Ғарбий Ява провинциясининг маъмурий маркази Бандунг шаҳрида Ўзбекистон туризм имкониятларига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва зиёрат туризми имкониятларини Индонезия жамоатчилигига кенг танитиш, икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилди.
Тадбир аввалида Ғарбий Ява провинциясининг иқтисодий ва демографик салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Аҳолиси қарийб 51 миллионни ташкил этувчи мазкур ҳудуд Индонезиянинг энг йирик ва иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган минтақаларидан бири ҳисобланади.
Ҳудудда автомобилсозлик, электроника, тўқимачилик, кимё саноати, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳалари жадал ривожланган. Шу билан бирга, Ғарбий Ява Индонезияда ҳаж ва умра хизматлари бозорининг етакчи марказларидан бири сифатида ҳам танилган бўлиб, аҳолисининг катта қисми мусулмонлардан иборат.
Учрашувда қайд этилганидек, Ғарбий Явада юзлаб лицензияланган ҳаж ва умра туроператорлари фаолият юритади ва ҳар йили юз минглаб фуқаролар муқаддас сафарларни амалга оширади. Бандунг шаҳри эса диний-маърифий марказ сифатида муҳим ўрин тутади. Айнан шу омиллар Ўзбекистон билан зиёрат туризми йўналишида ҳамкорлик учун катта имкониятлар мавжуд эканини кўрсатади.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Термизнинг ислом цивилизациясидаги ўрни, мамлакатдаги муқаддас қадамжолар, буюк алломалар мероси ҳамда сўнгги йилларда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланди.
Шу билан бирга, замонавий туристик инфратузилма, халқаро стандартларга жавоб берадиган меҳмонхоналар, транспорт-логистика имкониятлари ва хорижий меҳмонлар учун яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятига бағишланган махсус видеороликлар ҳам намойиш этилди. Тақдимот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Сўзга чиққан Ғарбий Ява Ҳаж ва умра уюшмаси раҳбарлари Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири бўлиб, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби алломалар мероси индонезиялик мусулмонлар учун катта маънавий аҳамиятга эга.
Шунингдек, Жакарта ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши қайд этилди. Ғарбий Явадаги йирик туроператорлар, жумладан “DAGO Travel” каби компаниялар Ўзбекистон йўналишига катта қизиқиш билдирмоқда. Айрим операторлар ҳар йили юзлаб индонезиялик зиёратчиларни Ўзбекистонга юбориш амалиёти мавжудлигини қайд этди.
Тадбир иштирокчилари Самарқанд, Бухоро ва Термиз каби шаҳарларни ўз ичига олган турпакетлар индонезиялик сайёҳлар учун жуда жозибадор эканини таъкидлади.
Анжуман якунида Ўзбекистонга сафар қилиш тартиби, виза режимлари, авиақатновлар, меҳмонхона инфратузилмаси ва туроператорлар билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу тақдимот Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизга индонезиялик сайёҳлар оқимини оширишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати