Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

“Басмала”ни айтиш билан боғлиқ ҳукмлар

02.03.2023   4365   12 min.
“Басмала”ни айтиш билан боғлиқ ҳукмлар

 “Басмала” яъни, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” жумласи ислом фиқҳида алоҳида ўрганиладиган мавзу ҳисобланади. Зеро, унга боғлиқ ҳукмлар жуда кўп.

Басмала Қуръондан бир оят бўлиб, уни қироат сифатида ўқиш жанобатдаги, ҳайз ва нифосдаги шахслар учун жоиз эмас. Аммо зикр маъносида, иш бошлашда табаррукан талаффуз қилсалар, кароҳияти йўқ.

Ҳар бир хайрли иш олдидан тасмия айтиш, Аллоҳ таолони зикр қилиш машруъ амал эканида Ислом уммати ижмоъ қилиб келган. Ўша иш ибодат бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, барибир. Намоз, тиловат, зикр, масжидга кириш, ундан чиқиш, уйга кириш, уйдан чиқиш, жинсий муносабат, ғусл, чироқни ўчириш ёки ёқиш, идишларнинг устини ёпиш, эшикни беркитиш, ўлган одамнинг кўзини юмиб қўйиш, маййитни лаҳадга қўйиш, ейиш, ичиш ва бошқа аҳамиятли ишларни Аллоҳнинг исми билан бажариш мандуб амалдир. Тасмия «Бисмиллаҳ» ёки «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» шаклида бўлиши мумкин. Шу билан бирга, фуқаҳолар айрим ишларнинг устида тасмия айтиш хусусида алоҳида тўхталиб ўтганлар[1]. Улар қуйидагилар:

1) таҳорат олдидан тасмия айтиш:

ҳанафий мазҳабида, моликийларнинг машҳур қавлида ҳамда шофеъийларда таҳорат олдидан тасмия айтиш суннатдир. Усиз ҳам таҳорат таҳорат бўлаверади. Тасмия айтмаган киши тарки суннат қилган бўлади[2]. Уларнинг далиллари қуйидагича:

а) чунки сув покловчи қилиб яратилган, унинг бу хусусияти банданинг ишига боғлиқ бўлмайди;

б) Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:

«Ким таҳорат қилса ва унда Аллоҳнинг исмини зикр қилса, бу (таҳорат) унинг бутун баданини покловчи бўлади. Ким таҳорат қилса-ю, Аллоҳнинг исмини зикр қилмаса, баданидан (сув) етган жойини покловчи бўлади».

Агар таҳорат асносида тасмия эсига тушиб қолса, эсига тушган заҳоти айтиб қўяди, токи таҳорат Аллоҳнинг зикридан холи ҳолда бўлмасин.

Ҳанбалий мазҳабига кўра, таҳорат олдида тасмия айтиш вожиб. Уларнинг далиллари қуйидаги ҳадисдир:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:

«Таҳорати йўқ бўлганга намоз йўқ, Аллоҳнинг исмини зикр қилмаганга таҳорат йўқ» (Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган).

Мазҳабда тасмия фақатгина «Бисмиллаҳ» дейиш билан бўлади. Бошқа лафз унинг ўрнига ўтмайди. Унутган кишидан соқит бўлади. Агар таҳорат асносида ёдига келса, эсига тушган заҳоти тасмияни айтади ва таҳоратни давом эттиради. Тасмияни қасдан тарк этган кишининг таҳорати ўтмайди[3].

Соқов ва тилдан қолган киши ишора билан ифода қилади;

2) забҳ – сўйишда тасмия айтиш:

ҳанафийлар, моликийларнинг наздида ҳамда ҳанбалийларнинг машҳур қавлларига кўра, жонлиқ сўйишда тасмия вожибдир.

Тасмия унутганга, соқовга, айтмасликка мажбурланган шахсга вожиб эмас. Соқовнинг осмонга ишора қилиши кифоя қилади[4].

Чунки унинг ишораси гапирадиган одамдаги нутқ ўрнига ўтади.

Шофеъийларнинг наздида эса  забиҳа устида тасмия айтиш суннатдир. Бу қавл имом Аҳмаддан ҳам ривоят қилинган. Шофеъий мазҳабида тасмияни қасдан тарк қилиш макруҳ. Аммо сўйилган нарса ҳалол бўлади;

Аллоҳ таоло чиройли саналган ҳар қандай амални бажаришдан олдин Ўз исмини зикр қилишга буюрган. Зеро, бундай қилиш уша ишнинг бардавомлигини ёки пок-ҳалол бўлишини таъминлайди. Жонлиқ сўйиш ёки овга чиққанда ҳам мазкур буйруқ мавжуддир.

Зеро Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай буюради:

«Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз!» (Анъом сураси, 121)

Мазкур оятда ейишдан қайтарилган нарса бу ўлимтик ёки бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвондир. Бу ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: «Мазкур оятдан мурод ўлимтик, бўғилиб ўлган ва бут-санамларга атаб сўйилган жониворлар».

Худди шунга ўхшаш маънода имом Калбий: «Улар Аллоҳ номи зикр қилинмаган ёки Аллоҳ таолодан бошқага атаб сўйилган жониворлардир», деганлар.

Лекин, мусулмон киши эсидан чиқиб Аллоҳнинг исмини айтмасдан сўйган гўшти мазкур ҳукм остига кирмайди. Бу ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деган эдилар: «Ким жонлиқ сўйса-ю, «басмала» айтишни унутса, унга Аллоҳнинг исмини зикр қилиб еяверсин. Модомики, фитрат шариатга биноан сўйган экан, уни шайтонга бериб қўймасин» (Байҳақий ривояти).

Дарҳақиқат, эсдан чиқиб қандайдир амални тарк қилиш авф қилинади. Лекин, қасддан “басмала”ни тарк қилган ҳолатда жонлиқ сўйиш итоатсизлик ҳисобланади. Бундай сўйилган гўштни ейиш мумкин эмас. Шу билан бирга итоатсизлик учун сўйган киши ҳам уқубатга лоиқ бўлади.

3) овда тасмия айтиш:

ҳанафийлар ва моликийлар гўшти ейиладиган жониворни ов қилишда тасмия вожиб дейдилар. Бу ўринда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш кифоя, айнан «Бисмиллаҳ» дейиш шарт эмас. Аммо  «Бисмиллаҳи валлоҳу акбар» дейиш афзал. «Арроҳманир роҳим» ёки салавотлар қўшилмайди. Тасмияни, агар эсида бўлса ва қодир бўлса, ўқ отиш ёки овчи ҳайвонни қўйиб юбориш пайтида айтиш шарт қилинади. Агар тасмияни ожизлик ёки унутиш сабабли тарк қилган бўлса, ов ҳалол бўлаверади, бироқ  қасдан тарк этган бўлса, ҳалол бўлмайди[5].

Шофеъий мазҳабига кўра, овда тасмия айтиш − суннат. Тасмия «Бисмиллаҳ» дейиш билан бўлади. Мукаммал шакли «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»дир. Тасмияни қасдан тарк қилиш, забиҳада бўлганидек, макруҳ, аммо  ов ҳалол бўлаверади.

Ҳанбалийлар наздида ов ҳалол бўлиши учун овга ўргатилган ҳайвонни қўйиб юбориш вақтида «Бисмиллаҳ» дейиш шарт. Агар «Бисмиллаҳи валлоҳу акбар» деса ҳам, жоиз. Агар тасмияни унутиб ёки қасдан тарк қилса, ов ҳалол бўлмайди. Шу билан бирга, Аҳмад ибн Ҳанбалдан ов ҳам забиҳа каби тасмияни унутиш сабабли ҳаром бўлмайди, деган қавл ривоят қилинган. Бошқа бир ривоятда, ўқ отишда унутса, ҳалол бўлади, ўргатилган ҳайвонни юборишда унутса, ҳалол бўлмайди[6], дейилган;

4) еб-ичишда тасмия айтиш:

Фуқаҳолар ейиш ва ичиш олдидан тасмия айтишнинг суннат эканида иттифоқ қилганлар. Тасмия «Бисмиллаҳ» ёки «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» бўлиши мумкин[7]. Агар олдин айтиш эсдан чиқиб қолса, эсига тушган заҳоти «Бисмиллаҳи фи аввалиҳи ва ахириҳи» (Аввалида ҳам, охирида ҳам Аллоҳнинг номи билан) деб айтади;

Таомдан аввалги ва таом ейиш асносидаги суннатлар: 1. Тасмия айтиш. 2. Ўнг қўл билан ейиш. 3. Еювчи ўзининг олдидан ейиши. Мана шу суннатларни: «Эй ғулом! Аллоҳнинг исми ила, ўнг қўлинг ила, ўзингга яқиндан егин!» деган ҳадис жам қилади. Муслим ривоят қилган. 4. Луқма тушиб кетса, сидириб ейиш. «Қачон бирингиздан луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин» деган ҳадисга кўра. Муслим ривоят қилган. 5. Учта бармоқ билан ейиш[8]. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқлари билан ер эдилар». Муслим ривоят қилган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча қилган ишлари. Мана шу афзалдир[9]. Таомланишдаги ўтириш сифати:

Чўкка тушиб тиззаси билан ўтириши ва оёғларнинг тўпиғидан пасти кўриниб туриши. Ёки чап оёғини тик тутиб, чапига ўтириш. Мана шу мустаҳабдир. Таомдан кейинги суннатлар

  1. Товоқ ва бармоқларини ялаш. Батаҳқиқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқ ва товоқларни ялашга амр қилиб: «Албатта сизлар қайси бирида барака борлигини билмайсизлар», деганлар. Муслим ривоят қилган.
  2. Таомдан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш: «Албатта, Аллоҳ бир таомни еб, унинг учун ҳамд айтадиган бандасидан рози бўлур». Муслим ривоят қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомдан кейинги дуоларидан: «Алҳамду лиллаҳиллази атъамани ҳаза ва розақони мин ғойри ҳавлин ва ла қувва» эди. Маъноси: «Шуни менга, менинг куч-қувватимсиз, таом қилиб ва ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин». Бу дуонинг самараси: «Унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилунур». Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

5) таяммумдан олдидан тасмия айтиш:

Таяммум олдидан тасмия айтиш ҳанафий мазҳабида суннат, моликий мазҳабида мандуб, шофеий мазҳабида мустаҳабдир. Агар тасмияни таяммумнинг бошида айтишни унутиб қўйса, таяммумнинг ўртасида бўлса ҳам, айтади. Мабодо қасдан тарк қилса ҳам, таяммум жоиз бўлади. Агар айтса, савоб олади.

Ҳанбалий мазҳабига кўра, таяммум олдидан тасмия айтиш − вожиб. Тасмия «Бисмиллаҳ» бўлиши шарт[10]. Бошқа лафз унинг ўрнини босмайди. Саҳв ҳолати ўтим қилинади. Агар таяммум асносида тасмияни эслаб қолса, дарҳол айтади ва таяммумни давом эттираверади. Мабодо қасдан тарк қилса-ю, таяммум асносида тасмияни айтса, қайтадан бошлаш керак бўлади. Агар қайта бошламаса, поклик ҳосил бўлмайди.

Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида у сурани очиш учун, суралар ўртасини ажратиш учун нозил қилинган мустақил оятдир. Ҳар икки қарашга кўра ҳам, басмала Қуръони Каримдан бир оят ҳисобланади. Хатм деганда Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилар экан, бунда бирор оят истисно қилинмаслиги керак. Шунга кўра, намозда жамоатга хатм қилинганда, яъни Рамазондаги таровеҳларда басмалани бир бора бўлса ҳам жамоатга эшиттириш керак бўлади. Биз бу ҳақда мазҳабимиз манбаларига мурожаат қиламиз.

Шу билан бирга уламоларимиз асарлар ёзишда, албатта “басмала” билан бошлайди. Лекин, баъзи китобларда “бисмиллаҳ” ёзилмаган ҳолатлар учирайди. Аммо бу ўша асарлар “басмала”сиз бошланганилигини билдирмайди. Зеро, “бисмиллаҳ” ёзувда эмас оғизаки айтилиши ҳам кифоя қилади.

Барчага маълум абжад рақамлари орқали турли сўзларни ифодалаш мумкин. Худди шундай “бисмиллаҳир роҳманир роҳим” жумласини ҳам абжад рақамарида ифодалаш мумкин. Абжад рақами бўйича бир неча маънолари бўлиб, улардан бири “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”дир. Лекин “Бисмиллаҳ”нинг ўрнига 786 ни ёзиш кифоя қилмайди.

Хулоса шуки, “басмала” инсон ҳаётида ажралмас жумладир. Зеро, ҳар бир мусулмон киши нафақат ибодатларни балки, барча яхши амал ва сўзларини “басмала”  билан бошлайди. Бу билан у ўша амалга ошираётган фаолиятининг баракали ва давомли бўлишини ният қилади. Ҳақиқатдан ҳам, бу “басмала” билан мусулмон кишининг қалбидаги эзгу ниятлар рўёбга чиқади.

 

Бобохон Бобохонов,

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор

жоме масжиди имом-хатиби

 

[1] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б.37.

[2] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б. 41.

[3] Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин балогардон / Форсийдан таржима, сўз боши ва луғат муаллифи М.Ҳасаний. – Т.: Ёзувчи, 1993. – Б.57.

[4] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б.63.

[5] Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин балогардон / Форсийдан таржима, сўз боши ва луғат муаллифи М.Ҳасаний. – Т.: Ёзувчи, 1993. – Б.29.

[6] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б.102.

[7] Ғаззолий Абу Ҳомид. Мукошафатул қулуб. Миразиз Аъзам таржимаси. − Т.:  Адолат, 2002й. – Б.84.

[8] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б.17.

[9] Ғаззолий Абу Ҳомид. Мукошафатул қулуб. Миразиз Аъзам таржимаси. − Т.:  Адолат, 2002й. – Б.37.

[10] Муҳаммадшафий Усманий Муфтий Аъзам. Маоруфул Қуръон. – Карачи: Мактабату маъарифил Қуръан, 2010й. – Б.92.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

20.08.2026   32013   7 min.
НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.

Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:

“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.

“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.

Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.

Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.

Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.

Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.

Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.

Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.

Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.

 

Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари

Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:

الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ

1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.

جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ

2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.

عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ

3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.

Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ

1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ

2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.

Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.

Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.

Бидъатнинг турлари.

“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).

Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).

Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ

“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.

 

Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА