2026 йилнинг 30 июнидан 20 июлига қадар Ўзбекистондаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига (бакалавриат, магистратура ва модуль тизими йўналишлари бўйича) 2026-2027 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади.
Бу йилги қабул жараёнида абитуриентларга катта қулайлик яратилиб, ҳужжатларни республиканинг исталган ҳудудидаги ўзига яқин диний таълим муассасаси қабул ҳайъати орқали бошқа бир таълим масканига топшириш имконияти берилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг нуфузли ОАВда Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги халқаро ҳамкорлиги ҳамда мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик тадбирларга бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Саудия Арабистонининг “Amwaj” нашрида жорий йилнинг 24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янгича нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилиши кенг ёритилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирга етакчи хорижий журналистлар ва халқаро экспертлар тўпланиши қайд этилган. Форум дастури ялпи мажлислар, талабалар учун маҳорат дарслари, медиатурлар ва Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилишни ўз ичига олади ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланади.
Шунингдек, нашрда Самарқандда Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган биринчи Ўзбекистон–Грузия туризм форуми ҳам ёритилган. Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди.
Томонлар қўшма сайёҳлик маҳсулотларини яратиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Грузиядан келаётган сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошгани ва Ўзбекистон туризм соҳасининг умумий кўрсаткичлари юқори экани қайд этилган.
“Saudi Press Agency” ахборот агентлиги Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ўртасидаги Англашув меморандумига доир ижро дастури имзолангани ҳақида хабар берди.
Ушбу ҳужжат мўътадиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш, воиз ва имомлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, Қуръони Карим маъноларини ўрганиш ва ёйиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати