Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Август, 2026   |   8 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:12
Қуёш
05:38
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:18
Хуфтон
20:39
Bismillah
21 Август, 2026, 8 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Кечирим сўрашга кечикманг

02.07.2026   27539   1 min.
Кечирим сўрашга кечикманг

Баъзан айб ўзимиздан ўтса-да, кечирим сўрашга шошилмаймиз. Хўш, бизни боримизча суйган, ардоқлаган инсонлар билан арзимас майда-чуйдалар, жиловланмаган ҳиссиётлар ва сохта ғурур туфайли деворлар қураётганимизда, аслида ким ғолиб бўлади?..


Ҳаёт бизга узоқ бир сафардек туюлади, аммо у аслида жуда қисқа. Бугун кимгадир заҳрингизни сочаётган, жаҳл отига минаётган бўлсангиз, бир лаҳза тўхтанг... Эртага ўша инсонни бағрингизга босиш, овозини эшитиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлиб қолишингиз мумкинлигини ўйлаб кўринг.


Вақт — шафқатсиз ҳакам. Йиллар биз ўйлагандан ҳам шиддат билан учиб ўтади. Кўзни очиб юмгунча болаларимиз улғайганини, сочларига оқ оралаган ота-онамизнинг янада чўкиб, кексайиб қолганларини сезмай қоламиз. Ва бир куни... атрофимизни фақат совуқ ва сукунат қоплагандагина кеч англаймиз.


Гоҳида телефонингизга келган ўша оддий хабар ҳақиқатан ҳам энг охиргиси бўлади. Гоҳида «кейин гаплашамиз» дея айтилган сўздан сўнг, ўша «кейин» ҳеч қачон келмайди.


Ёнингиздаги инсонларнинг тириклигида, нафас олиб турганида қадрига етинг. Кўксингизни тўлдириб турган сохта ғурурни енгиб, биринчи бўлиб қадам ташланг: «Кел, урушмайлик, сен мен учун азизсан», дейишга куч топинг. Чунки бу дунёда ҳақ бўлиб чиқишдан кўра армонларсиз, бахтли яшаш муҳимроқдир.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Илмий-амалий анжуман доирасида бир гуруҳ устоз ва ходимлар муносиб тақдирланди

21.08.2026   22488   1 min.
Илмий-амалий анжуман доирасида бир гуруҳ устоз ва ходимлар муносиб тақдирланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани доирасида соҳада алоҳида ўрнак кўрсатган устозларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Анжуманда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан ҳар жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар қаторида илм-фанни тараққий эттириш, аждодлар меросини ўрганиш, диний таълимни ривожлантириш ва соҳага кўрсатилаётган юксак эътибордан мамнунлик кайфияти ҳукм сурди.

Диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида самарали фаолият юритиб, ёшларга таълим-тарбия бериш, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиш ҳамда динимизнинг софлигини асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ педагог ва мударрислар меҳнати муносиб эътироф этилди.

Тадбир давомида соҳадаги фидокорона ва самарали меҳнатлари учун қуйидаги устоз ва педагоглар Фахрий ёрлиқ ҳамда Умра йўлланмалари билан мукофотланди:

  • Раҳматулла Умаров — Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси.
  • Махтумқули Тошқулов — Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси.
  • Азимхон Абдуллаев — Ҳидоя ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси.
  • Абдулбосит Раҳимов — Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси.

Шунингдек, анжуман доирасида диний таълим тизимида намунали раҳбарлик қилган, фидокорона педагогик ва илмий-фаолият олиб борган,таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тўгаракларни самарали ташкил этишдаги алоҳида хизматлари учун яна 15 нафар раҳбар ва ўқитувчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари — телевизор, ноутбук ва планшетлар билан тақдирланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси тақдирланган барча устоз ва ходимларни ушбу юксак эътироф билан самимий муборакбод этиб, уларнинг келгуси илмий ва педагогик фаолиятларида улкан зафарлар тилайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари