Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

ОТА-ОНА билан  50 та  ТЕЛЕФОН  ОДОБИ

14.07.2026   34530   47 min.
ОТА-ОНА билан  50 та  ТЕЛЕФОН  ОДОБИ

 ОТА-ОНА билан 50 та ТЕЛЕФОН ОДОБИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

 

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

Z     «Биз инсонни ОТА-ОНАСИГА яхшилик қилишга буюрдик!»

(Аҳқоф сураси 46/15 оят);

 

Z     «Биз инсонга ОТА-ОНАСИНИ рози қилишни буюрдик.

ОНАСИ уни заифлик устига заифлик билан қорнида кўтариб юрди. 

Уни кўкракдан ажратиш муддати икки йилда битар.

Биз инсонга буюрдикки Сен Менга ва ОТА-ОНАНГГА шукр қилгин!

Қайтишлик – Менинг ҳузуримгадир!»

(Луқмон сураси 31/14 оят);

 

Z     «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ОТА-ОНАГА

яхшилик қилишни амр этди.

Эй, инсон! Агар УЛАРНИНГ БИРИ ёки ҲАР ИККИСИ ҳузурингда кексалик

ёшига етсалар, УЛАРГА уф!..” дема ва УЛАРНИ жеркима!

УЛАРГА доимо ёқимли сўз айт!

УЛАРГА, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва дуода айт:

“Эй, Раббим! Мени УЛАР гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек,

Сен ҳам УЛАРГА раҳм қилгин!”»

(Исро сураси 17/23-24 оятлар);

 

Z     «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз!

ОТА-ОНАЛАРГА эса яхшилик қилингиз!

Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю

бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи мусофирга ва қўл

остингиздаги қарамларга ҳам яхшилик қилинг!

Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди»

(Нисо сураси 4/36 оят);

 

Z     «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ОТА-ОНА, қариндошлар,

етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз!

Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир!»

(Бақара сураси 2/215 оят).

 

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ

РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

 

¯ «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:

–     Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;

–     Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;

–     ОТА-ОНАСИ тирик бўла туриб, УЛАРНИ хурсанд қилмаган»;

 

¯ «ОТА-ОНАГА дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;

 

¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);

 

¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);

 

¯ «Кимни умри узун ва ризқи кенг бўлиши хурсанд қилса, ОТА-ОНАСИГА яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин!» (Имом Аҳмад ривоятлари);

 

¯ «Ҳақ бўла туриб, тортишувни тарк қилган киши учун жаннатнинг бир томонида бир қаср бино қилинишига;

ҳазил бўлса ҳам, ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида бир қаср бино қилинишига;

хулқи гўзал, одоби чиройли бўлган киши учун эса жаннатнинг энг юқорисида бир қаср бино қилинишига кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

¯ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

–                   Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин! – деб ўн мартаба такрор қилдилар.

Шунда саҳобалар:

– Ё, Расулаллоҳ, кимни айтаяпсиз? – деб сўрашди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

–                   ОТА-ОНАСИНИНГ ИККАЛАСИ ёхуд БИТТАЛАРИ кексайиб қолган вақтида УЛАРНИ рози қилмай, ўзини дўзахга тушишга мубтало қилган кишини, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

 

 

УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:

è “Одоби йўқнинг – илми, сабри йўқнинг – динга боғлиқлиги, тақвоси йўқнинг – Аллоҳга яқинлиги йўқдир” (Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи).

 

 

ОТА-ОНА билан 50 та ТЕЛЕФОН ОДОБИ:

 

1)            Аввало ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз телефонларига мутлақо тегмаслик;

 

2)  агар УЛАР рухсат бермасалар, телефонларини “Смс, “Имена, “Контакты ва бошқа жойларини ўқимаслик ва қарамаслик;

 

3)  ОТА-ОНАНИНГ бошқалар билан гаплашганларини эшитмаслик ва пойламаслик;

 

4)  ОТА-ОНАГА қўнғироқ қилаётганда кун ва кечанинг соатларини инобатга олиб, бемаҳалда ва ноўрин қўнғироқ қилмаслик;

 

5)  ОТА-ОНАГА қўнғироқ қилганда мабодо жавоб бўлмаса, ҳар бир телефон қилишни орасида 4 ракат суннат намозни вақти ўтгандан сўнг лозим бўлса, яна бир бор телефон қилинади. Шу тартибда 3 марта телефон қилинганда ҳам жавоб бўлмаса, такроран қилинмайди. Агар етказилмоқчи бўлган хабар тезкор, ўта муҳим, жуда ҳам зарур бўлса, ёзма шаклда юборилади;

 

6)  гаплашиб бўлгандан сўнг УЛАР телефонни ўчирмаган бўлсалар, қизиқиб эшитиб турмасдан, дарҳол телефонни ўчириш;

 

7)  ОТА-ОНА билан телефонда сўзлашганда УЛАРНИНГ ҳурматларини билиб, беизн УЛАРНИНГ вақтларини ортиқча кўп олмаслик;

 

8)  ОТА-ОНА бизга телефон қилсалар, тезкор ёнимиздагиларни огоҳлантириб, узр сўраб, дарҳол ОТА-ОНАГА жавоб берилади;

 

9)  ОТА-ОНАДАН келган қўнғироқ, хабар (хат, савол, табрик ва ҳоказо)ларни жавобсиз қолдирмасдан, дарҳол муносиб жавоб қайтариш;

 

10)  ОТА-ОНАДАН келган қўнғироқ, хабар (хат, савол, табрик ва ҳоказо)ларга ўз вақтида жавоб қайтараолмаганда, албатта дарҳол қайтариб телефон қилиб, кечирим сўраш ва тезкор муносиб жавоб қайтариш;

 

11)  сиз телефон қилган вақтда ОТА-ОНА жавоб бераолмаган бўлсалар, ОТА-ОНАДАН асло хафа бўлмаслик;

 

12)  ОТА-ОНАНИНГ олдиларида телефон ўйнамаслик. Чунки бундай қилиш ОТА-ОНАГА нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик, беодоблик ҳисобланади. Агар жиддий зарурат туғилиб қолса, УЛАРГА узрини айтиб, рухсат сўралади. Агар ОТА-ОНА ижозат берсаларгина, телефон билан машғул бўлинади;

 

13)  ОТА-ОНАГА телефон қилаётганда: «Ким бу?» дейилмайди. Балки аввал салом бериб, ўзини таништириб, керакли одамни сўралади;

 

14)  ОТА-ОНАНИНГ телефонларини ўзиникидан яхшироқ ва зўрроқ телефон қилиб бериш;

 

15)  ОТА-ОНАНИНГ телефонларини пулларини тўлаб туриш;

 

16)  ОТА-ОНА билан суҳбатлашганда «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзларни ўрнига «Ассалому алайкум!», «Лаббай?», «ДАДАЖОН?!», «ОНАЖОН?!», «Эшитаман?», «Хизматингиздаман!..», «Қулоғим сизда...», «Хизматингизга тайёрман!..», «Доим хизматингиздаман!..», «Хизматингизга доим тайёрман!..», «Амрингизга мунтазирман!..» каби ибораларни ишлатиш;

 

17)  телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дарҳол ўчирмасдан, балки УЛАР билан хайрлашиб, ОТА-ОНАГА яхши тилаклар тилаб, ОТА-ОНА телефонларини ўчирганларидан сўнггина телефонни ўчириш мумкин; УЛАРДАН олдин телефонни ўчирмаслик;

 

18)  ОТА-ОНА билан телефонда сўзлашганда ҳам ўрнидан тик туриб мулоқот қилинади.

ОТА-ОНАДАН телефон орқали келган хабарларни ҳам ўрнидан тик турган ҳолда ўқиш, эшитиш, кўриш лозим;

 

19)  ОТА-ОНАГА телефонда сўзлашганда ҳам биринчи бўлиб салом берилади;

 

20)  ОТА-ОНАГА телефон қилганда, УЛАР сўрашларидан олдин ўзининг кимлигини айтиб таништирилади;

 

21)  УЛАРНИНГ вақтларини олмаётганлигини сўраб, узр сўрашлик;

 

22)  ОТА-ОНАГА гудок ташланмайди;

 

23)  агар УЛАР шундай қилган бўлишса, дарҳол УЛАРГА қайта телефон қилинади;

 

24)  ОТА-ОНА билан телефон орқали гаплашганда ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз бошқаларга эшитиладиган даражада телефонни овозини баланд қилмаслик;

 

25)  ОТА-ОНА билан телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо алоқа узилиб қолса, УЛАРГА биринчи бўлиб ўзимиз қайтадан телефон қилишимиз лозим;

 

26)  телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо ОТА-ОНА телефон қилиб қолсалар, сўзлашиб турган одамни огоҳлантириб, дарҳол ОТА-ОНАГА жавоб берилади;

 

27)  ОТА-ОНАНИНГ шахсий маълумотлари ва ОТА-ОНАДАН келган барча маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз бошқаларга кўрсатилмайди, берилмайди ва юборилмайди;

 

28)  ОТА-ОНАНИНГ ЎЗЛАРИГА ҳам ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз турли хил маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказо)лар юборилмайди; табрикномалар – мустасно;

 

29)  ОТА-ОНАГА айниқса тарбиявий аҳамиятга эга, илм-фанларга доир, таълимга тааллуқли бўлган ҳар қандай нарсалар юборилмайди ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз;

 

30)  ОТА-ОНА билан телефон орқали мулоқотни телефонда ёзиб олиш учун ЎЗЛАРИНИНГ розиликлари олинади; агар рухсат бермасалар, ёзиб олмаслик; чунки ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз ОТА-ОНАНИНГ гапларини ёзиб олиб, бошқаларга тарқатиш — жуда катта хиёнат ва улкан гуноҳ ҳисобланади;

 

31)  ОТА-ОНА билан бирга сурат ё видеога тушмоқчи бўлганда, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога тушмаслик;

 

32)  ОТА-ОНАНИ сурат ё видеога олмоқчи бўлганда ҳам, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога олмаслик;

 

33)  телефон орқали кўришиб гаплашиш учун ОТА-ОНАНИНГ розиликларини олишда УЛАРГА гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;

 

34)  агар ОТА-ОНА томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;

 

35)  агар ОТА-ОНА билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат УЛАРНИНГ ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш мумкин;

 

36)  агар ОТА-ОНА томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хоҳиш билдирилмаса, ОТА-ОНАДАН узр сўралади;

 

37)  ОТА-ОНА билан телефонсиз сўзлашганда, телефонни овозини ўчириб қўйилади;

 

38)  ОТА-ОНА билан сўзлашиб турганда, бирор киши телефон қилиб қолса, аввало ОТА-ОНАДАН рухсат сўраш; агар ОТА-ОНА рухсат берсаларгина телефонга жавоб қайтарилади;

 

39)  ОТА-ОНАГА бегона рақамдан телефон қилганда, вақтни олмасдан дарров очиқ-ойдин ва аниқ ўзини таништириш лозим;

 

40)  бошқа одам ОТА-ОНАМИЗ рақамларини сўраса, ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз берилмайди;

 

41)  ОТА-ОНАГА телефон қилганда, иккинчи линиядан тушиб қолган одам битта чақириқдан кейин алоқани дарҳол узиш лозим. УЛАРГА ким қидираётганини англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқлар билан суҳбатларини бузмаслик;

 

42)  ОТА-ОНАГА қайта-қайта қўнғироқ қилавермаслик лозим. Чунки қўнғироқга жавоб бериш — у томоннинг ҳуқуқи, зинҳор мажбурияти эмас;

 

43)  ОТА-ОНА бирорта маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўрсатиш учун телефонларини берсалар, фақат ўша маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўриш билангина чекланиш лозим. Бошқа жойларига ўтиб кетишга ҳаққимиз йўқ!;

 

44)  агар ОТА-ОНА телефонларида нимадир кўраётган ёки излаётган бўлсалар, тикилиб турмаслик керак. ОТА-ОНАНИНГ телефонларига рухсатсиз қараш мумкин эмас!;

 

45)  гаплашишга номуносиб пайтлар (масалан, азон айтилгандан кейин, кечанинг ярмида ёки кундузи дам олинадиган)да ОТА-ОНАГА қўнғироқ қилинмайди;

 

46)  ОТА-ОНА қўнғироқ қилган вақтда эса, қайси пайт ва қандай ҳолатда бўлишимиздан қатъий назар, УЛАРГА хушмуомалалик билан дарҳол ва тезкор жавоб бериш зарур;

 

47)  ОТА-ОНА билан телефон орқали суҳбатлашаётганда, демак, ОТА-ОНА маълум бир вақтларини махсус биз учун алоҳида ажратаётганликларини, биз УЛАРНИНГ вақтларини олаётганимизни, ОТА-ОНА ЎЗ ишларини қўйиб, хаёллари биз билан банд бўлиб турганларини ҳис этиб, беҳуда гаплар билан УЛАРНИНГ вақтларини беҳуда ўтказмаслик лозим;

 

48)  ОТА-ОНА билан агар бирор узун мавзу хусусида гаплашмоқчи бўлганда, аввал ЎЗЛАРИДАН рухсат сўралади. Агар рухсат берсалар, гаплашиш мумкин. Акс ҳолда, гапни қисқа қилиш зарур. Чунки УЛАР бемалол гаплашадиган ҳолатда бўлмасликлари ҳам мумкин;

 

49)  ҳар бир байрамларда, ОТА-ОНАНИНГ хурсандчилик кунларида УЛАРНИНГ кўнгилларини кўтарадиган тилак, расм, видео, хабар, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказоларни мунтазам юбориш лозим;

 

50)  бирор сабаблар билан ОТА-ОНАДАН йироқда бўлиб турган инсон ҳар куни эрталаб-кечқурун ўқиш-ишга кетишдан олдин ҳамда ўқиш-ишдан келгандан кейин, УЛАРНИНГ хоҳишларини инобатга олган ҳолда ОТА-ОНАСИГА телефон қилиб ёки ёзма равишда “Хайрли кун!”, ”Хайрли тун!” тилаб, ҳақларига чиройли, яхши дуолар қилиб, УЛАРНИНГ ҳол-аҳволларини сўраб, “Менга нима хизматлар буюрасиз?” деб, айтган хизматларини мукаммал, виждонан, ОТА-ОНА айтганларидай ва ОТА-ОНА истаганларидай чиройли адо этиб, УЛАРНИНГ бетакрор, бебаҳо ва беқиёс дуоларини олиш лозим.

 

МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ

ўзларимизни ҳам,

фарзанд-зурриётларимизни ҳам

ЎЗИ буюрган,

Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙҲИССАЛОМ тавсия этган,

ўтмишда ЎТГАНЛАРИМИЗНИНГ руҳлари шод бўладиган,

ХАЛҚИМИЗ хурсанд бўладиган,

ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон домла Иномов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   32867   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари