Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Эзгу мақсадлар жам бўлган анжуман

20.07.2026   26636   5 min.
Эзгу мақсадлар жам бўлган анжуман

Йилдан йилга Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган маърифат, бағрикенглик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ғоялари айнан шу мақсадга йўналтирилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
 

Мамлакатимизда тўрт кун давомида бўлиб ўтган Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми бу борада юртимизда илгари сурилаётган эзгу тамойилларнинг амалий ифодаси ўлароқ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом олами ҳаётида муҳим воқеага айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этган ушбу анжуман иштирокчиларига мурожаат этар экан:


– Бугунги кунда дунё чуқур ва шиддатли ўзгаришлар даврини бошидан кечирмоқда. Инсоният фан ва технологиялар соҳасида мислсиз ютуқларни қўлга киритмоқда, айни вақтда жиддий синов ва муаммоларга ҳам дуч келмоқда: можаролар ва ўзаро ишончсизлик кучаймоқда, бузғунчи мафкуралар, тоқатсизлик, экстремизм, исломофобия кўринишлари кенг тарқалмоқда. Маданиятлар, динлар ва цивилизацияларни бир-бирига қарши қўйиш, турли халқларнинг урф-одат ва анъаналари ўртасида зиддият келтириб чиқаришга уринишлар авж олмоқда.


Бундай мураккаб вазиятда азалдан башариятнинг тинч-тотув ҳаёти, ҳамжиҳатлик ва маърифатга интилиши, тадрижий ривожланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиб келган эзгу тушунчалар, жумладан, исломий қадриятлар алоҳида аҳамият касб этади. Барчамизга аёнки, бу қадриятлар асрлар давомида илмий тараққиёт, маданий юксалиш ва маънавий камолотнинг қудратли манбаи сифатида жаҳон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва умуминсоний мероснинг ажралмас қисмига айланган, – дея фикр билдирди. Дарҳақиқат, ўн тўрт асрдан зиёдроқ вақт ўтяптики, Ислом нафақат диний таълимот, балки инсониятнинг олам ва одам ҳақидаги дунёқарашини тубдан ўзгартириб, илмий-маърифий тараққиётга беқиёс ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ислом тамойиллари асосида математика, астрономия, геодезия, тиббиёт, кимё, тарих, фалсафа, калом, фиқҳ, ҳадисшунослик юксак чўққиларга кўтарилди, бу йўналишларда минглаб олимлар улкан оламшумул кашфиётларни амалга оширдилар. Бу ютуқлар замирида, энг аввало, Исломнинг илм-фанга, маърифатга бўлган муносабати ётади. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ўзининг муқаддас китобида илм ва олимларни улуғлаб, шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” (Мужодала сураси, 11-оят)”. Бу бежиз эмас, албатта, чунки инсоният тараққиётини илму фан ривожисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, мамлакатимизда кейинги ўн йилликда Ислом маданияти, цивилизациясига жуда катта эътибор қаратилди ва қаратилмоқда.


Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми юксак даражада бўлиб ўтди. Анжуман юртимизнинг азалдан илму фан бешиклари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Термиз каби тарихий шаҳарларида ўтказилиши ундан кўзланган маърифий руҳни янада теранлаштирди. Жаҳон тамаддунининг қадимий ўчоқлари бўлган бу шаҳарларда асрлар давомида минглаб олиму фузалолар етишиб чиққан ва ўзига хос илмий мактабларни шаклланишига ҳисса қўшган. Юртимиз алломалари томонидан амалга оширилган оламшумул кашфиётлар инсоният тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Уларнинг эзгу ғоялари ва кашфиётлари жаҳон цивилизациясининг ажралмас бир қисми сифатида эътироф этилган ва бугун ҳам шундай бўлиб қолмоқда. Анжуман иштирокчилари ҳам буни чин дилдан ҳис қилдилар ва буни ўзларининг Юртбошимизга қилган мурожаатларида акс эттириб шундай эътироф этдилар:


– Мазкур тарихий воқеа ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини янгича талқин ва тарғиб этишда халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш учун кенг имкониятлар яратди ҳамда Янги Уйғониш даври – Учинчи ренессанснинг интеллектуал ва маънавий асосларини барпо этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.


Ушбу ташаббус замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга узоқни кўзлаб, вақтида берилган таъсирчан жавоб бўлганини ҳам бугун биз чуқур идрок этмоқдамиз. Дунёнинг турли ҳудудларида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини бузиб кўрсатиш, маданият ва цивилизацияларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, шунингдек, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган буюк ҳиссасини камситишга уринишлар кузатилаётган бир пайтда Сиз маърифат, илмий тафаккур, тарихий ҳақиқатга эҳтиром ҳамда ислом цивилизациясининг ҳаққоний меросини жаҳон ҳамжамиятига қайта тақдим этишга асосланган бунёдкорлик йўлини таклиф қилдингиз.


Форум иштирокчиларининг бу эътирофи мамлакатимизда диний бағрикенглик ва Ислом цивилизациясининг бой меросини кенг кўламда ўрганиш, жаҳон афкор оммасини ҳам бу қутлуғ ишга жалб этиш, бугунги мураккаб глобал ўзгаришлар даврида ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириш ва инсониятнинг маънавий, маданий ва интеллектуал соҳадаги ютуқларини тинчликка йўналтириш орқали башарият учун курраи заминда фаровон ҳаёт барпо этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг нақадар улуғворлиги ва келажакни кўзлаб амалга оширилаётганини янада яққол намойиш этди. Биз бу анжумандан ўзимизга хулоса чиқариб, унда илгари сурилган эзгу ғояларни ҳаётимиз ҳар бир жабҳасининг ажралмас бир қисми сифатида ўрганиш, асраб-авайлаш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратишимиз зарурлигини яққол ҳис этдик. 


Алишер домла Наимов, 
Фарғона вилояти бош имом хатиб ўринбосари

Уламолар кенгаши аъзоси

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

19.08.2026   77541   2 min.
Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.

Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.

Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.

Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари