“Басмала” яъни, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” жумласи ислом фиқҳида алоҳида ўрганиладиган мавзу ҳисобланади. Зеро, унга боғлиқ ҳукмлар жуда кўп.
Басмала Қуръондан бир оят бўлиб, уни қироат сифатида ўқиш жанобатдаги, ҳайз ва нифосдаги шахслар учун жоиз эмас. Аммо зикр маъносида, иш бошлашда табаррукан талаффуз қилсалар, кароҳияти йўқ.
Ҳар бир хайрли иш олдидан тасмия айтиш, Аллоҳ таолони зикр қилиш машруъ амал эканида Ислом уммати ижмоъ қилиб келган. Ўша иш ибодат бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, барибир. Намоз, тиловат, зикр, масжидга кириш, ундан чиқиш, уйга кириш, уйдан чиқиш, жинсий муносабат, ғусл, чироқни ўчириш ёки ёқиш, идишларнинг устини ёпиш, эшикни беркитиш, ўлган одамнинг кўзини юмиб қўйиш, маййитни лаҳадга қўйиш, ейиш, ичиш ва бошқа аҳамиятли ишларни Аллоҳнинг исми билан бажариш мандуб амалдир. Тасмия «Бисмиллаҳ» ёки «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» шаклида бўлиши мумкин. Шу билан бирга, фуқаҳолар айрим ишларнинг устида тасмия айтиш хусусида алоҳида тўхталиб ўтганлар[1]. Улар қуйидагилар:
1) таҳорат олдидан тасмия айтиш:
ҳанафий мазҳабида, моликийларнинг машҳур қавлида ҳамда шофеъийларда таҳорат олдидан тасмия айтиш суннатдир. Усиз ҳам таҳорат таҳорат бўлаверади. Тасмия айтмаган киши тарки суннат қилган бўлади[2]. Уларнинг далиллари қуйидагича:
а) чунки сув покловчи қилиб яратилган, унинг бу хусусияти банданинг ишига боғлиқ бўлмайди;
б) Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:
«Ким таҳорат қилса ва унда Аллоҳнинг исмини зикр қилса, бу (таҳорат) унинг бутун баданини покловчи бўлади. Ким таҳорат қилса-ю, Аллоҳнинг исмини зикр қилмаса, баданидан (сув) етган жойини покловчи бўлади».
Агар таҳорат асносида тасмия эсига тушиб қолса, эсига тушган заҳоти айтиб қўяди, токи таҳорат Аллоҳнинг зикридан холи ҳолда бўлмасин.
Ҳанбалий мазҳабига кўра, таҳорат олдида тасмия айтиш вожиб. Уларнинг далиллари қуйидаги ҳадисдир:
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:
«Таҳорати йўқ бўлганга намоз йўқ, Аллоҳнинг исмини зикр қилмаганга таҳорат йўқ» (Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган).
Мазҳабда тасмия фақатгина «Бисмиллаҳ» дейиш билан бўлади. Бошқа лафз унинг ўрнига ўтмайди. Унутган кишидан соқит бўлади. Агар таҳорат асносида ёдига келса, эсига тушган заҳоти тасмияни айтади ва таҳоратни давом эттиради. Тасмияни қасдан тарк этган кишининг таҳорати ўтмайди[3].
Соқов ва тилдан қолган киши ишора билан ифода қилади;
2) забҳ – сўйишда тасмия айтиш:
ҳанафийлар, моликийларнинг наздида ҳамда ҳанбалийларнинг машҳур қавлларига кўра, жонлиқ сўйишда тасмия вожибдир.
Тасмия унутганга, соқовга, айтмасликка мажбурланган шахсга вожиб эмас. Соқовнинг осмонга ишора қилиши кифоя қилади[4].
Чунки унинг ишораси гапирадиган одамдаги нутқ ўрнига ўтади.
Шофеъийларнинг наздида эса забиҳа устида тасмия айтиш суннатдир. Бу қавл имом Аҳмаддан ҳам ривоят қилинган. Шофеъий мазҳабида тасмияни қасдан тарк қилиш макруҳ. Аммо сўйилган нарса ҳалол бўлади;
Аллоҳ таоло чиройли саналган ҳар қандай амални бажаришдан олдин Ўз исмини зикр қилишга буюрган. Зеро, бундай қилиш уша ишнинг бардавомлигини ёки пок-ҳалол бўлишини таъминлайди. Жонлиқ сўйиш ёки овга чиққанда ҳам мазкур буйруқ мавжуддир.
Зеро Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай буюради:
«Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз!» (Анъом сураси, 121)
Мазкур оятда ейишдан қайтарилган нарса бу ўлимтик ёки бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвондир. Бу ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: «Мазкур оятдан мурод ўлимтик, бўғилиб ўлган ва бут-санамларга атаб сўйилган жониворлар».
Худди шунга ўхшаш маънода имом Калбий: «Улар Аллоҳ номи зикр қилинмаган ёки Аллоҳ таолодан бошқага атаб сўйилган жониворлардир», деганлар.
Лекин, мусулмон киши эсидан чиқиб Аллоҳнинг исмини айтмасдан сўйган гўшти мазкур ҳукм остига кирмайди. Бу ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деган эдилар: «Ким жонлиқ сўйса-ю, «басмала» айтишни унутса, унга Аллоҳнинг исмини зикр қилиб еяверсин. Модомики, фитрат шариатга биноан сўйган экан, уни шайтонга бериб қўймасин» (Байҳақий ривояти).
Дарҳақиқат, эсдан чиқиб қандайдир амални тарк қилиш авф қилинади. Лекин, қасддан “басмала”ни тарк қилган ҳолатда жонлиқ сўйиш итоатсизлик ҳисобланади. Бундай сўйилган гўштни ейиш мумкин эмас. Шу билан бирга итоатсизлик учун сўйган киши ҳам уқубатга лоиқ бўлади.
3) овда тасмия айтиш:
ҳанафийлар ва моликийлар гўшти ейиладиган жониворни ов қилишда тасмия вожиб дейдилар. Бу ўринда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш кифоя, айнан «Бисмиллаҳ» дейиш шарт эмас. Аммо «Бисмиллаҳи валлоҳу акбар» дейиш афзал. «Арроҳманир роҳим» ёки салавотлар қўшилмайди. Тасмияни, агар эсида бўлса ва қодир бўлса, ўқ отиш ёки овчи ҳайвонни қўйиб юбориш пайтида айтиш шарт қилинади. Агар тасмияни ожизлик ёки унутиш сабабли тарк қилган бўлса, ов ҳалол бўлаверади, бироқ қасдан тарк этган бўлса, ҳалол бўлмайди[5].
Шофеъий мазҳабига кўра, овда тасмия айтиш − суннат. Тасмия «Бисмиллаҳ» дейиш билан бўлади. Мукаммал шакли «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»дир. Тасмияни қасдан тарк қилиш, забиҳада бўлганидек, макруҳ, аммо ов ҳалол бўлаверади.
Ҳанбалийлар наздида ов ҳалол бўлиши учун овга ўргатилган ҳайвонни қўйиб юбориш вақтида «Бисмиллаҳ» дейиш шарт. Агар «Бисмиллаҳи валлоҳу акбар» деса ҳам, жоиз. Агар тасмияни унутиб ёки қасдан тарк қилса, ов ҳалол бўлмайди. Шу билан бирга, Аҳмад ибн Ҳанбалдан ов ҳам забиҳа каби тасмияни унутиш сабабли ҳаром бўлмайди, деган қавл ривоят қилинган. Бошқа бир ривоятда, ўқ отишда унутса, ҳалол бўлади, ўргатилган ҳайвонни юборишда унутса, ҳалол бўлмайди[6], дейилган;
4) еб-ичишда тасмия айтиш:
Фуқаҳолар ейиш ва ичиш олдидан тасмия айтишнинг суннат эканида иттифоқ қилганлар. Тасмия «Бисмиллаҳ» ёки «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» бўлиши мумкин[7]. Агар олдин айтиш эсдан чиқиб қолса, эсига тушган заҳоти «Бисмиллаҳи фи аввалиҳи ва ахириҳи» (Аввалида ҳам, охирида ҳам Аллоҳнинг номи билан) деб айтади;
Таомдан аввалги ва таом ейиш асносидаги суннатлар: 1. Тасмия айтиш. 2. Ўнг қўл билан ейиш. 3. Еювчи ўзининг олдидан ейиши. Мана шу суннатларни: «Эй ғулом! Аллоҳнинг исми ила, ўнг қўлинг ила, ўзингга яқиндан егин!» деган ҳадис жам қилади. Муслим ривоят қилган. 4. Луқма тушиб кетса, сидириб ейиш. «Қачон бирингиздан луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин» деган ҳадисга кўра. Муслим ривоят қилган. 5. Учта бармоқ билан ейиш[8]. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқлари билан ер эдилар». Муслим ривоят қилган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча қилган ишлари. Мана шу афзалдир[9]. Таомланишдаги ўтириш сифати:
Чўкка тушиб тиззаси билан ўтириши ва оёғларнинг тўпиғидан пасти кўриниб туриши. Ёки чап оёғини тик тутиб, чапига ўтириш. Мана шу мустаҳабдир. Таомдан кейинги суннатлар
5) таяммумдан олдидан тасмия айтиш:
Таяммум олдидан тасмия айтиш ҳанафий мазҳабида суннат, моликий мазҳабида мандуб, шофеий мазҳабида мустаҳабдир. Агар тасмияни таяммумнинг бошида айтишни унутиб қўйса, таяммумнинг ўртасида бўлса ҳам, айтади. Мабодо қасдан тарк қилса ҳам, таяммум жоиз бўлади. Агар айтса, савоб олади.
Ҳанбалий мазҳабига кўра, таяммум олдидан тасмия айтиш − вожиб. Тасмия «Бисмиллаҳ» бўлиши шарт[10]. Бошқа лафз унинг ўрнини босмайди. Саҳв ҳолати ўтим қилинади. Агар таяммум асносида тасмияни эслаб қолса, дарҳол айтади ва таяммумни давом эттираверади. Мабодо қасдан тарк қилса-ю, таяммум асносида тасмияни айтса, қайтадан бошлаш керак бўлади. Агар қайта бошламаса, поклик ҳосил бўлмайди.
Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида у сурани очиш учун, суралар ўртасини ажратиш учун нозил қилинган мустақил оятдир. Ҳар икки қарашга кўра ҳам, басмала Қуръони Каримдан бир оят ҳисобланади. Хатм деганда Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилар экан, бунда бирор оят истисно қилинмаслиги керак. Шунга кўра, намозда жамоатга хатм қилинганда, яъни Рамазондаги таровеҳларда басмалани бир бора бўлса ҳам жамоатга эшиттириш керак бўлади. Биз бу ҳақда мазҳабимиз манбаларига мурожаат қиламиз.
Шу билан бирга уламоларимиз асарлар ёзишда, албатта “басмала” билан бошлайди. Лекин, баъзи китобларда “бисмиллаҳ” ёзилмаган ҳолатлар учирайди. Аммо бу ўша асарлар “басмала”сиз бошланганилигини билдирмайди. Зеро, “бисмиллаҳ” ёзувда эмас оғизаки айтилиши ҳам кифоя қилади.
Барчага маълум абжад рақамлари орқали турли сўзларни ифодалаш мумкин. Худди шундай “бисмиллаҳир роҳманир роҳим” жумласини ҳам абжад рақамарида ифодалаш мумкин. Абжад рақами бўйича бир неча маънолари бўлиб, улардан бири “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”дир. Лекин “Бисмиллаҳ”нинг ўрнига 786 ни ёзиш кифоя қилмайди.
Хулоса шуки, “басмала” инсон ҳаётида ажралмас жумладир. Зеро, ҳар бир мусулмон киши нафақат ибодатларни балки, барча яхши амал ва сўзларини “басмала” билан бошлайди. Бу билан у ўша амалга ошираётган фаолиятининг баракали ва давомли бўлишини ният қилади. Ҳақиқатдан ҳам, бу “басмала” билан мусулмон кишининг қалбидаги эзгу ниятлар рўёбга чиқади.
Бобохон Бобохонов,
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,
Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор
жоме масжиди имом-хатиби
[1] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б.37.
[2] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б. 41.
[3] Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин балогардон / Форсийдан таржима, сўз боши ва луғат муаллифи М.Ҳасаний. – Т.: Ёзувчи, 1993. – Б.57.
[4] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б.63.
[5] Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин балогардон / Форсийдан таржима, сўз боши ва луғат муаллифи М.Ҳасаний. – Т.: Ёзувчи, 1993. – Б.29.
[6] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б.102.
[7] Ғаззолий Абу Ҳомид. Мукошафатул қулуб. Миразиз Аъзам таржимаси. − Т.: Адолат, 2002й. – Б.84.
[8] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б.17.
[9] Ғаззолий Абу Ҳомид. Мукошафатул қулуб. Миразиз Аъзам таржимаси. − Т.: Адолат, 2002й. – Б.37.
[10] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б.92.
СУКУТ сақлашнинг
702 та энг муҳим ФОЙДАСИ (фақат АСОСИЙЛАРИ)
(5 қисмдан иборат)
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(1-қисм)
КАЛОМУЛЛОҲ – ҚУРЪОНИ КАРИМДА
МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ
МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд шунда раҳм қилингайсиз!» (Аъроф сураси 7/204 оят);
Z «Юрганингда ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир» (Луқмон сураси 31/19 оят);
Z «Аллоҳнинг раҳмати сабабли Сиз, эй, Муҳаммад, саҳобаларга мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, гуноҳлари учун кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!» (Оли Имрон сураси 3/159 оят);
Z «Эй, Мусо! Сиз ўзингиз ва биродарингиз Ҳорун Менинг оятларимни одамларга олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у «Мен – худоман», деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки ҳалок қилишимдан қўрқса» (Тоҳо сураси 20/42-44 оятлар);
Z «Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз» (Нисо сураси 4/114);
Z «Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда сўз ва ишлардан юз ўгирувчидирлар» (Муъминун сураси 23/1-3 оятлар);
Z «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта, уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси 14/7 оят);
Z «Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг...» (Бақара сураси 2/83 оят);
Z «Зотан, ўнг ва чап томонда ўтирган икки ёзиб турувчи фаришта қабул қилиб ёзиб турурлар. У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир» (Қоф сураси 50/17-18 оятлар);
Z «Ҳолбуки, сизларнинг устингизда барча сўзингиз ва ишингизни ёдлаб турувчи фаришталар бор. Улар номаи аъмолга ёзувчи улуғ зотлардир. Улар сиз қилаётган ишларни билурлар» (Инфитор сураси 82/10-12 оятлар);
Z «Кимки тавба қилиб эзгу ишларни қилса, бас, албатта, у Аллоҳ ризоси ва мағфиратига қайтган бўлур. Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда сўз ё иш олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан ундан юз ўгирган ҳолда ўтарлар» (Фурқон сураси 25/71-72 оятлар);
Z «Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди» (Аҳзоб сураси 33/70-71 оятлар).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Жим турган нажот топибди» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига — жаннат ёнидаги бир уйга кафилман!
Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига — жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман!
Чиройли хулқли кишига — жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Ҳақиқий мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан озор кўрмаган одамдир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Ким сукут қилса, нажот топди» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Кимнинг гап-сўзи кўп бўлса, кўп гапирса, кўп хато қилади. Кўп хато қилган одамнинг гуноҳи ортади. Гуноҳи кўп одамга дўзах муносиброқдир»;
¯ «Банданинг мусулмонлиги гўзал бўлишининг белгиларидан бири — уни ўзига алоқаси йўқ нарсалардан сукут қилиши» (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари);
¯ «Одам боласининг ҳар бир сўзи унга қарши ҳисобланади, фақат яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ёки Аллоҳни зикр қилиш бундан мустасно» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;
¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);
¯ «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:
– Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;
– Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;
– Ота-онаси тирик бўла туриб, уларни хурсанд қилмаган»;
¯ «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»;
¯ «Ўзига тегишли бўлмаган нарсаларни тарк этиши – кишининг яхши мусулмон эканлигидан далолатдир» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар:
– сиҳат-саломатлик
– ва хотиржамликдир» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»;
¯ «Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш – садақадир» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат билинг:
– кексалигингиздан олдин ёшлигингизни,
– бетоблигингиздан олдин саломатлигингизни,
– фақирлигингиздан олдин бойлигингизни,
– бандлигингиздан олдин бўш вақтингизни,
– ўлимингиздан олдин тириклигингизни!» (Имом Ҳоким ривоятлари);
¯ «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»;
¯ «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»;
¯ «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»;
¯ «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари);
¯ «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»;
¯ «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»;
¯ «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” – дейди»;
¯ «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»;
¯ «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир);
¯ «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»;
¯ «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»;
¯ «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»;
¯ «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»;
¯ «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»;
¯ «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»;
¯ «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»;
¯ «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»;
¯ «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир»;
¯ «Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қилаолмаган одам — Худога ҳам шукр қила олмайди»;
¯ «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;
¯ «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»;
¯ «Гуноҳли гапни эшитган киши ҳам уни айтганнинг шеригидир»;
¯ «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Ким ўзининг ҳақ эканини билиб туриб, тортишувни тўхтатмаса, имонда ҳаққонийлик даражасига етмаган бўлади»;
¯ «Жанжални аввал тугатган кишига жаннатдан бир сарой берилади»;
¯ «Ким ҳақсиз бўла туриб жанжални тўхтатса, унга жаннатнинг четидан бир сарой берилади.
Ким ҳақ бўла туриб жанжални тўхтатса, унга жаннатнинг ўртасидан бир сарой берилади»;
¯ «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари).
САҲОБАИ КИРОМЛАРДАН НАҚЛ:
o «Биз Расулуллоҳнинг олдиларида ҳисоб-китобидан қўрққанимиз учун кўп сукут қилардик».
o Соиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. Бас, одамлар мени мақтай бошладилар ва гўзал ахлоқлар билан зикр қила бошладилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
— “Мен сизларнинг ичингизда уни энг яхши билувчиман”, — дедилар.
— “Рост айтдингиз! Отам, онам сизга фидо бўлсин! Сиз шеригим эдингиз. Қандай ҳам яхши шерик эдингиз.
Хилоф ҳам қилмас эдингиз. Талашиб-тортишмас ҳам эдингиз” дедим» (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоятлари).
Шарҳ: ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Соиб ибн Абу Соиб разияллоҳу анҳу авваллари Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шериклари бўлган эдилар. Икки шерик бир-бирларини жуда ҳам яхши билар эдилар. Шунинг учун улар бир-бирларини васф қилишда бошқалардан кўра афзал эдилар.
Соиб ибн Абу Соиб разияллоҳу анҳунинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга қилган васфларида У Зотнинг талашиб-тортишиш одатлари йўқлиги айтилмоқда.
УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:
v «Сукут – ҳикмат, лекин унга амал қилганлар жуда оз».
v «Киши фақат керакли гапни айтсин. Кераклиси кам, кераксизи кўпдир».
v «Инсонни йиқитадиган нарсаларнинг энг кўписи — тилидир».
v «Ким “Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, У Зотга эргашаман, У Зотдан ўрнак оламан”, деса, ҳеч ҳам талашиб-тортишувчи бўлмасин!».
v «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,
Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано»
(Ҳожа Аҳмад Яссавий).
v «Ҳар ким гапиради, лекин кам одам сукутнинг қийматини тушунади».
v «Жаннатда фақат пок сўз. Шунинг учун дунёда ҳам пок сўз — ёхуд сукут афзал».
v «Киши сукут орқали ўз юрагини, ақлини, вақтини ва обрўйини сақлаб қолади».
v «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай»
(Алишер Навоий).
v «Кўп сўз — кўп хато. Сукут — қутқарув».
v «Ақлли киши аввал ўйлайди, кейин гапиради».
v «Билимнинг кўпчилиги – сўзда эмас, сукутдадир».
v «Агар бўлсанг ипак каби мулойим,
Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.
Қулоғимга берган пандинг олайин,
Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма»
(Махтумқули).
v «Сукут орқали инсон гуноҳдан, хусуматдан, фитнадан сақланади».
v «Тилни ҳимоя қиладиган энг кучли девор — сукут».
v «Одамнинг яхшилиги унинг тилида намоён бўлади».
v «Агарчи ул оёқ остидадур хор –
Худо махлуқидур, оғритма зинҳор!
Такаббур қилмағил, эй, бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман деб фалоний!»
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу).
v «Тилга эга бўлган инсон — ахлоқига эга бўлган инсон».
v «Сукут – тақво аломатларидан».
v «Сукут — ибодат сифатида ҳам бўлиши мумкин».
v «Бурунғи ҳолиға қилма наззора,
Ани Тангрим азиз этса на чора?!?
Ишонма отаға, қолма талабдин!
Қиёматда сўралмасдир насабдин»
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу).
v «Мўминнинг сифати — фойдасиз гапдан сақланиш ва сукут билан нафсини ҳимоя қилиш».
v «Агар сўз яхшиликка олиб бормаса, сукут афзал».
v «Гапни фақат яхши ва ҳақ сўз билан айтиш даркор. Ножоиз, қаттиқ, фитнага олиб келадиган сўздан сукут қилиш – Аллоҳ амрига мувофиқ».
v «Агар сен қиблага бурмасанг юзни,
Беш маҳал саждаю намозинг бекор.
Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни
Агар бир мўминга етказсанг озор»
(Абдулла Орипов).
v «Сидқ ва хулқнинг белгиси — назорат қилинган тил».
v «Сўзда тежамкорлик — камсўзлик ва сукутга яқин бўлган одоб».
v «Агар сўз рост ва ҳақ бўлмаса, сукут афзал».
v «Қўпол сўз — илон газагидек зарарли».
v «Маккага етти қат борганча бўлур,
Бошини силасанг ўксик инсонни»
(Абдулла Орипов).
v «Бекорчи ва беҳуда сўзларни гапириш ҳам нафс касаллигидир».
v «Сукут қиладиган одам кам гуноҳ қилади, чунки ҳар сўз қайд қилинади».
v «Беҳуда сўз ҳам “беҳуда ишлар”дан. Мўмин бундайдан ўзини олиб қочади».
v «Қўпол сўздан сукут қилган инсон ўзини ҳам, бошқани ҳам азобдан сақлайди».
v «Камгап бўлинг! Оғзи ёпиқ балиқни ҳеч ким қармоққа тушира олмайди. Сиз ҳам оғзингизни ёпинг. Чунки қанчадан-қанча инсонлар сизнинг хатоларингизни овлаш пайида юрган бўлади. Сиз худди майин ёмғир каби бўлингки, ёмғир қаерга ёғса, ўша ерга манфаат етказади».
(Давоми бор...)
Иброҳимжон домла Иномов