Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форумида иштирок этиш учун юртимизга келган Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди.
Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу нуфузли институти ўртасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Халқаро тузилма билан амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ICESCO кафедраси фаолият юритмоқда. Жорий йилда Тошкентда ташкилотнинг офиси очилди. Февраль ойида Ислом олами маданий мероси қўмитасининг навбатдаги йиғилиши якунларига кўра, мамлакатимизнинг 7 та моддий ва номоддий мерос объекти ICESCO рўйхатига киритилди.
Мулоқотда маданий ёдгорлик ва қўлёзмаларни реставрациялаш, муҳофаза қилиш ҳамда рақамлаштириш, юртимизнинг бой тарихий меросини халқаро медиа платформалари орқали кенг тарғиб қилиш, шунингдек, қўшма тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти халқимизнинг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Салим ал-Маликни юксак мукофот – “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати