Анъанавий дипломатия кўпинча манфаатлар мувозанати, музокара ва битимлар тилида сўзлайди. Маданий дипломатия санъат, адабиёт ва тарих орқали мамлакат ҳақида ижобий
тасаввур уйғотади. Диний-маърифий дипломатия эса янада нозик омилга — инсоннинг эътиқоди, у муқаддас деб билган қадриятлар ва тарихий хотирасига таянади.
Ўзбекистоннинг таҳлиллар туфайли кўзга ташланаётган бу янги модели исломни зўравонлик билан тенглаштирувчи ташқи стереотипларга илмий далил билан жавоб бериши, бузғунчи талқинларга қарши маърифий майдон яратиши, турли дин ва маданият вакилларини инсон қадри, билим, виждон эркинлиги, тинчлик ва масъулият атрофида бирлаштириши мумкин.
Шавкат Мирзиёев мазкур сиёсатнинг ғоявий ташаббускори. Президент илгари сураётган "Жаҳолатга қарши маърифат" ғоясининг асосий тамойиллари БМТнинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" резолюциясида халқаро даражадаги сиёсий-ҳуқуқий ифодасини топди. Бу ёндашув терроризм ва экстремизмнинг оқибатларига эмас, уларни озиқлантирадиган барча омилларга қарши курашишни назарда тутади.
Президент "диний-маърифий дипломатия" институтининг бунёдкори сифатида ўртага чиқди. Унинг ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа илмий муассасаларнинг ташкил этилиши, тарихий мажмуаларнинг қайта тикланиши, қўлёзмалар ва илмий мактабларга эътибор янгича интеллектуал инфратузилмани шакллантирди
Шунда Ўзбекистоннинг диний-маърифий дипломатияси дунёнинг бугунги муаммоларига холис ечим таклиф этадиган омилга айланмоқда.
Ҳабибулло Садибақосев ,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори, профессор
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати