Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июл, 2026   |   21 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:12
Қуёш
04:56
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:43
Bismillah
06 Июл, 2026, 21 Муҳаррам, 1448
Мақолалар

Миллий ўзлик ва юксак қадриятлар рамзи

02.07.2026   7284   1 min.
Миллий ўзлик ва юксак қадриятлар рамзи

Ҳар бир мамлакатнинг байроғи, герби ва мадҳияси унинг мустақиллиги ҳамда халқаро майдондаги обрў-эътиборини кўрсатувчи муқаддас тимсоллардир. Шу маънода, бизнинг бош гербимиз ҳам халқимизнинг бой ўтмиши, меҳнатсеварлиги, тинчликсевар табиати ва ёруғ келажакка бўлган қатъий ишончини ўзида мужассам этган. Ушбу давлат рамзлари халқнинг ўтмиши, бугуни ва эртасини боғловчи маънавий кўприк ва куч бўлгани сабабли, уларнинг туб моҳиятини ёш авлодга чуқур тушунтириш ватанпарварлик тарбиясининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.


1992 йил 2 июль куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, мустақил юртимизнинг рамзларидан бири тасдиқланган эди. Бу тарихий қадам миллий давлатчилик анъаналаримизни тиклаш ҳамда халқимизнинг олий орзу-истакларини қонуний мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлди. Шу боис, ҳар йили 2 июль санаси юртимизда шунчаки тарихий кун сифатида эмас, балки миллий ғурур ва Ватанга бўлган чексиз садоқатни ҳис этиш байрами ўлароқ кенг нишонланади. Мазкур қутлуғ айём ҳар бир юртдошимизни давлат рамзларини қадрлашга ва жонажон Ўзбекистонимиз равнақи учун дахлдорлик туйғуси билан яшашга чорлайди.


Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мана шундай тарихий янгиланишлар даврида давлат рамзлари халқимизни умумий ва эзгу мақсадлар атрофида жипслаштирувчи асосий маънавий суянчга айланди. Мустақиллигимиз, бирлигимиз ва юрт тараққиётининг рамзи бўлган давлат герби қалбларимизда юксак фахр ва ифтихор туйғусини уйғотаверади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бир кунда неча соат ухлаш керак?

02.07.2026   8296   3 min.
Бир кунда неча соат ухлаш керак?

ВАҚТ ҚАДРИ ВА УНДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ

Баъзи инсонларда соғлом ҳаёт кечириш учун ҳар куни албатта саккиз соат ухлаш керак, деган тушунча бор. Аммо аслида уйқу миқдори ҳар бир инсоннинг ҳолати, эҳтиёжи ва организмига боғлиқ. Асосий мақсад — маълум бир соатни тўлдириш эмас, балки тетик ва фаол ҳолатда уйғонишдир.

Кимдир олти соат ухлаб ҳам кун давомида самарали фаолият олиб бориши мумкин, бошқа бировга эса кўпроқ дам олиш керак бўлади. Муҳими — инсон уйқусини тартибга солиши ва вақтини қадрлаши лозим.

 

УЛУҒ ЗОТЛАР ҲАЁТИДАН НАМУНАЛАР

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ бир китобдан чарчаса, бошқасига ўтар, уйқуси келганда эса ўзини сув билан сергаклаштириб, яна илм билан машғул бўлар эди.

Муфассир Алусий раҳматуллоҳи алайҳ кечалари тафсир ёзар, кундузлари эса дарс берар эдилар. Унинг илмий мероси қанчалик улкан экани бу меҳнатнинг самарасидир.

 

ВАҚТНИ БЕҲУДА САРФЛАМАСЛИК

Инсон ҳаётида энг қимматли бойлик — вақтдир. Пулни йўқотган одам уни қайта топиши мумкин, аммо ўтган вақт ҳеч қачон қайтмайди.

Имом Ҳофиз Мунзирий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида айтади: Мен кечаю кундуз илм билан машғул бўлган, ҳатто овқатланаётганда ҳам илмдан узилмайдиган инсонларни кўрдим.

 

БЎШ ВАҚТНИ ТЎҒРИ БОШҚАРИШ

Баъзан инсон бир неча дақиқа дам олиш учун ўтиради, аммо бу вақт сезилмай соатларга айланиб кетади. Натижада умрнинг катта қисми фойдасиз ишларга сарфланади.

Шунинг учун ҳар бир инсон: Мен сарфлаётган бу вақтим менга ёки бошқаларга қандай фойда келтиради? деб ўзидан сўраши керак. Агар жавоб бўлмаса, у ишдан воз кечиш афзал.

 

ВАҚТДАН ФОЙДАЛАНИШГА ЗАМОНАВИЙ МИСОЛ

Баъзи ривожланган жамиятларда инсонлар ҳатто қисқа кутиш вақтларидан ҳам унумли фойдаланишга одатланган. Масалан, транспортда, навбатда ёки учрашув бошланишини кутаётганда улар китоб ўқийди, режалар тузади ё бирор иш билан шуғулланади.

Бу янги одат эмас. Аслида бу – мусулмон уламолари асрлар давомида амал қилган тамойилдир.

 

ҲАР БИР ЙИҒИЛИШ ФОЙДАЛИ БЎЛСИН

Абу Амр ибн Аъло раҳматуллоҳи алайҳи Асмоийга бундай насиҳат қилган: Агар бирор жойга боришинг илм олиш, яхшилик қилиш ёки фойдали мақсад учун бўлса — бор. Аммо беҳуда суҳбат, ғийбат ва вақтни исроф қилиш учун бўлса — ундан сақлан.

Инсоннинг учрашувлари ҳам, суҳбатлари ҳам фойдали бўлиши керак. Овқатланиш, меҳмончилик, дўстлар билан учрашиш — барчаси яхши ният ва фойдали мақсад билан бўлса, қадрлидир.

 

ХУЛОСА

Улуғ инсонларнинг ҳаёти бизга бир ҳақиқатни ўргатади: Вақт – Аллоҳ берган энг катта неъматлардан бири. Уни қадрлаган инсон дунёси ва охирати учун катта ютуқларга эришади.

Шунинг учун ҳар бир лаҳзамизни илм, ибодат, меҳнат ва фойдали ишлар билан безашга ҳаракат қилайлик.

 

Даврон НУРМУҲАММАД