Ўз замонасининг энг катта қасрида, қўл остида кўплаб жория ва қуллари билан, тўкис ҳаёт ичида яшайдиган аёл бор эди. У Осиё бинти Музоҳим, Фиръавннинг аёли эди. У қасрда осойишталикда яшарди, бироқ унинг қалбида иймон нури барқ урди. Шундан кейин эри унинг бошига қийинчиликлар сола бошлади. У ўткир назарли аёл эди, қўл остидаги жория ва қуллар ҳамда шундай тўкин ҳаётни тарк этиб, уларни иймони йўлида фидо қила олди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Китобида зикр этиши ва мўминларга намуна қилишига ҳақли бўлди. Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا لِلَّذِينَ آَمَنُوا اِمْرَأَةَ فِرْعَوْنَ إِذْ قَالَتْ رَبِّ ابْنِ لِي عِنْدَكَ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ وَنَجِّنِي مِنْ فِرْعَوْنَ وَعَمَلِهِ وَنَجِّنِي مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ﴾
“Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб кўрсатди. У: “Роббим, менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва золим қавмлардан нажот бергин, деб айтди” (Таҳрим сураси, 11-оят).
Уламолар ушу оятнинг тафсирида шундай дейишади: “Осиё розияллоҳу анҳо “Уй олишдан олдин қўшни танлаш”га амал қилдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг комилликка эришган аёллар орасида зикр этишларига муносиб бўлдилар. У зот алайҳиссалом айтадилар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: كمل من الرجال كثير. ولم يكمل من النساء غير مريم بنت عمران وآسية امرأة فرعون وإن فضل عائشة على النساء كفضل الثريد على سائر الطعام
“Эркаклардан кўпчилик комилликка эришган. Аёллардан эса фақат Фиръавннинг аёли Осиё ва Имроннинг қизи Марямгина комилликка эришган. Албатта Оишанинг бошқа аёлларга нисбатан фазли худди сарид (арабларнинг севимли таоми)нинг бошқа таомларга нисбатан устунлиги кабидир” (Имом Бухорий ривояти).
Бу мўмина Фиръавннинг зулматларга тўлган қасрида порлаган чироқ Осиё онамиздир. Ким биз учун сабр, сабот ва Аллоҳ томон даъват этадиган чироқ ила нур сочади?
Шуъла: Фикрингизни бошқаринг, бахтли бўласиз.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати