Шу йил 4 июль куни Тошкент шаҳридаги “Ҳилол-нашр” нашриётида диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган, жонкуяр уламо, фидоий инсон, Тошкент вилояти вакиллигида бош имом-хатиб вазифасида хизмат қилган, динимизнинг ривожига, Ватанимизнинг равнақига, масжидларимизнинг обод бўлишига катта ҳисса қўшган етук дин пешвоси Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғли (Турматов)нинг хотирасига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва ўтганлар ҳаққига хайрли дуолар билан бошланди.
Хотира тадбирини Исмоил домла Муҳаммад Содиқ очиб бериб, забардаст олим Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғлининг қилиб ўтган хизматларини ёш авлодга намуна ўлароқ танитиш, ўтганларини хотирлаш эзгу амаллардан эканини айтиб ўтди. Сўнгра устоз Хайруллоҳ домла роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Раҳматли Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғли Турматов 1976 йили Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида таваллуд топган. 2001 йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом олий маъҳадини, 2003 йилда эса Тошкент давлат педагогика институтини битирган.
Хайруллоҳ домла меҳнат фаолиятини 1994 йилда Оҳангарон туманидаги “Чет Сув” жоме масжидида имом-хатибликдан бошлаб, ушбу масжидда 2003 йилга қадар хизмат қилган. Бир вақтнинг ўзида Оҳангарон туманидаги 20 мактабда ўқитувчилик ҳам қилган.
2003 йилдан 2014 йилгача Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ” жоме масжиди имом-хатиби ва Ангрен шаҳри бош имоми бўлиб ишлаган.
2014 йилдан то вафотларига қадар Тошкент вилояти бош имоми ҳамда “Зангиота” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида баракали фаолият кўрсатган.
Хайруллоҳ домла Турматов раҳимаҳуллоҳ 2020 йил COVID-19 вабосидан оғир хасталаниб, 16 сентябрда вафот этди.
Устоз Хайруллоҳ домла миллат ва маърифат фидоийси эди. У киши қисқа умрлари давомида барчамизга ибрат бўладиган амалларни қилиб, ўзларидан хайрли ишлар ва солиҳ фарзандлар қолдириб кетдилар.
Файзли тадбирга юртимизнинг пешқадам уламолари, аҳли илмлар, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирдлари, устоз Хайруллоҳ домланинг сафдошлари, жумладан, устоз Абдулҳаким қори Матқулов, Абдулмалик домла Маликов, Муҳаммад Шокир домла Турдибеков, Қудратуллоҳ домла Сидиқметов, Нурали домла Мавланов, Яҳёхон домла Бобохонов ва бошқа нотиқлар Хайруллоҳ домланинг ибратли ҳаёт йўллари ва юртимизда ислом маърифатини ёйиш йўлидаги улкан хизматларини алоҳида эътироф қилиб, хотирладилар.
Хусусан, у зотнинг илмга, зикрга бўлган муҳаббатлари, азимат ва олий ҳимматликлари, шогирдлар тарбиясидаги заҳматлари, фидокорликлари, инсоний фазилатлари ва одоблари ёдга олинди.
Тадбир жараёнида устоз Хайруллоҳ домланинг “Ҳазратни хотирлаб” кўрсатуви учун берган суҳбатларидан парча, домланинг масжидларда қилган панд-насиҳатлари ҳамда “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидида қилган суҳбатларидан видеолавҳа тақдим этилди.
Шунингдек, тадбир давомида устознинг фарзандлари, жумладан, Ангрен шаҳрининг бош имом-хатиби Низомиддин қори Хайруллоҳ ўғли, “Қорабоғ” жомеъ масжиди имом-хатиби, домланинг тоғалари Фахриддин домла Умиров ва бошқа қавм-қариндошлари, аҳллари домла ҳақларида ҳар бир шахс учун татигулик бўлган муҳим тавсияларни хотирладилар.
Дарҳақиқат, Хайруллоҳ домла Тошкент вилоятининг имом-хатиблари, имом ноиблари, жомеъ масжидлардаги ҳар бир масъул ходимларга ҳамда қалблари Аллоҳнинг байтига боғланган қадрли қавмларига эҳтироми баланд ва юксаклигини кўришимиз мумкин. У киши бутун фаолияти давомида юртимиздаги кўплаб жоме масжидларини обод ва кўркам қилиш, намозхонлар учун замонавий, қулай ибодат шароитларини яратиш йўлида тиним билмай меҳнат қилган эди.
Тадбир сўнггида Қуръони карим тиловат қилиниб, Хайруллоҳ домла роҳимаҳуллоҳнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.
Тиловатни Низомиддин қори Хайруллоҳ ўғли ўқиди, дуони устоз Абдулҳаким қори Матқулов ҳазратлари қилиб берди.
Тадбирни Қамариддин Бекмуҳаммад олиб борди ҳамда барча иштирокчиларга эҳсон дастурхони ёзилди.
Аллоҳ таоло устоз Хайруллоҳ домла Абдумалик ўғлини Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини гуноҳларига каффорат айласин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати