Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Август, 2026   |   10 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:40
Пешин
12:26
Аср
17:12
Шом
19:15
Хуфтон
20:36
Bismillah
23 Август, 2026, 10 Рабиъул аввал, 1448

Аёллар жанозадан кейин таъзия билдиришлари мумкинми?

07.07.2026   22798   2 min.
Аёллар жанозадан кейин таъзия билдиришлари мумкинми?

Савол: Қўшнимизникида эркак киши вафот этди. Қўшни аёллар жаноза ўқилмасдан олдин таъзия бўлган хонадонга чиқишлари тўғрими? Чунки таъзия бўлган хонадонда дарвоза олдида эркаклар тизилиб ўтиришади. Аёлларни уларнинг олдидан ўтиши жуда ноқулай. Аёллар жанозадан кейин таъзия билдиришлари мумкинми?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусибат етган хонадон эгаларига таъзия билдириш мустаҳаб амал саналади.

Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бир мўмин мусибат етган биродарига таъзия билдирса, Аллоҳ унга қиёмат куни улуғлик либосини кийгазади” (Ибн Можа ривояти).

Ҳар бир нарсанинг ўзига хос тартиби бўлгани каби таъзия билдиришнинг ҳам шариат белгилаб берган тартиби бор.

Хусусан, аёллар қўшни хонадонда мусибат бўлиб қолганда таъзия билдиришлари, уларнинг дардларига шерик бўлиб, сабрга чақиришлари, маййитнинг ҳақига истиғфор айтишлари яхши амал ҳисобланади. Чунки мусибат вақтида ҳар бир юпатувчи гап далда беради, мусибатни аритишда ёрдам беради. Лекин бу ҳолатда аёллар эркаклар тўпланган жойда улар билан аралашиб кетмаслиги керак. Яна бир эътиборли жиҳат шуки, аёл ўзи иддада бўлса, таъзия билдириш учун, гарчи қўшнисиникига бўлса ҳам чиқмаслиги зарур.

Бизда одатда маййитга жаноза ўқилгандан кейин барча эркаклар маййитни дафн қилиш учун қабристонга кетадилар ва хонадон улардан фориғ бўлади. Шу пайтда қўшни аёллар чиқиб, мусибатзада аёлларга ҳамдард бўлиб, таъзия билдирсалар, шариат талабини бажарган ҳамда таъзия билдиришни том маънода амалга оширган бўладилар.

Демак, аёлларнинг бир-бирларига таъзия билдиришлари шариатда қўллаб-қувватланади. Фақат бунда номаҳрам эркаклар билан аралашиб кетмаслик, жанозага эргашиб қабристонга бормаслик ва агар иддада бўлса, уйдан чиқмаслик талаб этилади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Академия ректори «Дўстлик», Ислом цивилизацияси маркази директори «Фидокорона хизматлари учун», академия профессори «Имом Бухорий» орденлари ва «Зиё» медиа маркази раҳбари «Шуҳрат» медали билан тақдирландилар

22.08.2026   3298   1 min.
Академия ректори «Дўстлик», Ислом цивилизацияси маркази директори «Фидокорона хизматлари учун», академия профессори «Имом Бухорий» орденлари ва «Зиё» медиа маркази раҳбари «Шуҳрат» медали билан тақдирландилар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари