Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Август, 2026   |   3 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:05
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:19
Шом
19:25
Хуфтон
20:49
Bismillah
16 Август, 2026, 3 Рабиъул аввал, 1448

Сафар ойида тўй қилса, сафарга чиқса бўлади(ми?)

15.07.2026   29358   2 min.
Сафар ойида тўй қилса, сафарга чиқса бўлади(ми?)

Сафар ойи қандай ой?

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича (муҳаррамдан кейинги) йилнинг иккинчи ойидир.

Сафар қандай маънони англатади?

Бу ой мевалар ғарқ пишиб, барглар сарғайган вақтга тўғри келгани учун сафар صفر – “сариқ ой” деб номланган. Агар сафар сўзидаги “сод (ص)” ҳарфи “син (س)” билан ёзилса “сафарга чиқмоқ”деган маънони англатади.

Сафар ойи Исломдан олдинги жоҳилият даврида.

Жоҳилият даврида “Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди, оила қуриб бўлмайди” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирор ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, қайтадан учириб кўришар эди.

Ислом дини келгандан кейин сафар ойи – “Яхшилик ойи” деб номланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ”, дедилар.

Сафар ойи тўғрисидаги турли бидъат-хурофотлар рад этилди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари экани эълон қилинди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ойини қандай ўтказганлар?

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридаги “Масжидун Набавий”масжидларини сафар ойида қурганлар.

2. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга сафар ойида никоҳлаганлар.

3. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар.

Демак, бу ойда янги иш бошлаш, оила қуриш ва сафарга қилиш жоиз экан.

Аммо, ҳозирги кунда…

Афсуски, бугунги кунда ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар тез-тез учраб туради. Уларнинг ҳеч қандай асоси йўқ экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва суннатларидан маълум бўлди.

Энг муҳими – бандага етадиган мусибат бирор ойга боғлиқ бўлмайди. Балки ҳар бир яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг изни билан содир бўлади. Тақдирга иймон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билмоғи лозим. Аллоҳ таоло: (Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга иймон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло ақидамизни мустаҳкам, ҳидоятида бардавом қилсин. Сафар ойини барчамиз учун хайрли ва баракали бўлишини насиб этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   15598   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ