
Ҳар бир неъматнинг шукри бўлади. Ёшлигингизнинг шукри – уни Аллоҳ рози бўладиган йўлда сарфлашдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152-оят).
Азиз ёшлар!
Бугун дунё сиз учун курашмоқда. Аммо бу кураш қурол билан эмас, қалбингиз учун курашдир.
Бир томонда муаллим устозларингиз чақиради.
Иккинчи томонда нафс чақиради.
Бир томонда ота-онанинг дуоси.
Иккинчи томонда интернетдаги номаълум одамларнинг чақириқлари.
Бир томонда юртимиз уламолари.
Иккинчи томонда ўзини “ҳақиқат тарафдори” деб кўрсатадиган, аммо аслида ёшларни фитна, ғазаб ва адоват сари етаклайдиган бузғунчи оқимлар.
Улар сизга: “Фақат биз ҳақмиз”, дейди.
Аммо уларнинг ортидан борган қанча ёшлар ота-онасидан, илмидан, юртидан айрилди, энг ачинарлиси эса, хотиржамлигини ҳам йўқотди. Улар бахт излаб чиқиб, бахтини йўқотди.
Ислом эса, инсонни ота-онасига меҳрибон, юртига фойдали, илмга ташна, одобли ва раҳмли бўлишга чақиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи уларнинг қадрига етмайди: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлик ҳам мана шу икки неъматнинг энг гўзал давридир.
Бугун телефонингизда биргина тугма билан дунёнинг ҳар хил фикрлари кириб келади.
Аммо унутманг...
Ҳар кўп кузатиладиган одам ҳақ бўлавермайди.
Ҳар чиройли гап жаннатга олиб бормайди.
Баъзан энг хавфли заҳар энг ширин идишда бўлади.
Шайтон ҳам ҳеч қачон инсонни: “Кел, гуноҳ қил”, деб бошламайди. Аввал: “Фақат битта видео кўр”, дейди. Кейин: “Фақат битта шубҳали саҳифани ўқиб кўр”, дейди. Сўнг эса қалб аста-секин нурини йўқота бошлайди.
Бугун сен кимни тинглаётганинг – эртага ким бўлишингни белгилайди.
Ким билан юрганинг – қаерга боришингни белгилайди.
Нимани кўраётганинг – қалбинг қандай бўлишини белгилайди.
Шунинг учун уламоларга маҳкам ёпишинг.
Диёрингиз уламоларига яқин бўлинг.
Жонажон ватанингизни дўст тутинг.
Илм-ҳунарни ҳаётингизнинг энг гўзал лаҳзасига айлантиринг.
Ота-онангизнинг розилигини йўқотманг.
Чунки ота-онанинг биргина дуоси баъзан инсонни дунё ва охират саодатига олиб боради.
Азиз ёшлар!
Ёшлик – ўтиб кетадиган фасл.
Бугун кучли оёқлар бир кун қарийди.
Бугун ўткир кўзлар бир кун хиралашади.
Бугун тез югураётган юрак ҳам бир кун тўхтайди.
Аммо ёшлигингизда ватанингизга қилган бир фидоийлик, бир садақа, бир илм, бир яхшилик Қиёмат кунигача сиз билан қолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар: Қиёмат куни банда беш нарсадан сўралади. Улардан бири “Ёшлигини нимага сарфладинг?”.
Шундай экан, бугун жавобини тайёрлайлик.
Эй ёшлар!
Сиз бу юртнинг умидисиз.
Ота-онангизнинг қувончисиз.
Устозларингизнинг мевасисиз.
Умматнинг эртанги кунисиз.
Шундай экан, ҳеч ким сизнинг пок қалбингизни ўғирламасин.
Ҳеч ким сизни илм йўлидан чалғитмасин.
Ҳеч ким сизни фитнага бошламасин.
Илм билан юксалинг.
Одоб билан безанинг.
Шундай ёш бўлингки, сизни кўрган ота-она: “Аллоҳим, Ўзинга шукур, фарзандимдан розиман Сен ҳам рози бўлгин”, деб дуо қилсин.
Аллоҳ таоло барча ёшларимизни иймони мустаҳкам, илми зиёда, одоби гўзал, ота-онасига садоқатли, Ватанига фойдали ва умматга хизмат қиладиган солиҳ инсонлардан айласин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби
Бугун, 9 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Индонезиянинг Ҳаж ва умра ишлари вазири Муҳаммад Ирфон Юсуф ҳамда мамлакатимиздаги элчиси Сити Руҳаини Жуҳаятин бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Диний идора раиси ўринбосари, "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси Зайниддин домла Эшонқулов ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Суҳбат аввалида икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик муносабатлари юқори даражага кўтарилгани таъкидланиб, меҳмонлар Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ёнида янги барпо этилган "Ҳадис" меҳмонхонаси очилиши билан қутланди. Шунингдек, делегацияга юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотлар, Диний идора, Уламолар Кенгаши ва Фатво маркази фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.
Мулоқот давомида XIV аср охири XV аср бошларида Индонезияда Ислом маърифати ёйилишига ҳисса қўшган Иброҳим Самарқандий ва бошқа уламолар мероси халқларимизни чамбарчас боғлаб туриши қайд этилди. Яқин ўтмишда Индонезиянинг биринчи Президенти Аҳмад Сукарнонинг Самарқанддаги Имом Бухорий қабрини зиёрат қилгани илиқ хотирланди.
Учрашувда Ҳаж ва Умра сафарларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда бу борадаги илғор тажрибаларни алмашиш масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Ислом молияси ва банк иши йўналишида мутахассислар тайёрлаш, юртимиздаги "Вақф" хайрия жамоат фонди ва Индонезия вақф ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Якунда мазкур ташаббус ва таклифларни ҳаётга татбиқ этиш учун масъуллар белгиланди. Меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати