ОТА-ОНА билан 50 та ТЕЛЕФОН ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Биз инсонни ОТА-ОНАСИГА яхшилик қилишга буюрдик!»
(Аҳқоф сураси 46/15 оят);
Z «Биз инсонга ОТА-ОНАСИНИ рози қилишни буюрдик.
ОНАСИ уни заифлик устига заифлик билан қорнида кўтариб юрди.
Уни кўкракдан ажратиш муддати икки йилда битар.
Биз инсонга буюрдикки “Сен Менга ва ОТА-ОНАНГГА шукр қилгин!
Қайтишлик – Менинг ҳузуримгадир!”»
(Луқмон сураси 31/14 оят);
Z «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ОТА-ОНАГА
яхшилик қилишни амр этди.
Эй, инсон! Агар УЛАРНИНГ БИРИ ёки ҲАР ИККИСИ ҳузурингда кексалик
ёшига етсалар, УЛАРГА “уф!..” дема ва УЛАРНИ жеркима!
УЛАРГА доимо ёқимли сўз айт!
УЛАРГА, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва дуода айт:
“Эй, Раббим! Мени УЛАР гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек,
Сен ҳам УЛАРГА раҳм қилгин!”»
(Исро сураси 17/23-24 оятлар);
Z «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз!
ОТА-ОНАЛАРГА эса яхшилик қилингиз!
Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю
бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи мусофирга ва қўл
остингиздаги қарамларга ҳам яхшилик қилинг!
Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди»
(Нисо сураси 4/36 оят);
Z «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ОТА-ОНА, қариндошлар,
етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз!
Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир!»
(Бақара сураси 2/215 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:
– Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;
– Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;
– ОТА-ОНАСИ тирик бўла туриб, УЛАРНИ хурсанд қилмаган»;
¯ «ОТА-ОНАГА дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;
¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);
¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Кимни умри узун ва ризқи кенг бўлиши хурсанд қилса, ОТА-ОНАСИГА яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин!» (Имом Аҳмад ривоятлари);
¯ «Ҳақ бўла туриб, тортишувни тарк қилган киши учун жаннатнинг бир томонида бир қаср бино қилинишига;
ҳазил бўлса ҳам, ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида бир қаср бино қилинишига;
хулқи гўзал, одоби чиройли бўлган киши учун эса жаннатнинг энг юқорисида бир қаср бино қилинишига кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин! – деб ўн мартаба такрор қилдилар.
Шунда саҳобалар:
– Ё, Расулаллоҳ, кимни айтаяпсиз? – деб сўрашди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
– ОТА-ОНАСИНИНГ ИККАЛАСИ ёхуд БИТТАЛАРИ кексайиб қолган вақтида УЛАРНИ рози қилмай, ўзини дўзахга тушишга мубтало қилган кишини, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:
è “Одоби йўқнинг – илми, сабри йўқнинг – динга боғлиқлиги, тақвоси йўқнинг – Аллоҳга яқинлиги йўқдир” (Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи).
ОТА-ОНА билан 50 та ТЕЛЕФОН ОДОБИ:
1) Аввало ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз телефонларига мутлақо тегмаслик;
2) агар УЛАР рухсат бермасалар, телефонларини “Смс”, “Имена”, “Контакты” ва бошқа жойларини ўқимаслик ва қарамаслик;
3) ОТА-ОНАНИНГ бошқалар билан гаплашганларини эшитмаслик ва пойламаслик;
4) ОТА-ОНАГА қўнғироқ қилаётганда кун ва кечанинг соатларини инобатга олиб, бемаҳалда ва ноўрин қўнғироқ қилмаслик;
5) ОТА-ОНАГА қўнғироқ қилганда мабодо жавоб бўлмаса, ҳар бир телефон қилишни орасида 4 ракат суннат намозни вақти ўтгандан сўнг лозим бўлса, яна бир бор телефон қилинади. Шу тартибда 3 марта телефон қилинганда ҳам жавоб бўлмаса, такроран қилинмайди. Агар етказилмоқчи бўлган хабар тезкор, ўта муҳим, жуда ҳам зарур бўлса, ёзма шаклда юборилади;
6) гаплашиб бўлгандан сўнг УЛАР телефонни ўчирмаган бўлсалар, қизиқиб эшитиб турмасдан, дарҳол телефонни ўчириш;
7) ОТА-ОНА билан телефонда сўзлашганда УЛАРНИНГ ҳурматларини билиб, беизн УЛАРНИНГ вақтларини ортиқча кўп олмаслик;
8) ОТА-ОНА бизга телефон қилсалар, тезкор ёнимиздагиларни огоҳлантириб, узр сўраб, дарҳол ОТА-ОНАГА жавоб берилади;
9) ОТА-ОНАДАН келган қўнғироқ, хабар (хат, савол, табрик ва ҳоказо)ларни жавобсиз қолдирмасдан, дарҳол муносиб жавоб қайтариш;
10) ОТА-ОНАДАН келган қўнғироқ, хабар (хат, савол, табрик ва ҳоказо)ларга ўз вақтида жавоб қайтараолмаганда, албатта дарҳол қайтариб телефон қилиб, кечирим сўраш ва тезкор муносиб жавоб қайтариш;
11) сиз телефон қилган вақтда ОТА-ОНА жавоб бераолмаган бўлсалар, ОТА-ОНАДАН асло хафа бўлмаслик;
12) ОТА-ОНАНИНГ олдиларида телефон ўйнамаслик. Чунки бундай қилиш – ОТА-ОНАГА нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик, беодоблик ҳисобланади. Агар жиддий зарурат туғилиб қолса, УЛАРГА узрини айтиб, рухсат сўралади. Агар ОТА-ОНА ижозат берсаларгина, телефон билан машғул бўлинади;
13) ОТА-ОНАГА телефон қилаётганда: «Ким бу?» дейилмайди. Балки аввал салом бериб, ўзини таништириб, керакли одамни сўралади;
14) ОТА-ОНАНИНГ телефонларини ўзиникидан яхшироқ ва зўрроқ телефон қилиб бериш;
15) ОТА-ОНАНИНГ телефонларини пулларини тўлаб туриш;
16) ОТА-ОНА билан суҳбатлашганда «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзларни ўрнига «Ассалому алайкум!», «Лаббай?», «ДАДАЖОН?!», «ОНАЖОН?!», «Эшитаман?», «Хизматингиздаман!..», «Қулоғим сизда...», «Хизматингизга тайёрман!..», «Доим хизматингиздаман!..», «Хизматингизга доим тайёрман!..», «Амрингизга мунтазирман!..» каби ибораларни ишлатиш;
17) телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дарҳол ўчирмасдан, балки УЛАР билан хайрлашиб, ОТА-ОНАГА яхши тилаклар тилаб, ОТА-ОНА телефонларини ўчирганларидан сўнггина телефонни ўчириш мумкин; УЛАРДАН олдин телефонни ўчирмаслик;
18) ОТА-ОНА билан телефонда сўзлашганда ҳам ўрнидан тик туриб мулоқот қилинади.
ОТА-ОНАДАН телефон орқали келган хабарларни ҳам ўрнидан тик турган ҳолда ўқиш, эшитиш, кўриш лозим;
19) ОТА-ОНАГА телефонда сўзлашганда ҳам биринчи бўлиб салом берилади;
20) ОТА-ОНАГА телефон қилганда, УЛАР сўрашларидан олдин ўзининг кимлигини айтиб таништирилади;
21) УЛАРНИНГ вақтларини олмаётганлигини сўраб, узр сўрашлик;
22) ОТА-ОНАГА гудок ташланмайди;
23) агар УЛАР шундай қилган бўлишса, дарҳол УЛАРГА қайта телефон қилинади;
24) ОТА-ОНА билан телефон орқали гаплашганда ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз бошқаларга эшитиладиган даражада телефонни овозини баланд қилмаслик;
25) ОТА-ОНА билан телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо алоқа узилиб қолса, УЛАРГА биринчи бўлиб ўзимиз қайтадан телефон қилишимиз лозим;
26) телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо ОТА-ОНА телефон қилиб қолсалар, сўзлашиб турган одамни огоҳлантириб, дарҳол ОТА-ОНАГА жавоб берилади;
27) ОТА-ОНАНИНГ шахсий маълумотлари ва ОТА-ОНАДАН келган барча маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз бошқаларга кўрсатилмайди, берилмайди ва юборилмайди;
28) ОТА-ОНАНИНГ ЎЗЛАРИГА ҳам ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз турли хил маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказо)лар юборилмайди; табрикномалар – мустасно;
29) ОТА-ОНАГА айниқса тарбиявий аҳамиятга эга, илм-фанларга доир, таълимга тааллуқли бўлган ҳар қандай нарсалар юборилмайди ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз;
30) ОТА-ОНА билан телефон орқали мулоқотни телефонда ёзиб олиш учун ЎЗЛАРИНИНГ розиликлари олинади; агар рухсат бермасалар, ёзиб олмаслик; чунки ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз ОТА-ОНАНИНГ гапларини ёзиб олиб, бошқаларга тарқатиш — жуда катта хиёнат ва улкан гуноҳ ҳисобланади;
31) ОТА-ОНА билан бирга сурат ё видеога тушмоқчи бўлганда, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога тушмаслик;
32) ОТА-ОНАНИ сурат ё видеога олмоқчи бўлганда ҳам, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога олмаслик;
33) телефон орқали кўришиб гаплашиш учун ОТА-ОНАНИНГ розиликларини олишда УЛАРГА гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;
34) агар ОТА-ОНА томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;
35) агар ОТА-ОНА билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат УЛАРНИНГ ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш мумкин;
36) агар ОТА-ОНА томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хоҳиш билдирилмаса, ОТА-ОНАДАН узр сўралади;
37) ОТА-ОНА билан телефонсиз сўзлашганда, телефонни овозини ўчириб қўйилади;
38) ОТА-ОНА билан сўзлашиб турганда, бирор киши телефон қилиб қолса, аввало ОТА-ОНАДАН рухсат сўраш; агар ОТА-ОНА рухсат берсаларгина телефонга жавоб қайтарилади;
39) ОТА-ОНАГА бегона рақамдан телефон қилганда, вақтни олмасдан дарров очиқ-ойдин ва аниқ ўзини таништириш лозим;
40) бошқа одам ОТА-ОНАМИЗ рақамларини сўраса, ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз берилмайди;
41) ОТА-ОНАГА телефон қилганда, иккинчи линиядан тушиб қолган одам битта чақириқдан кейин алоқани дарҳол узиш лозим. УЛАРГА ким қидираётганини англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқлар билан суҳбатларини бузмаслик;
42) ОТА-ОНАГА қайта-қайта қўнғироқ қилавермаслик лозим. Чунки қўнғироқга жавоб бериш — у томоннинг ҳуқуқи, зинҳор мажбурияти эмас;
43) ОТА-ОНА бирорта маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўрсатиш учун телефонларини берсалар, фақат ўша маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўриш билангина чекланиш лозим. Бошқа жойларига ўтиб кетишга ҳаққимиз йўқ!;
44) агар ОТА-ОНА телефонларида нимадир кўраётган ёки излаётган бўлсалар, тикилиб турмаслик керак. ОТА-ОНАНИНГ телефонларига рухсатсиз қараш мумкин эмас!;
45) гаплашишга номуносиб пайтлар (масалан, азон айтилгандан кейин, кечанинг ярмида ёки кундузи дам олинадиган)да ОТА-ОНАГА қўнғироқ қилинмайди;
46) ОТА-ОНА қўнғироқ қилган вақтда эса, қайси пайт ва қандай ҳолатда бўлишимиздан қатъий назар, УЛАРГА хушмуомалалик билан дарҳол ва тезкор жавоб бериш зарур;
47) ОТА-ОНА билан телефон орқали суҳбатлашаётганда, демак, ОТА-ОНА маълум бир вақтларини махсус биз учун алоҳида ажратаётганликларини, биз УЛАРНИНГ вақтларини олаётганимизни, ОТА-ОНА ЎЗ ишларини қўйиб, хаёллари биз билан банд бўлиб турганларини ҳис этиб, беҳуда гаплар билан УЛАРНИНГ вақтларини беҳуда ўтказмаслик лозим;
48) ОТА-ОНА билан агар бирор узун мавзу хусусида гаплашмоқчи бўлганда, аввал ЎЗЛАРИДАН рухсат сўралади. Агар рухсат берсалар, гаплашиш мумкин. Акс ҳолда, гапни қисқа қилиш зарур. Чунки УЛАР бемалол гаплашадиган ҳолатда бўлмасликлари ҳам мумкин;
49) ҳар бир байрамларда, ОТА-ОНАНИНГ хурсандчилик кунларида УЛАРНИНГ кўнгилларини кўтарадиган тилак, расм, видео, хабар, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказоларни мунтазам юбориш лозим;
50) бирор сабаблар билан ОТА-ОНАДАН йироқда бўлиб турган инсон ҳар куни эрталаб-кечқурун ўқиш-ишга кетишдан олдин ҳамда ўқиш-ишдан келгандан кейин, УЛАРНИНГ хоҳишларини инобатга олган ҳолда ОТА-ОНАСИГА телефон қилиб ёки ёзма равишда “Хайрли кун!”, ”Хайрли тун!” тилаб, ҳақларига чиройли, яхши дуолар қилиб, УЛАРНИНГ ҳол-аҳволларини сўраб, “Менга нима хизматлар буюрасиз?” деб, айтган хизматларини мукаммал, виждонан, ОТА-ОНА айтганларидай ва ОТА-ОНА истаганларидай чиройли адо этиб, УЛАРНИНГ бетакрор, бебаҳо ва беқиёс дуоларини олиш лозим.
МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ
ўзларимизни ҳам,
фарзанд-зурриётларимизни ҳам
ЎЗИ буюрган,
Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙҲИССАЛОМ тавсия этган,
ўтмишда ЎТГАНЛАРИМИЗНИНГ руҳлари шод бўладиган,
ХАЛҚИМИЗ хурсанд бўладиган,
ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон домла Иномов
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси