Йилдан йилга Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган маърифат, бағрикенглик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ғоялари айнан шу мақсадга йўналтирилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда тўрт кун давомида бўлиб ўтган Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми бу борада юртимизда илгари сурилаётган эзгу тамойилларнинг амалий ифодаси ўлароқ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом олами ҳаётида муҳим воқеага айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этган ушбу анжуман иштирокчиларига мурожаат этар экан:
– Бугунги кунда дунё чуқур ва шиддатли ўзгаришлар даврини бошидан кечирмоқда. Инсоният фан ва технологиялар соҳасида мислсиз ютуқларни қўлга киритмоқда, айни вақтда жиддий синов ва муаммоларга ҳам дуч келмоқда: можаролар ва ўзаро ишончсизлик кучаймоқда, бузғунчи мафкуралар, тоқатсизлик, экстремизм, исломофобия кўринишлари кенг тарқалмоқда. Маданиятлар, динлар ва цивилизацияларни бир-бирига қарши қўйиш, турли халқларнинг урф-одат ва анъаналари ўртасида зиддият келтириб чиқаришга уринишлар авж олмоқда.
Бундай мураккаб вазиятда азалдан башариятнинг тинч-тотув ҳаёти, ҳамжиҳатлик ва маърифатга интилиши, тадрижий ривожланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиб келган эзгу тушунчалар, жумладан, исломий қадриятлар алоҳида аҳамият касб этади. Барчамизга аёнки, бу қадриятлар асрлар давомида илмий тараққиёт, маданий юксалиш ва маънавий камолотнинг қудратли манбаи сифатида жаҳон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва умуминсоний мероснинг ажралмас қисмига айланган, – дея фикр билдирди. Дарҳақиқат, ўн тўрт асрдан зиёдроқ вақт ўтяптики, Ислом нафақат диний таълимот, балки инсониятнинг олам ва одам ҳақидаги дунёқарашини тубдан ўзгартириб, илмий-маърифий тараққиётга беқиёс ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ислом тамойиллари асосида математика, астрономия, геодезия, тиббиёт, кимё, тарих, фалсафа, калом, фиқҳ, ҳадисшунослик юксак чўққиларга кўтарилди, бу йўналишларда минглаб олимлар улкан оламшумул кашфиётларни амалга оширдилар. Бу ютуқлар замирида, энг аввало, Исломнинг илм-фанга, маърифатга бўлган муносабати ётади. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ўзининг муқаддас китобида илм ва олимларни улуғлаб, шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” (Мужодала сураси, 11-оят)”. Бу бежиз эмас, албатта, чунки инсоният тараққиётини илму фан ривожисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, мамлакатимизда кейинги ўн йилликда Ислом маданияти, цивилизациясига жуда катта эътибор қаратилди ва қаратилмоқда.
Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми юксак даражада бўлиб ўтди. Анжуман юртимизнинг азалдан илму фан бешиклари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Термиз каби тарихий шаҳарларида ўтказилиши ундан кўзланган маърифий руҳни янада теранлаштирди. Жаҳон тамаддунининг қадимий ўчоқлари бўлган бу шаҳарларда асрлар давомида минглаб олиму фузалолар етишиб чиққан ва ўзига хос илмий мактабларни шаклланишига ҳисса қўшган. Юртимиз алломалари томонидан амалга оширилган оламшумул кашфиётлар инсоният тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Уларнинг эзгу ғоялари ва кашфиётлари жаҳон цивилизациясининг ажралмас бир қисми сифатида эътироф этилган ва бугун ҳам шундай бўлиб қолмоқда. Анжуман иштирокчилари ҳам буни чин дилдан ҳис қилдилар ва буни ўзларининг Юртбошимизга қилган мурожаатларида акс эттириб шундай эътироф этдилар:
– Мазкур тарихий воқеа ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини янгича талқин ва тарғиб этишда халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш учун кенг имкониятлар яратди ҳамда Янги Уйғониш даври – Учинчи ренессанснинг интеллектуал ва маънавий асосларини барпо этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ушбу ташаббус замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга узоқни кўзлаб, вақтида берилган таъсирчан жавоб бўлганини ҳам бугун биз чуқур идрок этмоқдамиз. Дунёнинг турли ҳудудларида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини бузиб кўрсатиш, маданият ва цивилизацияларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, шунингдек, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган буюк ҳиссасини камситишга уринишлар кузатилаётган бир пайтда Сиз маърифат, илмий тафаккур, тарихий ҳақиқатга эҳтиром ҳамда ислом цивилизациясининг ҳаққоний меросини жаҳон ҳамжамиятига қайта тақдим этишга асосланган бунёдкорлик йўлини таклиф қилдингиз.
Форум иштирокчиларининг бу эътирофи мамлакатимизда диний бағрикенглик ва Ислом цивилизациясининг бой меросини кенг кўламда ўрганиш, жаҳон афкор оммасини ҳам бу қутлуғ ишга жалб этиш, бугунги мураккаб глобал ўзгаришлар даврида ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириш ва инсониятнинг маънавий, маданий ва интеллектуал соҳадаги ютуқларини тинчликка йўналтириш орқали башарият учун курраи заминда фаровон ҳаёт барпо этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг нақадар улуғворлиги ва келажакни кўзлаб амалга оширилаётганини янада яққол намойиш этди. Биз бу анжумандан ўзимизга хулоса чиқариб, унда илгари сурилган эзгу ғояларни ҳаётимиз ҳар бир жабҳасининг ажралмас бир қисми сифатида ўрганиш, асраб-авайлаш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратишимиз зарурлигини яққол ҳис этдик.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом хатиб ўринбосари
Уламолар кенгаши аъзоси
Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди.
Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.
Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати