Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида Фатво маркази уламолари томонидан тайёрланган “Фатволар тўплами” китобининг 3-жузи нашр этилди.
Китобда юртдошларимиз томонидан энг кўп сўралган саволларга жавоблар акс этган. Мазкур асар содда услубда, ҳанафий мазҳабимиздаги мўътабар фиқҳий манбаларга асосланган ҳолда тайёрланган.
Ушбу китобдан ақида, таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж-умра, қурбонлик, савдо-сотиқ, ижара, никоҳ, қасам, назр, эмизиш, талоқ, мерос, таъқиқ ва рухсатлар, тиб, Ислом тарихи, Қуръон, зикр, фазилатли амаллар каби мавзулардаги қизиқарли саволларга батафсил жавоб топишингиз мумкин.
Китобнинг ҳажми: 584 бет;
Муқоваси: Қаттиқ, зарҳал
Нашриёт: “Shamsiddinxon Boboxonov” NMIU
Улгурчи олувчилар мурожаат қилишлари учун:
+998917806633
@fatvo_reception
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ