Бугун, 30 июнь куни Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказди. Тадбирда жуда муҳим масалалар кун тартибига чиқди.
– Билинглар, энди давлатлар ҳудуди билан эмас, билими билан, аҳоли сони билан эмас, технологияси билан, табиий бойликлари билан эмас, инсон капитали билан рақобатга киришмоқда, – деди муҳтарам Президентимиз. – Билим, илм-фан ва тафаккур маҳсули бўлган янги “Билимлар иқтисодиёти” ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда.
Мен биламан, ўғил-қизларимизнинг ҳар бирида катта салоҳият бор, истеъдод бор, иқтидор бор. Сизлар ўз даврида буюк кашфиётлари билан дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг “ақл чироғи” бўлган буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларисиз. Албатта, ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир!
Аждодларимиз инсоният тараққиёти учун қандай буюк ишлар қилган бўлса, сизлар Янги Ўзбекистонда янги уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган куч бўлишингиз керак!..
Кеча Президентимиз ана шундай ўғил-қизларимиздан бир гуруҳини “Келажак бунёдкори” медали ва “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш ҳақидаги фармон ва қарорни имзолаган эди. Бугун ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
– Азиз ўғил-қизларим! Мен сизлардаги шижоат, билимга ташналик ва янгиликка интилишни кўриб, доим руҳланаман.
Сиз – азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: катта-катта марралар сари олға қадам ташланг, ўқинг, янги билим, янги касб ва замонавий технологияларни эгалланг, қийинчиликдан чўчиманг, меҳнатдан қочманг!
Шуни билингки, ортингизда сизларни катта умидлар билан вояга етказган ота-онангиз бор, сизларга билим ва тарбия берган, касб ўргатган устоз ва мураббийларингиз бор, сизларга ҳамиша таянч ва суянч бўладиган, ишонадиган ва доим қўллаб-қувватлайдиган Президентингиз бор!
Йўлингиз очиқ, ниятингиз улуғ, қаддингиз баланд бўлсин! – деди Президентимиз ёшлар билан мулоқот якунида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон–Озарбайжон саммитининг иккинчи куни тадбирларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф хайрли амалдан – Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.
Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати